Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (80-қисм)
Фазлиддиннинг тенгқурларининг деярли ҳаммаси армиядан қайтиб келганди. Унинг боришига эса ҳожат қолмади. СССР мудофаа вазирининг фармони чиқди. Олий ўқув юртларида ўқийдиган студентлар армия хизматидан бўшатилсин, ҳарбий хизматга ҳали бормаганлари эса қуролли кучлар сафига чақирилмасин, деган. Ана шу фармон боис, Фазлиддин йигитлик бурчини ўтамайдиган бўлди. У Малоҳатнинг ёнига бориб шикоят қилди.
— Менга энди ҳеч ким қизини бермайди. Дунёдан бўйдоқлигимча ўтиб кетаман энди.
— Нега? — деди бирдан кулиб юборган Малоҳат.
— Чунки армияга мутлақо бормайдиган бўлдим. Илгари уни-буни баҳона қилиб келаётгандим. Энди бўлса, фармон чиқиб турибди. Студентлар бормасин, деган, — дея жуда хафа бўлган одамдай бошини эгиб гапирди Фазлиддин.
— Яхши бўлибди. Ўзим шуни ўйлаб юргандим. Фазлиддин акам армияга кетиб қолса, қилаётган ишларининг қанчадан-қанчаси қолиб кетади, деб.
— Масаланинг иккинчи томониям бор-да. Нима, мен уйланмайманми?!
Малоҳат бу сафар жилмайди. Юзига қизиллик югурди. Сўнг у паст овозда:
— Топилади. Ана, менинг курсдошларимнинг деярли ҳаммаси. Мендан бошқалари. Яна болали бўлган Барнони қўшмасак, бари сизга жон-жон деб тегади, — деди.
— Шунақами ҳали? Мен билмай юрган эканман. Аввалроқ айтганингизда… Шошманг, нега сиз ўзингизни қўшмаяпсиз?
— Билмадим.
— Агар астойдил, бошқа биров эмас, мен фақат сизга уйланаман десам, нима дейсиз?
— Билмадим.
— Билмадим, бир. Билмадим, икки. Билмадим, уч. Билмадим, тўрт. Билмадимларингиз, эҳҳе, сира охири кўринмаяпти.
— Тўхтанг, сиз мени бу гапларингиз билан музқаймоқ ейишдан чалғитолмайсиз, — деб кулди Малоҳат.
— Кетдик. Музқаймоқ еймиз. Эртага эса мен қишлоққа кетаман.
— Нега?
— Уйдагилар чақиришяпти. Жуда зарур гаплари бор эмиш. Мен бормасам, битмас экан. Кейин энг охири бўлиб Алишер армиядан келди. Уни бориб кўраман.
— Яхши.
— Кетдикми?
— Кетдик.
ЦУМнинг яқинидаги «Мовий гумбаз» қаҳвахонасида маза қилиб ўтиришди. Олдинига кабобхўрлик қилишди. Кейин музқаймоқ ейишди. Ҳар иккиси ҳам очилиб гаплашди. Ана шу ерда биринчи марта Фазлиддин Малоҳатнинг қўлини сўради.
— Уйдагилар нега чақиришаётганини биламан, — деди олдин у.
— Нега экан? — дея бошини эгди Малоҳат. Илло, у бир нималарни сезгандай эди.
— Уйлантиришмоқчи.
— Ўзлари айтишдими? — деб сўради Малоҳат боши эгилган кўйи.
— Илгари бир неча марта айтишганди. Буниси энди жиддий. Қатъий. Акам бориб келганди уйга. У айтди.
— Кимга уйлантиришаркан?
— Сизга.
Малоҳат бирдан бошини кўтарди. Кўзлари қувончдан порлади. Титраётган лабларини тишлади у. Ахир Фазлиддиннинг оғзидан шу гаплар чиқишини қанчалик кўп кутганди! Ниҳоят, Фазлиддин ёрилди… У йиғлай бошлади. Унинг бутун аъзойи-бадани бўшашди.
— Улар… Улар мени танлашдими? — деди у зўрға.
— Йўқ. Мен. Мен танладим сизни! Сизни анча йиллар аввал танлагандим!
— Нега айтмадингиз?
— Айтолмадим. Айтишга куч тополмадим. Қўрқдим. Эрта айтиб қўйиб, айрилиб қолишдан қўрқдим.
Малоҳат жилмайди.
— Мен розиман! — деди ва кўзларини чирт юмди.
— Ура! Кетдик энди!
— Қаерга?! — сўради Малоҳат кўз ёшларини артиб.
— Магазинга кирамиз. Менинг сизга совғам бор.
Малоҳат ўрнидан турди.
Совғаларни Фазлиддин бир ой аввал сотиб олганди. ЦУМ сотувчисига бериб қўйганди. Унда узукдан тортиб, кўйлак, туфли ва қиш учун янги пальто, умуман, ҳамма-ҳамма нарса бор эди…
Шўх сотувчи аёллар Фазлиддиннинг нарсаларини шунчаки Малоҳатнинг қўлига тутқазишмади. “Ҳаммасини киясиз. Сизга қанчалик ярашишини ўз кўзимиз билан кўрамиз. Ахир Фазлиддин уйланадиган арзанда қиз ким эканлигини интизорлик билан кутаётгандик”, дейишди.
Малоҳат уларнинг айтганларини қилишга мажбур бўлди. Кейин қаердандир суратчи ҳам пайдо бўлди. У Малоҳат билан Фазлиддинни бир неча марта суратга олди…
Фазлиддин қишлоққа борди. Фармон ака унинг келишини кутиб ўтирмабди. Соли аканинг ёнига совчи бўлиб бориб, ишни битириб бўлган экан. Фазлиддинни унаштирув маросимига чақирган экан.
— Мен бекор келибман, — деди Фазлиддин уйидагиларга, — аллақачон ўзингиз ҳаммасини ҳал қилиб бўлибсиз. Ундан кўра тўйимга чақирганингизда, бирдан тайёр бўлиб келардим.
Фармон ака кулди. Сўнг:
— Ичингда ўлиб турибсан-у, айтаётган гапларингга қара. Нима, бизни ҳеч нимадан хабари йўқ, деб ўйладингми? — дея кулди.
Кейин Фазлиддин дўсти Алишернинг ёнига борди. Кўришди. Уйига кирди. Алишер дарров тенгқурларини, жўраларини укаси орқали айттирди. Ҳамма йиғилганидан кейин эса Фазлиддин ўзининг уйланаётганини ошкор қилди. Дўстларининг бари бирдан хурсанд бўлишди. Фақат Шокирнинг хурсандлиги қандайдир сохтадай эди.
— Ҳа! Лекин, бекорга юрмаган экансан! Менга қара, армиягаям бормадинг! Бундай эркакликниям бажариб келмадинг. Энди қарс этказиб уйланиб олаяпсанми? Аввал сен ҳам иссиқ-совуқнинг фарқига бориб олганинг яхшимиди? — деди у кулиб.
— Агар сен уйингда печкани ёқиб, мўрисидан тутун чиқарсанг, иссиқ-совуқнинг фарқига бориб қоларман, — деб кулиб жавоб қайтарди Фазлиддин.
Кейин уларнинг орасига дарров Алишер аралашди. У умуман бошқа гапни айтди. “Олиб келса, эллик-эллик қиламизми?” деди. Фазлиддин шу заҳоти уни шаштидан қайтарди. Гап эса ичимлик ҳақида кетди. Йиғилганларнинг бари бири қўйиб, иккинчиси қандай қилиб армияда самогон ичганликлари, унинг қандай тайёрланиши ҳақида сўзлар эди…
Шу куни улар ярим кечагача ўтиришди. Кейин тарқалишди.
Эртасига ҳамма жўралар Фазлиддиннинг унаштирув тўйига кетди. Унинг ўзи эса Тошкентга йўл олди. Чунки қиладиган ишлари кўп эди.
Келиб, энг аввало Малоҳат билан учрашди. Унга ширинликлар берди. Кейин: “Иккаламиз унаштирилдик. Бугун ресторанда ювамиз. Акам бормайди. Лекин янгам бўлади. Кейин дугоналарингиздан ҳам бир-иккитасини олволинг. Мен ресторанда бўламан-у, аммо ўзим қатнашмайман. Бошқа столда ўтираман”, деди…
Эртасига унинг уйланишини ҳамма эшитди. Ҳаммага Фазлиддиннинг ўзи айтди. Аввал устози Муҳаммад Али қори домлага, кейин Камол Шонга, сўнг цехдагиларга…
Фазлиддин нега бунақа қилаётганини ўзи ҳам билмасди. Қандайдир ичида бир куч, айт, ошкор қил, дея уни ҳоли-жонига қўймасди. Бўлмаса, шу пайтгача у яхши нарсаларини ҳали амалга ошмасидан бурун бировга айтмасди. Айнан Малоҳат дугоналари билан ресторанда унаштирув маросимини нишонлашини ҳам у истади. Ички кучнинг таъсирига бўйсунди.
Кейин у ҳамма ишларини йиғиштириб, мебель қидиришга тушди. Чунки янги битган уйда битта кичкина гилам билан тўртта кўрпачадан бўлак ҳеч нима йўқ эди. “Тўйгача уйни тўлдиришим керак”, деди ўзига ўзи ва дўконма-дўкон изғишга тушди. Бироқ, қани энди, мебель деган нарса топила қолса! Ҳатто оддийгина икки кишилик ётоқ каравотни ҳам топа олмади. «Нима бало, ҳамма нарсага қирғин келганми? Пул бор. Аммо нарса йўқ», дерди ўзига-ўзи.
Ана шундай кунларнинг бирида Фазлиддин устозиникига борди. Устози муфтий берган навбатдаги вазифани адо этиш билан шуғулланаётган экан. Фазлиддинни кўриши билан юзида табассум пайдо бўлди ва дарров ўрнидан туриб, у билан қучоқлашиб кўришди. Фазлиддин шу кўришишда устозининг анча озиб қолганлигини сезди. “Бундан чиқди, емак-ичмакда муаммо бор”, дея кўнглидан ўтказди.
— Тўйга тайёргарлик қандай кетяпти? — сўради устози улар дастурхон атрофига ўтирганларидан сўнг.
Дастурхонда иккита нон ва бир идишда шакардан бўлак ҳеч нима йўқ эди. Буни кўрган Фазлиддиннинг ичидан зил кетди. Ахир у ҳар куни уч маҳал тўйиб овқатланади. Янгаси дастурхонга шунчалик кўп нарса қўядики, уларнинг асосий қисмига умуман қўл урилмайди. Жиянлари ширинликлардан безор бўлишган. Бошқа ноёброқ нарсаларни тусайди уларнинг кўнгиллари. Бу ерда эса…
— Отам ҳамма нарсани бўйнига олган. Мен бўлсам бу ердаги ҳовлига бирорта жиҳоз оламан, деб роса дўконларни кезиб юрибман. Лекин ҳеч нима тополмаяпман, — дея жавоб қилди Фазлиддин.
— Топилади. Насиб қиладигани қаерлардадир тургандир. Аммо шу билан бирга Қуръон ҳам ўқияпсизми?
Фазлиддин бирдан бошини эгди. Ахир мана икки кундирки, зўрға намозларини ўқияпти. Бошқа амаллар гоҳ ёдидан кўтарилади. Ёдига келганида эса эринчоқлиги тутади.
— Дўстим, ҳамма нарса ўз йўлига, аммо билиб туриб, қўлингиздан кела туриб, асосий амални қилмаслигингизни ҳеч нима билан ўлчаб бўлмайди. Кўзингизда, юзингизда ҳорғинлик аломатлари бор. Сиз режаларингиздан ташқарига чиқиб кетибсиз, — деб домла Фазлиддинга бир муддат тикилиб турди, сўнгра: — Нарироқ ўтиринг, бир ўқиб қўяйин, — деди.
Фазлиддин кўзини юмган ҳолда, устозининг тиловатини диққат билан эшитарди. Шу билан бирга унинг бутун танаси яйраётганди. Шундай енгил тортаётгандики, буни тил билан изоҳлаб бўлмайди. Ва айни чоғда хаёлидан сўнгги кунларда қилган ишлари ўтаётганди. Кўп нарсага бекордан-бекорга вақт сарфлабман, деган фикр келди унинг кўнглига.
Қори ўқиб бўлди, дуо қилиб, юзига фотиҳа тортди.
— Раҳмат, — деди Фазлиддин, — мен ҳаддимдан ошганимни тушундим. Тўғрисини айтганда, охирги пайтларда нима қилаётганимни ўзим ҳам англамаётгандим. Аслида, сизнинг ёнингизга кўпроқ келишим керак эди. Мен бўлсам…
— Янгилик бор, — деди қори унинг гапини бўлиб.
— Нима янгилик экан?
— Мени ишимга тиклаб қўйишди. Муфтийнинг шахсан ўзи мен ишдан нима сабабдан бўшаганим билан қизиқибди. Бир-иккитани роса олиб бориб, олиб келибди. Ўша терговчи ишдан кетибди. Келадиган жума куни масжидда маъруза ўқийман.
— Зўр бўлибди. Энди маза қиламиз.
— Шундай-ку-я. Аммо муфтий ҳазратлари диний идорадан ҳам иш берди. Фатво бўлимидан.
Қори шундай деганида, эшик очилди. Хадича опа кириб келди.
— Аммо, — деди у кулиб, — устозингизга ўзини кўп қийнамасликни ҳам айтиб қўйинг. Бўлмаса, жуда ҳаддиларидан ошиб ишлаяпти.
— Устоз керакли ишни қилсалар керак, — деди Фазлиддин.
— Ҳа, аммо керакли ишлар кўп-да. Ҳаммасини қиламан деган одам чарчаб қолиши ҳеч гап эмас. Аммо мен Малоҳатдан хафаман…
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)