Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (76-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (76-қисм)

— Менга қаранг, қачон чой ичгандингиз? — дея сўради у Фазлиддиндан.

— Боя. Тушлик қилдим…

Бу гапни эшитган Малоҳат йиғлаб юборай деди.

— Қанақа тушлик? Ҳозир эрталаб-ку!..

— Йўғ-э…

— Ишингизни шу ерда тўхтатинг. Биламан, нима биландир оворасиз. Ҳозир киринг-да, ётинг. Мен сизга овқат тайёрлаб бераман, унгача сиз ухлайсиз. Одам шунчалик ҳам ўзига азоб берадими?! Емай, ичмай, ухламай, бош кўтармасдан ишлагансиз…

Малоҳатнинг кўзи ёшга тўлди. Салима ич-ичидан Фазлиддинга ачинди. Шу билан бирга унга ҳаваси ҳам келди.

Фазлиддин эса гарангсиб бироз турди. Сўнг бошини хам қилганча ўзининг хонасига кирди. Каравотига ўтирди. «Ҳали ухлашим мумкин эмас. Лекин орадан бир кун ўтиб кетибди-ю, мен сезмабманми? Бундан чиқди, намозларим ҳам қолиб кетибди-да», дея кўнглидан ўтказаркан, секин ёстиққа бошини қўйди ва шу лаҳзанинг ўзидаёқ ухлаб қолди.

Малоҳат уни уйғотмади. Истамади. «Ухласин», деди. Салима ҳам уни қувватлади…

— Кетдик, тортга бориб келамиз, — деди у.

Фазлиддин қуёш ботар чоғида уйғонди. Малоҳат уйғотди.

Фазлиддин эса ғаройиб янгиликни айтди.

— Мен ажойиб нарсага эришдим, — деди у.

— Нима экан? — дея сўради Малоҳат қизиқсиниб. Улар билан бирга ўтирган Салима Фазлиддинга тикилди.

— Сувни парчалашнинг, кислород билан водородни ажратиб олишнинг жуда осон усулини топдим. Бу, биласизми, нима дегани? Бу арзон ёқилғи, дегани. Энг муҳими, водород йиғилмайди. У лозим пайтда келиб туради. Шундай бир модда топдимки, унга сув қуйсангиз, олам гулистон. Бир томондан кислород, иккинчи томондан водород чиқади. Водород ёнади. Демак, у бемалол исталган техникани юрғиза олади. Бундан ташқари, уйда ҳам ёқилғи сифатида фойдаланса бўлади. Уйларни иситиш ҳам энди муаммо эмас. Яна битта зўр томони, у табиий газдан анча кучли. Фақат уни амалда қўллаш керак. Ихтиро ихтиролигича қолиб кетса, мен қилган меҳнатларнинг икки пуллик аҳамияти ҳам бўлмайди. Афсус, янги йил келиб қолди. Акс ҳолда, ҳеч қаёққа кетмасдан ишлаган бўлардим…

— Унда яхшиям янги йил келибди, — деб кулди Малоҳат, — сиз бироз дам оласиз.

Фазлиддин кулди. Унга Салима ҳам қўшилди.

Эртаси куни улар машинада йўлга тушишди. Қизлар орқа ўриндиққа ўтириб олишди. Қор кўп ёққан, йўл эса музғалоқ эди. Шаҳардан тахминан эллик километр наригача туз сепишган экан. Шу боисдан ҳам хотиржам кетишди улар. Бироқ ундан нариёғи ойнадай ялтирарди. Ҳамма машина жуда секин юрарди. Сал тез юрганлар… Улар узоққа боришмаганди, баъзилари йўлдан бироз чиқиб кетишган бўлишса, баъзилар йўлдан пастга тушиб кетган эди. Фазлиддин ағдарилган машиналарни ҳам кўрди.

Жиззахгача узоғи билан икки соат. Бироқ улар шу икки соатлик масофани нақ беш соатда босиб ўтишди… Ундан у ёғига ҳам беш соат вақт кетди. Қоронғи тушди…

Малоҳатларнинг уйи одам билан тўла экан. Ёш-яланглар, икки божа, икки опа… Байрам авжига чиқибди.

Фазлиддин кирмади. Сал берироқда, уйидан олти қадамча наридаги супада Малоҳатни қолдирди. Малоҳат унинг тушишини илтимос қилди. Бироқ Фазлиддин унамади. «Ноқулай. Мени кўришса, хаёллари бузилмасин», деди. Малоҳатга алам қилди. У Фазлиддиннинг: «Ўтган гапларнинг ҳаммасига салавот, ёшдир, каттадир хато қилиши табиий ҳол, мен онангиздан хафа эмасман», дейишини кутганди. Бироқ Фазлиддиндан у гап чиқмади. Бўлмаса, иккаласи шу ергача шўх-шодон, бири қўйиб, иккинчиси гапириб келди. Келажак учун режалар тузилди. Тўғрироғи, ҳаммаси Фазлиддиннинг режаси эдики, Малоҳат барига қўшилди. Бироқ буни қарангки, бир оғиз ҳам севги-муҳаббат ҳақида гапирилмади. Ҳатто уни ифодалайдиган, унга яқин бўлган сўзлар ҳам ишлатилмади. Гўё ишлатилса, иккиси ҳам уяладигандай. Бўлмаса, Фазлиддин отасининг: «Сени уйлантираман», деган гапини бир неча марта эслади. Бир неча марта Малоҳатнинг қўлини сўрашга чоғланди. Бироқ ҳар сафар уни нимадир тўхтатиб қолаверди. Иккисининг сафари эса мана шундай якунига етди.

Малоҳат оч пушти пальтода эди. Қиш бошланиши арафасида Фазлиддин совға қилди. ЦУМдан олди. Эндиликда универсал магазин ҳам ундан шампунь ола бошлаганди. Бир борганида чет элдан пальто келибди. Бу пальтолар расталарга чиқарилмайди. «Қўл»га чиқиб кетади. Таниш-билишларга устига тўрт-беш сўм қўйиб сотилади. Фазлиддин ҳам ана шундай танишлардан бири эди. У ҳам нақд ўн сўм қимматига сотиб олди. Рўмол билан бирга. Пальто Малоҳатни янада очиб юборди. Шу пальтода уйдагилари кўриб, оғизлари очилиб қолди. Бироқ Малоҳатнинг кўнгли ёришмади. Ёришмаганига Фазлиддиннинг кирмаганлиги сабаб эди. Аслида, Фазлиддин ҳам Малоҳатни қолдирганидан кейин роса қийналиб кетди.

Фахриддин машина тўғрисидаги маълумотни аллақачон уйдагиларига етказиб бўлган эди. Ҳатто укасининг «Жигули»да келишини ҳам айтганди. Қор ёғди-ю, ота-онаси юрак ҳовучлади. «Машинада келмаслиги керак эди. Бу ҳавода юриб бўлмайди», дейишди. Бироқ энди уларнинг иложлари йўқ эди. Шу боис Худодан Фазлиддиннинг омон-эсон етиб келишини тилаб ўтиришди.

Фазлиддиннинг келиши эса байрамни бошлаб берди.

Январнинг учинчи куни эди. Кун исиди, йўлни қоплаб турган қор эриди. Аммо бошқа жойларда оппоқ бўлиб тураверди. Шунингдек, ҳар куни кечаси роса изғирин турарди… Малоҳатнинг укаси келди. Велосипедда келибди. Хат олиб келибди. Опасининг хатини. Араб алифбосида ёзилган хат. Фазлиддин уни очди-ю, ўқишга шошилди.

«Фазлиддин ака, тўғриси, кетганингиздан кейин ғалати бўлиб қолдим. Уйдагиларга сиз олиб келганингизни айтдим. Уйдагилар, айниқса, отам билан онам кирмай кетганлигингиз учун роса хафа бўлишди. Мен онамга: «Ўзингиз бошқа қадамингни босма, деб айтган экансиз, шунинг учун кирмади», дедим. Отам онамни роса уришиб берди… Онам: «Мен бошқача маънода айтгандим. Мен кўнглига олади, деб ўйламагандим», деди… Бугун ош қиляпти. Яраш оши. Отам қилдиряпти. Шундай экан, бир келиб кетмасангиз бўлмайди. Ҳар қалай, озгина бўлса ҳам олдингизда обрўйим бордир. Гапимни ерда қолдирмассиз. Кутаман», деб ёзибди у. Фазлиддин мактубни ўқиб бўлиб, уни буклади-да, чўнтагига солди. Сўнг:

— Велигингни машинанинг орқасига ортамиз, — деди Малоҳатнинг укасига, — уйингизга бирга борамиз.

Ука индамай унинг айтганига кўнди.

Дарҳақиқат, ош қилинган экан. Соли ака уни қучоқ очиб кутиб олди. Уйига киргизди. «Ичмайсан-да, ичганингда тўлдириб-тўлдириб икки пиёла қуярдим», деди. Сўнг Малоҳатнинг онаси келди. У ҳам Фазлиддинни қучоқлади, икки юзидан чўлпиллатиб ўпди.

— Мен сени бунчалик аразчи бола деб ўйламагандим. Яхшигина дарс ўтдинг. Устозинг шу ерда бўлганидан кейин, ундан ўтиб қаерга ҳам борардинг…

Онасининг сўзларини Малоҳат эшик ортида туриб эшитди. Жилмайди. Сўнг лабини тишлади…

Соли аканинг гаплари йиғилиб қолган экан. Устоз-шогирд нақ тўрт соат гаплашиб ўтиришди. Гапнинг асосий мавзуси сиёсат ва ҳозирги аҳвол эди…

Фазлиддинга уйида на отаси, на онаси унинг уйланиши тўғрисида бир нима демади. Бўлмаса, отаси шаҳардан қайтаётганида сени уйлантириб қўямиз, дея қайта-қайта сўзлаганди. Энди эса бу ҳақда унинг оғзидан ҳеч гап чиқмади. «Бир ҳисобдан, ҳали шошилмаган маъқул», — дея кўнглидан ўтказди Фазлиддин. Аввало, у тенгиларнинг ҳаммаси ҳозир армияда. Ҳатто ундан бир ёш катталарнинг ҳам бирортаси ҳарбий хизматдан қайтмади. Кетганларнинг аввали баҳорнинг охири, ёзнинг бошида келишади. Ўзиникилар эса куздан бошлаб қайтишади. Демак, унга куёв жўралик қилувчилар йўқ… Аммо шунга қарамасдан, Фазлиддин ота-онасининг оғзини пойлади. Ич-ичидан уларнинг яна гап очишларини кутди… Лекин ўша гап очилмади.

Бешинчи январь. У Малоҳат билан Тошкентга қайтишни шу кунга келишиб олганди. Малоҳатнинг-ку, дарси кейинроқ бошланади. Бироқ Фазлиддиннинг қиладиган ишлари кўп эди. Бироқ у Малоҳатни ҳам ўзи билан олиб кетишга кўндирди. «Жуда бўлмаса, дарслар бошлангунча Хадича опаникида турасиз», деди. Итоаткор Малоҳат кўнди.

Энди эса қайтар чоғларида Фармон ака икки ўғлини биргаликда жўнатишга қарор қилибди. Бунинг устига, катта келинини иккита боласи билан бирга уларга қўшди. «Янганг ош-овқатларингни қилиб беради. Кирларингни ювади. Биз онанг билан шунга келишдик», деди Фармон ака. Унинг гапи — гап, сўзи — сўз. Бу яна бир нарсани ошкор этди. Демак, ҳали-бери улар Фазлиддинни уйлантиришмайди.

— Ака, — деди Фазлиддин қишлоқдан чиққанларидан сўнг, — Малоҳатни ҳам олиб кетамиз.

— Қайси Малоҳат? — дея сўради Фахриддин ўзини гўлликка солиб.

— Соли муаллимнинг қизи. Тошкентда ўқийди-ку. Менга илтимос қилганди: «Қайтиш қийин бўлади. Кетаётганингизда агар жой бўлса, мени ҳам олиб кетинг», деб, — деди машинани бошқариб кетаётган Фазлиддин йўлдан кўзини узмай.

— Бизда жой йўқ-ку, — деди Фахриддин орқа ўриндиққа қараб, хотинига кўзини қисиб қўяркан.

— Бор, — деди бирдан хотини, — болаларнинг биттасини олдимга оламан. Бир кишига жой очилади. Қиз бечора илтимос қилибди.

Лобар шундай деб кулди. Кулганини биров кўрмади.

— Лекин, — деди Фахриддин ортга чекинмай, — унинг нарсаларини қўйишга жой йўқ.

— Бор, — деди яна Лобар, — ҳар нарса деяверманг, дадаси. Қайтага, яхши-ку.

— Нимаси яхши? — дея ортига ўгирилган Фахриддин яна хотинига кўзини қисди.

— Фазлиддин қайним, акангиз ҳар бало деяверади. Қаранг, ҳар қараганда менга кўзини қисиб қўйяпти. Сизнинг жиғингизга тегиш учун.

— Сен, — деди бу сафар Фахриддин қовоғини уйиб, — менга дўстмисан ё душманмисан?

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: