Роза Отунбоева “Толибон” билан музокара ўтказиш учун Қобулга боради

Роза Отунбоева “Толибон” билан музокара ўтказиш учун Қобулга боради

БМТ Бош котибининг Афғонистон бўйича махсус вакили, БМТнинг Афғонистонга ёрдам кўрсатиш миссияси раҳбари Роза Отунбоева Афғонистонда “Толибон” ҳаракати томонидан тузилган муваққат ҳукуматни халқаро миқёсда тан олиш эҳтимоли бўйича музокаралар ўтказиш учун Қобулга боради. Бу ҳақда “The Express Tribune”га таяниб, Qalampir.uz хабар берди.

 

Қайд этилишича, Отунбаеванинг сафари феврал ойида Доҳада бўлиб ўтган БМТ ҳомийлигидаги конференциядан кейин Қобулдаги муваққат ҳукумат билан мулоқот ўрнатиш йўлидаги қадам бўлади.

 

Қатар пойтахтида бўлиб ўтган конференцияда 25 давлат, жумладан, Покистон вакиллари Афғонистон билан ҳамкорлик бўйича йўл харитасини муҳокама қилган.

 

“Конференция “Толибон”га халқаро тан олиниши учун Қобул расмийларидан Афғонистон ҳудудидан террорчилик фаолияти учун фойдаланилишининг олдини олиш, мамлакатда инклюзив ҳукумат ўрнатиш ва инсон ҳуқуқларини, айниқса, аёллар ва қизларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш каби асосий шартларга риоя этиш талаб қилиниши ҳақида аниқ сигнал берди”, дея қайд этади нашр.

 

Конференцияга “Толибон”ни қўллаб-қувватламайдиган афғон фаолларининг таклиф қилиниши ва тадбир кун тартибидан норози бўлган Афғонистондаги муваққат ҳукуматДоҳадаги йиғилишда иштирок этишдан бош тортди.

 

Афғонистон муваққат ҳукуматидаги ташқи ишлар вазири Амирхон Муттақий бошчилигидаги делегациянинг йиғилишда қатнашмагани унинг иштирокчиларига Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришнинг ҳозирда Қирғизистоннинг собиқ президенти Роза Отунбаева эгаллаб турган ушбу мамлакатдаги БМТ Бош котибининг махсус вакили лавозимига қўшимча равишда Афғонистон бўйича жаҳон ташкилотининг махсус вакилини тайинлаш тўғрисидаги таклифини маъқуллашга имкон бермади.

 

Гутерришнинг айтишича, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Афғонистон бўйича махсус вакилини тайинлаш таклифи манфаатдор томонлар ва Афғонистон муваққат ҳукумати билан маслаҳатлашувлардан сўнг маъқулланади. Янги лавозимга тайинланадиган вакилнинг вазифалари “Толибон”нинг халқаро ҳамжамият билан ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштириш ҳамда афғонистонликлар ичидаги мулоқотни ривожлантиришни ўз ичига олади. Қобул БМТ махсус вакили тайинланишига кескин норозилик билдирган ва “янги махсус вакил Афғонистон учун қабул қилиб бўлмайдиган қарорлар чиқариши мумкин”, деб таъкидлаган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: