Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (75-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (75-қисм)

Бозорга ёшлари йигирма-ўттиз оралиғидаги бир гуруҳ барзангилар бостириб кирган ва улар дуч келган нарсаларни ерга ағдариб кетишмоқда эди. Фазлиддин яхши кўрадиган сабзи салатлар, помидор, бодринглар, нонлар ва улар бир неча лаҳза олдин сотиб олган сомсалар тупроққа қориша бошлади. Савдогарлар жон ҳолатда айюҳаннос солишар, аммо уларнинг бақир-чақирларига биров эътибор бермас эди.

— Кетайлик, — деди Малоҳат шоша-пиша Фазлиддиннинг қўлидан тортиб, — кетайлик. Илтимос!

Қўллари мушт бўлиб тугилган Фазлиддин босқинчиларга нафрат билан тикилиб турар ва улар билан олишишга тайёр эди. Малоҳат худди шу нарсани сезди ва уни тортқилашга тушди.

Фазлиддин унга эргашди ва шу бўйи ётоқхона ёнига боргунларича ўзига келолмади.

— Тўғриси, нима бўлаётганига тушунмадим. Лекин милиция бўлиши керак эди-ку. Унинг идораси шундоққина бозорчанинг ёнгинасидаги тўққиз қаватли ётоқхонанинг биринчи қаватида эди. Ҳар куни худди мана шу пайт улар бозорча атрофида юришарди. Аммо улар йўқ, — дея Малоҳат азбаройи Фазлиддинни жаҳлдан туширишга уринарди.

— Ҳа, — деди бирдан сергак тортган Фазлиддин, — атайлабдан уюштирилганга ўхшайди.

— Кетганимиз яхши бўлди. Сиз… Сиз енг. Емадингиз биттасиниям. Совиб қолади сомса. Балки, менинг хонамга чиқармиз. Салима опа бор. Шу ерда гаплашиб ўтирамиз. Баҳонада сиз қорнингизни тўйғазиб оласиз. Мен чой дамлаб бераман. Кейин янги ихтироларингизни гапириб берасиз, — деди Малоҳат ялинчоқлик билан.

Илло, ҳозир у Фазлиддинни қўйиб юборишни истамасди. Одатда, Фазлиддин тушкун кайфиятда бўлса, биров билан гаплашмас, ёлғиз қолишни тусаб қоларди. Буни Малоҳат биларди.

— Мен борай. Тўғри уйга бораман.

— Йўқ. Ҳозирча шу ерда бўлиб туринг. Милицияни яхши биласиз. Сайил ўтгандан кейин келади. Улар кимнидир айбдор қилишлари керак-ку. Сиз, барибир, бозорчанинг ёнидан ўтасиз. Юринг, илтимос, шу сафар гапимни ерда қолдирманг.

Фазлиддиннинг юзида табассум пайдо бўлди. У Малоҳат билан унинг хонасига борди. Бироқ қизнинг хонадоши йўқ эди. Шу боис уларнинг иккиси битта хонада ўтиришлари мумкин эмасди. Малоҳат чиқиб, бошқа бир дугонасини бошлаб келди. Қизнинг исми Намуна. У ҳам водийлик. Марғилондан. Истаралигина. Ҳамма нарсага қизиқувчан ва жуда кўп гапирадиган қиз. У Фазлиддин тўғрисида кўп эшитганди. Гаплашишни орзу қилиб юрарди. Унинг ўзи билан дуч келганидан кейин эса… Йўқ, у илгари ҳам дуч келган. Пастда. Фазлиддин Малоҳат билан гаплашиб турганида. Бироқ у пайтда гаплашишга ҳадди сиғмаган.

— Сиз яшаш жуда осон, деган экансиз, — деди Намуна салом-алик ва ундан кейинги бир қанча гаплардан сўнг, — нимага шундай дегансиз?

— Ҳақиқатан ҳам осон. Бунинг учун бир нарсага амал қилинса бўлди, — деб жавоб берди Фазлиддин.

— Нима экан ўша бир нарса? — дея сўради яна Намуна чаққонлик билан.

— Нафс. Нафсни тийиш керак.

— Мен, масалан, бугун жуда оз едим…

— Нафс дегани фақат овқат эмас. Одамнинг хоҳиш-истаклари — ҳаммаси нафс.

— Сиз нега шу нарсага амал қилмайсиз?

— Қаердан билдингиз буни? — деб ҳайрон бўлиб сўради Фазлиддин. Малоҳат эса Намунага ёмон қараб қўйди.

— Масалан, сиз шампунь ишлаб чиқарасиз, тўғрими? Демак, ҳозир бой одамсиз. Ўша бойликларингиздан воз кеча оласизми?

— Ҳа. Аммо бошқа томондан яна бошқа нарсалар оқиб келаверади.

— Хўп, майли. Малоҳатга бўлган қизиқишингиз ҳам нафсингизнинг маҳсулими?

Фазлиддин жавоб беришдан олдин Малоҳатга қаради. Малоҳат эса шу заҳоти бошини эгди ва дугонасига юзланиб:

— Намуна, қўйсангиз-чи шундай нарсаларни! Ундан кўра, куни кеча Навоий ғазалларини ёд олмаганингиз ва бунинг учун дакки эшитганингизни гапириб беринг.

Намуна бирдан қизарди. Бурнини тортиб қўйди.

— Ўртоқ, шуни ҳозир айтмасангиз бўларди, — деди норози бўлиб.

— Ўзингиз ҳам ўтлаб кетманг-да, — дея кулди Малоҳат.

— Унда мен кетаман.

— Йўқ, Фазлиддин акам сизга заказ сомса олиб келган. Кўп гапирмасдан, шунинг битасини енг демоқчийдим, аслида.

Намуна зўрма-зўраки кулди.

Фазлиддин кўп ўтирмади. Қорни тўйиши билан қўлини дуога очди. Уни Малоҳат кўчага кузатиб чиқди.

— Аслида, — деди Фазлиддин ҳовлига чиққанларидан сўнг нега келганлиги ёдига тушиб, — мен сизга битта янгилик айтмоқчи бўлиб келгандим.

— Нима экан? — дея жилмайди Малоҳат.

— Мен машина олдим.

— Йўғ-э! — деди шу заҳоти қувончдан кўзлари порлаган Малоҳат. — Қанақа машина?

— «Жигули». Оқ. Янги.

— Зўр-ку!

— Ҳа. Лекин уни менинг нафсим хоҳламади.

— Қўйинг Намунанинг гапларини. Сизга керак эди.

— Анави Муҳаббат опа — бухгалтер ҳам шундай деди. Мендан берухсат пул ўтказиб, Горторгга босим ўтказиб, олибди. Индаёлмадим.

— Тўғри қилибди. Миниб келмадингизми?

— Йўқ. Кейинроқ. Ҳали ўзим мослашолмадим. Ҳайдашга ҳайдаяпман, лекин машина ҳайдаб юришим қандайдир ғалати туйиляпти.

— Ғалати жойи йўқ. Эртага албатта мининг, хўпми?

— Хўп.

Бироқ Фазлиддин эртасига ҳам, индинига ҳам минмади. Тўғрироғи, минди. Бироқ бу ёққа ҳайдаб келмади. Ҳатто университетга ҳам машинасиз борди. Студентларнинг, домлаларнинг хаёлини бузгиси келмади.

Тақчиллик кундан-кунга кучайиб кетаверди. Магазинларда узундан-узун навбатлар пайдо бўла бошлади. Одамларга ҳамма нарса етмасди. Озиқ-овқатдан тортиб, кийим-кечакларгача… Ҳатто оддий ҳожатхона қоғозини топиш катта муаммога айланди. Шу билан кўчабезорилик баттар авж олиб кетди. Ёшларнинг ҳар учтадан биттаси кўча зўравонига айланиб олди. Ҳар куни тўс-тўполон…

Фазлиддин бир ҳафта цехни ишлатмади. Шунга мажбур бўлди. Чунки «доля»чиларнинг сира кети узилмас эди. У ҳатто Каримбой аканинг ёнига борди. Бироқ шу пайтгача нафақат шаҳарни, балки бутун республикани титратган Каримбой ака икки қўлини ёнига ёзди.

— Мен ҳеч нима қилолмайман. Юқорида ўтирганларнинг иши. Бунақа нарсаларга аралашолмайман. Бизнинг ўзимиз ҳозир амаллаб кун кўриб юрибмиз. Ҳозир ҳаммаёқни зўравонлар босиб кетган. Куни кеча ароқ магазинининг сотувчисини ўлдириб кетишди. Шўринг қурғурда нима айб десанг-чи! — деди.

Фазлиддин ҳафсаласи пир бўлиб унинг ёнидан қайтиб келди. Шундан сўнг Любовь Николаевна ишга киришди. У тўғри райком биринчи секретарининг ёнига борди.

— Ишлайликми ё ҳамма нарсани йиғиштирайликми?! Нима аҳвол бу?! Ё Москвага чиқайми? — деди.

Райкомнинг биринчи секретари кулди. Аччиқ кулди. Сўнг:

— Фойдаси йўқ. Москванинг ўзи биздан баттар. Ҳамма машмашанинг бошида уларнинг ўзлари туришибди. Сизнинг масалангизга келсак, мен иккита милиционерни бераман. Ҳар куни иккитаси туради. Фақат уларга қўшимча ойлик берасизлар. Шундан кейингина тинчийсизлар. Бу мен қўрққанимдан эмас, балки сизлар ишлашингизни истаганимдан. Чунки ҳаммаёқ алғов-далғов бўлиб кетяпти. Сизларга ўхшаган ташкилотларни асрамасак, эртага ҳаммаёқ ёниши ҳам ҳеч гап эмас, — деб оғир нафас олди.

Шундан кейин шампунь цехи яна ишлай бошлади. Фазлиддин яна бошқа турдаги шампунларни ҳам ихтиро қилдики, улар ҳам тезда машҳур бўлди. Бунинг бош сабаби эса маҳсулотларнинг магазинларда кундан-кунга камайиб бораётгани эди.

Фазлиддин деярли машина минмасди. Чунки ҳар куни ўнлаб, юзлаб машиналар ўғирланарди…

Ҳаш-паш дегунча янги йил ҳам келиб қолди. У декабрнинг йигирма олтинчисидан ишчиларининг барига ва ҳаттоки акаси Фахриддинга ҳам жавоб бериб юборди. «Шу билан янаги йилнинг бешинчи январида келасизлар», деди. Ўзи ҳам ўша кунлари цехга бормади. Асосий машғулоти — ўқиш-ўрганиш бўлди.

У йигирма тўққизинчи декабрь куни Малоҳат билан бирга машинада қишлоққа кетмоқчийди. Малоҳатга ҳам шу ҳақда айтиб қўйганди. Аммо ўзи йигирма еттинчи ва йигирма саккизинчи кунлари Малоҳатни кўргани бормади. Бу пайтда ётоқхонадагиларнинг ҳам кўпчилиги уйларига кетиб бўлишган эди. Малоҳат хавотир олди. Хаёлига биринчи келган ўй: «Касал бўлган. Кун совуқ. Қор кўп ёғди. Ҳаммаёқ музлади. У кишим бўлса, юпун юрган кўчада», деган гап бўлди. Дарров хонадоши, уйига жўнаб кетиш учун кийимларини йиғиштираётган Салимага ялина бошлади:

— Опажон, илтимос, кўп вақтингизни олмайман. Шундай бир жойга ўтиб келайлик. Ўзим сизни таксида олиб бориб, олиб келаман.

— Малоҳатхон, ҳамиша сиз учун дунёнинг нариги чеккасигача боришга тайёрман. Лекин икки соатдан кейин автобус жўнайди. Кейин мен янги йилни мана шу ётоқхонада кутиб олишимга тўғри келади, — дея кўнмади.

— Биласизми, эртага биз ҳам қишлоққа кетамиз. Машинада. Сизнинг уйингиз бўлса, шундоққина бизнинг йўлимиз устида. Уйингизга ўзимиз ташлаб қўямиз, — деб ялинишда давом этди Малоҳат.

— Оббо! Яна бир кун мана шу совуқдан-совуқ ётоқхонада қоламанми? Ундан кейин шу ниятингиз бор экан, эртароқ айтсангиз бўлмасмиди? Нақд уч сўм тўладим автобусга чипта олишга. Яна ўн кун олдин олиб қўйганман.

— Уйингизга, эшигингиз тагига олиб бориб қўямиз. Юкларингизниям кўтариб юрмайсиз. Ундан кейин Гангадан торт ҳам оламиз. Тортни автобусда олиб кетолмайсиз. Яна бошқа томони бор. Сиз савоб иш қилган бўласиз. Чунки битта шўринг қурғур чиптасиз одам сизнинг ўрнингизда ўтириб кетади.

Салима кулди. Сўнг қўлини силтади. Торт масаласи унинг эсидан чиққан экан. Ўзининг Жиззах деб аталмиш шаҳрида ҳам торт деган ширинлик бор. Бироқ у торт билан бу тортнинг фарқи осмон билан ерча.

— Кўндирдингиз. Қаерга борамиз? — деди у.

— Узоққамас. Фазлиддин акамнинг уйига.

— Ўзим ҳам шундай десангиз керак, деб ўйлагандим.

Фазлиддиннинг иккала кўзи ҳам қип-қизил эди. У пробиркалардан бирига сув солаётганди. Худди шу пайт эшик қўнғироғи чалинди. У ишига берилиб кетганидан, олдинига эшитмади. Кейин:

— Оббо, шу пайт ким келдийкан? Бир минут ҳам ишлагани қўйишмайди, — деди-да, қилаётган ишини шу жойнинг ўзида тўхтатиб, бориб эшикни очди.

— Вой! — деди Малоҳат унга қараган заҳоти.

— Аввал салом, кейин вой, — деб кулди Фазлиддин.

— Кўзингиз нега бунча қизариб кетди?

— Қизарди?! — дея кўзларини ишқалаган бўлди Фазлиддин.

— Ҳа-а, — деди Малоҳатнинг ёнида турган Салима ҳам, — ёмон қизарибди.

— Айтдим, нимадир кўзимга қадаляпти, деб…

Фазлиддин меҳмонлар кириши учун йўл бўшатди. Сўнг бориб ойнага қаради. Кўзлари нафақат қизарган, балки қонталаш бўлиб кетган эди. «Ҳозир битта совуқ сувда юваман, ҳаммаси жойига тушади», дея кўнглидан ўтказди ва қизлар кирган ошхонага у ҳам кирди.

— Сиз билан қишлоққа кетишимиз керак эди. Сиздан дарак бўлавермагач, ўзим келдим, — деди Малоҳат норози бўлиб.

— Ҳали кетишимизга икки кун бор-ку. Мен ўзи бугун бормоқчийдим. Кечки пайт. Эртага шундай бозорга тушиб келамизми, демоқчийдим, — деди Фазлиддин.

— Нега энди эртага? Эртага кетамиз-ку. Агар бозорга борсак, кетишга кеч қоламиз.

— Йўқ. Яхшилаб бозор қиламиз-да, кейинги кун йўлга тушамиз.

— Ўттизинчидами?

— Йигирма тўққизда. Бугун йигирма етти, эртага йигирма саккиз, кейинги кун…

Салима қиқирлаб кула бошлади. Малоҳатнинг эса ичидан зил кетди. «Наҳотки ухламасдан, у ёқ-бу ёққа қарамасдан ишлаган бўлса?!» деган ўй кечди хаёлидан.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: