Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (74-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (74-қисм)

— Пиёда кетамизми? — дея сўради Малоҳат.

— Пиёда, — деб жавоб берди Фазлиддин.

— Совқотмайсизми?

— Йўқ.

— Яна озгина концерт кўрсак бўларди.

— Ҳамма нарсанинг ҳам ози ширин.

— Розиман.

— Нега дарров?

— Билмадим. Сизга бўйсунишга қасам ичганман.

— Кимга?

— Ўзимга.

Фазлиддин кулди. Унга Малоҳат ҳам қўшилди. Ресторан ичкарисидан эса машҳур хонанданинг овози эшитилди.

Малоҳат Фазлиддинга қаради. Бу қўшиқни бизда отарчилар алмойи-алжойи қилиб айтишади. Лекин шундаям, ҳамма даврага чиқиб кетади, демоққа оғиз жуфтлади. Лекин айтмади. Чунки барибир қайтиб киришмайди. Фазлиддин киришни истамайди.

— Бахтли бўлармикан? — дея сўради Малоҳат улар бироз юрганларидан кейин.

— Тақдир. Ажабмас.

— Барно қийналмасмикан?

— Осон бўлмаса керак. Гап фақатгина уйнинг борлиги, пулнинг кўплиги ва турмуш ўртоғининг амалдорлигида эмас. Ҳаётнинг паст-баландлари жуда кўп. Ҳозирданоқ бу билиняпти. Назаримда, куёв томондан жуда оз одам келган. Агар келган бўлса. Шунинг ўзиёқ дастлабки синовларнинг бошланиши. Иккинчи томондан, бировларни муҳокама қилиш сиз билан менга эмас. Бизни ҳам етарлича синовлар кутиб турибди. Синовлар… — деб Фазлиддин бироз гапиришдан тўхтади, сўнг: — бошланган ҳам. Менинг анави цехни очишим шу синовнинг боши бўлса керак, — деди.

— Афсусдамисиз?

— Фойдаси йўқ. Милтиқдан отилган ўқ яна қайтиб жойига жойлашмайди. Аммо бошқа режалар ҳам пайдо бўляптики, тез орада шулар билан шуғулланиб кетсам керак.

— Ҳой, йигит, сал нафас олиб-нафас олиб янги иш бошланг. Бирининг охирига етмай туриб, иккинчисини бошлаб юборсангиз, кейин сизни мен тугул, бошқалар ҳам кўра олмай қолади.

— Сиз ҳақсиз, лекин қилиш керак. Чунки умр ўтиб кетяпти.

Малоҳат бирдан қиқирлаб кулиб юборди.

Фазлиддин ажабланиб унга қараб қўйди. Малоҳатнинг кулишдан тўхташини кутди. Қиз кулиб бўлганидан кейин эса яна унга қараб қўйди.

— Жуда ёшсиз-ку, Фазлиддин ака. Нега умр ўтиб кетяпти, дейсиз? — дея ўпкаланиб сўради Малоҳат.

— Умуман олганда, шундай, аммо барибир, қандайдир тез. Сира улгура олмаяпман. Мени ҳамиша бир нарса қийнайди. Биров бир марта автобусда кетаётганимизда, бизни химия билан физика олиб кетяпти, деганди. Бу шунчаки оддий гап бўлиши мумкин. Аммо унга чуқурроқ қарасангиз, жуда кўп нарсалар бор унинг замирида…

— Тўхтанг, тўхтанг. Яна сиз фанга қараб кетяпсиз. Мен эса кеча-ю кундуз фақат ўй-хаёллар билан юришингизни, узлуксиз китоб варақлашингизни ва ундан кейин билганларингизни лабораторияда синаб кўришингизни истамайман. Унақада, миянгизда бўш жой қолмайди. Айтайлик, музқаймоқ ейиш керак, деган нарсани ўйлаш учун…

— Эй, тўғри айтдингиз. Музқаймоқ егани бормаймизми?

— Йў-ў-қ, кеч бўлиб қолди. Ундан кейин ўзингиз кечки пайт мутлақо юриб бўлмай қолди, дегандингиз-ку.

— Малоҳат, нега ҳамиша мен сизга ютқазиб қўявераман?

— Қачон ютқаздингиз?

— Ҳозир. Бормаймиз, дедингиз, кўндим.

— Ҳимм. Унақамас. Бу ютқазишга кирмайди. Агар яна бир нима десангиз, хўп, деб мен кўниб кетавераман.

— Кўнмаганингиз яхши. Чунки индамасангиз, мен ҳар бало деявераман. Бир хил пайтлари ўзим айтган нарсаларни ўзим қиламан, деб тинкам қуриб кетади.

Малоҳат яна жилмайиб қўйди. Шу зайилда гаплашиб кетиб боришаркан, уларга ётоқхонага жуда тез етиб қолишгандай туйилди.

— Оббо, шу беш-олти километр наридаги бирорта ресторанда тўй қилишганида борми? — деди Фазлиддин норози бўлиб.

— Яна ўзингизнинг гапингиз: асалниям ози ширин.

— Яна ўзимнинг гапим.

— Уйга тезроқ боринг. Ҳеч нимани ўйламанг. Ухланг. Дам олинг. Биламан, эртага ҳам қанчадан-қанча ишни режалаштириб қўйгансиз. Уларга улгуришингиз учун дам олган бўлишингиз керак.

— Ҳа. Тўғри. Унда хайр.

Малоҳат ётоқхонага кириб кетганидан кейингина Фазлиддин ортига қайтди. Энди унинг юриши жуда оғир кечди. Ҳақиқатан ҳам толиққан экан, оёғининг сира юргиси келмасди. Ахир, бомдодга турганидан бери деярли ўтирмади. Агар дарс пайтини ҳисобга олмаганда. Бунинг устига, кўзи ҳам юмилиб кетяпти. Бироқ юриш керак. Масофа унчалик ҳам олис эмас. Бироқ шу олис бўлмаган масофа ҳам унга жуда узоқдай туйилди…

Эрталаб унга Фахриддин идишларга солиш учун шампунь йўқлигини айтди. «Ўзи кеча пешиндан кейин тугаб қолганди. Лекин сени топиб бўлмади. Шунинг учун ишчиларга жавоб бериб юбордим», деди у.

Фазлиддин нонуштага бор-йўғи ўн дақиқагина сарфлади. Сўнг акасига ҳам қарамасдан цехга йўл олди. У ўзи сабаб ишнинг тўхтаб қолишини сира истамасди…

Икки соат тиним билмади. Шу икки соатда тўрт тонна маҳсулот тайёрлади. Буниси икки кунга бемалол етади. Албатта, дастгоҳ ярим кунда ҳаммасини тинчитиб ташлаши мумкин. Бироқ ҳаддан зиёд кўп маҳсулот ишлаб чиқаришни Фазлиддин истамайди. Маҳсулотнинг етиб-етмай тургани маъқулроқ унинг учун…

У ишни битириб, университетга кетмоқчи эди. Бироқ Любовь Николаевна чақириб қолди.

У цех дарвозаси ёнида турган экан. Ҳар доимгидан ҳам кўпроқ бўяниб олибди. Яна сумкачасини тирсагига илиб олган.

— Нима гап, Муҳаббат опа? — дея сўради Фазлиддин ҳайрон бўлиб.

— Сен бир нарсани эсингдан чиқаряпсан, — дея жилмайди Любовь Николаевна.

— Нима экан у? — деди Фазлиддин ҳайрон бўлиб.

— Машина.

— Машина? — дея пешонасини тириштирди Фазлиддин.

— Ҳа. Машина. Эсингда бўлса, битта «Жигули»га буюртма қилгандик. Горторгга.

— Хўп.

— Ўша келибди. Сен бир ой олдин ҳайдовчилик гувоҳномасини олгандинг. Энди мен билан бирга бориб, ўша машинани миниб келасан.

— Пулини тўламаганмиз-ку.

— Тўлаганмиз. Бугун тўладик. Мен эрталабдан Наташани банкка югуртирдим. У бориб тўлаб келди.

— Бунча тез?

— Машинамиз бўлишини истадим. Ҳали битта «Газ-53» ҳам ваъда қилишган. «Жигули»ни олиб келайлик, ана ундан кейин райком секретарининг бўйнидан оламан. У аралашмаса, юк машинасини беришлари қийин бўлади.

— Мен университетга бормоқчийдим. Бўпти, майли. Бугун шундоқ ҳам иккита дарсни ўтказиб юбордим. Лекин пешиндан кейингиларига улгуришим шарт.

— Улгурасан.

Муҳаббат опа илгари бундай ишларни кўп қилганлиги боис, ҳозир ҳам ҳамма ҳужжатларни тайёрлаб олган экан. Шунинг учун «Горторг»нинг базасидан машинани олиб чиқишлари унақа қийинчилик туғдирмади.

Фазлиддин автомактабда ўқиб юрган кезлари машина ҳайдашни анча машқ қилганди. Бироқ, барибир, уни ҳаяжон босди. Бахтига, йўлда машиналар жуда оз эди. Шу боис омон-эсон ишхонагача келиб олишди.

— Энди, — деди Муҳаббат опа, — машинани ўзинг миниб юр. Ташкилотимизнинг обрўси учун.

— Яхшиси, бирорта ҳайдовчи олсак бўларди. Сизнинг юришингиз кўп. Банкка борасиз-келасиз. Бу ёғи уйингизга бориб келишингиз бор. Мен бўлсам ёшман. Ҳозирдан…

— Шошма, шошма, — дея уни гапиришдан тўхтатди Любовь Николаевна, — менинг бошқа ниятим бор.

— Нима экан?

— «Москвич» оламиз. Ҳозир худди бизга ўхшаб фойда билан ишлаётган ароқ заводи бор экан. Демак, бизнинг тилимиз узун. Шартта беринглар яна битта, деймиз. Улар билан гаплашишни эса менга қўйиб бер. Ундан кейин сенга менинг бошқа илтимосим бор. Буниси шахсий бўлгани учун айтолмай турибман.

— Бемалол.

— Менга хушомад қилиб юрган бир одам бор, — дея кўзларини ерга қаратди Муҳаббат опа.

Фазлиддин кулди ва унга тикилди.

— Юра. Ёшимиз тенг. Бирга мактабда ўқиганмиз. Яқинда хотини ўлди. Хотини борлигида ҳам дўстона гаплашиб юрардик. Шўринг қурғур: «Умримиз қанча қолганини билмаймиз. Кўпроқ вақтни бирга ўтказайлик», дейди. Бу гапларни мен сенга худди яқин кишимдай бўлиб қолганинг учун айтяпман. Наташага гапирмадим. Гарчи у қизим бўлса ҳам, отасини ўлгудай яхши кўрарди. Айтмоқчиманки, «Москвич»ни Юра ҳайдаса… Ҳозир ўзининг «Запорожец»и бор. Аммо… Кейин уни ишга олиб қўйсак.

— Мен розиман. Тамом. «Жигули»ни эса эртадан бошлаб ҳайдайман. Ҳозирча шу ерда турсин. Мен уйим олдидаги гаражлардан бирортасини гаплашай. Ҳозир, биласиз, кўчада машинани қолдириб бўлмайди. Айниқса, янгисини…

— Ҳа, тушунаман.

— Унда мен кетдим.

У қоронғи тушгунича университетда қолиб кетди. Аниқроғи, лабораторияда. Ўзи ихтиро қилган янги елим устида ишлади. Бу елим шундай хусусиятга эга эдики, тошларни ҳам бир-бирига ёпиштиради. Ундан кейин худди лакдай ялтирайди… Ихтиронинг формуласида у бироз адашган экан. Шу боис сира ўйлаган натижасига эриша олмади. Бунга сайин диққати ошди. Қайта-қайта лабораторияда ишни амалга оширишга ҳаракат қилаверди. Вақт эса шиддат билан ўтиб, қоронғи тушиб қолди. Факультет қоровули келди. «Мен эшикларни ёпаман, ишингни тўхтат, кет. Бўлмаса, мен факультет деканидан гап эшитаман», — деди.

Фазлиддин уни-буни баҳона қилиб кўрди. Аммо ўжар қоровул гапида туриб олди…

У оч эди. Бироқ овқатланишдан олдин тўғри Малоҳатнинг ёнига борди. Ахир янгилик бор. У машина сотиб олган. Озгина мақтаниши керак эди. Бироқ Малоҳат ёнига келганидан кейин машина ҳақида гапиришни унутиб:

— Оҳ, кимдир ош қиляпти, — деб чуқур нафас олди.

— Нима, сиз ҳали кечки овқатни… Тўхтанг. Тушлик қилганмидингиз? — дея киприкларини пирпиратиб сўради Малоҳат.

— Нима десам экан, ҳалиги…

— Қилмагансиз. Сизни биламан, бир ишга берилсангиз, ҳамма нарсани унутасиз. Юринг бизнинг хонага.

— Йўқ. Ноқулай.

— Унда, ана, бозорчага борамиз.

— Кетдик.

Бу пайтда бозорча жуда гавжум бўлади. Айниқса, ичида қанд катталигидаги думбаси бўлган бир сўмлик сомса роса учади. Уни ҳамма ея олмайди. Кўпинча «юридический»нинг йигитлари сотиб олишади. Шуларнинг ўзиёқ сомсаларни талаб ташлашади.

Фазлиддин шуни режалаштирди. Тўрттагина олса, учтасини ўзи ейди. Биттасини Малоҳатга беради. Малоҳат барибир емайди. Кўчадан овқат ейишни ёмон кўради. Махсус қаҳвахоналар бўлса бошқа. Бироқ бу бозорчанинг овқатларини унчалик ҳам ёқтирмайди. Бир сафар унинг ўзи шундай деган. Сабаби ётоқхонадагилар «ёмон» дейишган эмиш.

У тўрт сўмга тўртта сомса олди. Биттасини Малоҳатга тутқазди. Иккинчисини ўзи қўлига олиб, энди бир тишлаган эди ҳамки, бозор ичкарисида тўс-тўполон бошланиб кетди…

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: