“Activist” лойиҳаси тугатилди, муаллиф сабабларини кейинроқ маълум қилишини айтди…

“Activist” лойиҳаси тугатилди, муаллиф сабабларини кейинроқ маълум қилишини айтди…

Дўконлардаги маҳсулотлар муддати ва сифати ҳақида маълумот берувчи “Activist” лойиҳаси бутунлай ўз фаолиятини якунлади. Лойиҳа муаллифи Ҳожиакбар Носиров унинг сабабларини батафсил интервюларда тушунтиришини айтиб, 6 хил кўринишдаги янги лойиҳалар бошлаётганини маълум қилди.

Катта ва кичик дўконларда сайёр “рейд”лар ўтказиб, маҳсулотлар муддати ва сифати ҳақида маълумот берадиган “Activist” лойиҳаси тугатилгани эълон қилинди. Бу ҳақда Рамазон ҳайити куни, 10 апрел санасида муаллиф Ҳожиакбар Носиров лойиҳанинг You tube’даги саҳифасига жойланган видеомурожаатда маълум қилди.

Унинг айтишича, ҳозирча тугатилиш сабабларига тўхталиб ўтилмайди, кейинроқ Носиров иштирокидаги интервюларда бу ҳақда сўз юритилиши кутилмоқда.

“Гувоҳи бўлганингиздек, жуда ҳам кўп туҳмат ва босимларга учрашимга тўғри келди. Ҳаттоки, оилам билан бўлган таҳдидларга қарамасдан бу йўлда давом этдим. Чунки сизларнинг қўллаб-қувватлашингиз ва ўз мақсадимга эришмагунча бўлган мотивация жудаям кучли далда берарди.

Энди-чи? Энди нима ўзгарди деган саволга жавобим: Ўзбекистондаги барча катта супермаркетлар ва улардан ташқари жудаям кўп кичкина маркетлардаги катта ўзгаришлар сабабчиси бўлдик. Ҳозир ҳар қандай дўконга кирган ва бизни кузатган инсон сотиб олаётган нарсасига битта назар ташлашни бошлади. Ва бу бизнинг энг катта ютуғимиз деб бемалол айтиш мумкин”, – дейди у.

Ҳожиакбар Носировнинг қўшимча қилишича, келгусида “Activist”нинг ўрнига 6 хил кўринишдаги янги лойиҳалар ишга туширилиши режа қилинган.

“[Бу] лойиҳам эски лойиҳамга қараганда инсонларга юз баравар кўпроқ фойда беришига ишонаман ва унга эришиш учун эски лойиҳадан тўлиқ воз кечишни тўғри деб ҳисобладим. 2 йиллик фаолиятим давомида кимдирнинг кўнглига билиб-билмай озор бериб қўйган бўлсам, чин дилдан узр сўрайман”, – дея якунлайди у ўз сўзини.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил апрел ойида лойиҳа муаллифи Ҳожиакбар Носиров ўз видеоларидан бирида бир қатор брендларнинг йогурт маҳсулотлари таркибида кармин моддаси борлиги учун уларни истеъмол қилмаслик керак дейиши ортидан “диний адоват қўзғатувчи материал” тарқатишда айбланиб, унга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланганди.

15 суткалик қамоқни ўтаётган вақтида Носировнинг вафот этганига оид миш-мишлар ҳам тарқалганди. Май ойида Бош прокуратура матбуот хизмати унга нисбатан жиноят иши очилгани ва у вафот этгани ҳақидаги миш-мишларни рад этганди. Блогер 15 суткалик қамоқ муддатини ўтаб, 23 апрел куни озодликка чиққани таъкидланганди.

Прокуратуранинг изоҳидан бир ҳафта ўтиб, муаллиф Instagramʼдаги саҳифаси орқали мухлисларига мурожаат йўллаб, фаолиятини якунлаш ниятида эмаслигини маълум қилганди.

Кун. уз

Дўстларингизга ҳам юборинг: