Испания чет элликларга “олтин виза” беришни бекор қилмоқчи
Испания ҳукумати кўп минг долларлик инвестициялар эвазига хорижликларга олтин визалар — яшаш учун рухсатномаларни беришни бекор қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда журналистларга мамлакат бош вазири Педро Санчес маълум қилди.
“Биз 500 минг евродан ортиқ кўчмас мулкка сармоя киритган хорижликларга яшаш учун рухсатнома берувчи олтин виза деб аталадиган ҳужжатни бекор қилмоқчимиз”, — деди ҳукумат раҳбари.
2022 йилда Испания инвесторларга 2,4 мингдан ортиқ шундай рухсатнома берди, бу 2021 йилга нисбатан деярли 60 фоизга кўпдир. Умуман олганда, механизм кучга кирганидан бери 11 мингдан ортиқ “олтин виза” тақдим этилган.