Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (81-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (81-қисм)

— Нега? — деди жилмайганча Фазлиддин.

— Келмай қўйди. Эшитдим, байрам ҳам қилиб берибди яқинларига. Лекин мени чақирмабди. Шунга хафаман, — деб Хадича опа номига қовоғини уйди.

— Сизга алоҳида тайёргарлик кўряпти.

— Қаранг, — дея қўлларини икки ёнига ёзди Хадича опа, — бир-бирларини қандай ҳимоя қилади булар? Майли. Розиман. Ана энди кўрамиз, қандай қилиб Малоҳатхон ўзини оқлаб оларкан?

Даврада енгил кулги пайдо бўлди. Аслида, Хадича опанинг нияти бошқа эди. Нияти устоз-шогирдни бироз чалғитиш, бошқа масалалар тўғрисида ҳам гаплашишга мажбур этиш эди. Бироқ у кетди-ю, устоз-шогирд яна асл ҳолига қайтиб олишди. Фазлиддин қорини ўзига шерик қилиб олишни, имом ҳам ҳар доим тўрт-беш сўмли бўлиб туришини истарди. Аммо бунга домла кўнмасди. Фазлиддин бу ҳақда унга айтмади. Лекин у домланинг рози бўлмаслигини ич-ичидан сезарди. Қолаверса, қори Муҳаммад Али гапларини камбағаллик фазилатлари томонга буриб юборди.

— Жуда ажойиб. Аммо бунинг ҳам ўзига яраша шартлари бор. Биринчи навбатда ҳар қандай неъматга шукур қилиш ва асло нолимаслик. Сиз ортиқча орзу-ҳавасларнинг ҳаммасини бўғиб ташлайсиз. Бир бурда нон билан бир стакан сувингиз бўлса, сиз шунинг ўзини улкан бойлик деб қабул қилишингиз лозим. Албатта, оилали эркакка оғир бўлади. Чунки у бир йўла иккита одамнинг нафсини жиловлашига тўғри келади. Ҳа, иккинчиси хотини. Оғринмайсиз, қийналмайсиз. Ҳар доим шод юрасиз. Кейин фақат ўзингизнинг устингизда ишлайсиз. Илм ўрганасиз. Илм шунчалик улканки, уни тўла-тўкис ўрганиб чиқишга бир одамнинг умри етмайди. Агар худди шу умрдан ўнта-йигирмата бўлганида ҳам етмас эди. Демак, сиз илм уммонига шўнғиб, истаганча роҳатланишингиз мумкин, — деб домла пиёласидаги совиб қолган чойдан бир ҳўплади.

— Унда мен ҳам худди шундай қиламан, — деди Фазлиддин.

— Нега? — сўради ҳайрон бўлиб имом.

— Сиз ошиқ қилиб қўйдингиз.

— Тушунарли. Аммо сиз Аллоҳ томонидан берилаётган неъматларни ўзингиз қайтарасизми?

— Сиз қайтаряпсиз-ку.

— Билмадим. Аммо гапингизда жон бор-у, бироқ сизнинг бундай қилишингизни истамайман. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с. а. в) одамларнинг яхшиси кўпчиликка ёрдами, фойдаси тегаётганидир, деганлар. Сиз шу яхши одамликдан ўз ихтиёрингиз билан воз кечмоқчи бўляпсизми?

— Аммо…

— Аммога ўрин йўқ. Беш қўл баробар эмас. Қолаверса, ҳар кимнинг ўз йўналиши бор.

— Унда мен сизни ўз кооперативимизга аъзо қилиб қўяман. Ана шунда сиз ҳам бошқаларга маънавий бойлик беришдан ташқари, моддий бойлик ҳам берасиз.

— Қандай? Ишламасам ҳам…

— Ҳа, агар корхонанинг эгаларидан бири бўлсангиз, ишламасангиз ҳам маблағ келиб туради. Мана, масалан, ерингиз бор. Уни кимгадир бердингиз. У экин экиб фойда кўради, кейин сизнинг ҳақингизни ҳам ажратиб беради… Устоз, йўқ деманг. Ана ундан кейин сиз фақат бир нарса тўғрисида ўйлайсиз. Мен ва менга ўхшаганларга таълим бериш тўғрисида…

— Унда ихтиёрингиз.

Фазлиддин шу заҳоти устозининг паспортини олди.

Эртасига уни корхона эгаларидан бири қилиб нотариус орқали расмийлаштирди. Кейин бошқа ҳужжатларга ҳам унинг номи тиркалди. Бундан бу ёғига қори Муҳаммад Али Фазлиддин ташкил қилган кооперативдан улуш оладиган бўлди…

Вақт ўта кескин ва шафқатсиз эди. Шиддат билан ўтиб борарди. Фазлиддин киприк қоқишга-да улгурмасди, қараса, кун кеч бўлиб турибди. Дарров режаларини бирма-бир кўриб чиқади. Камида уч-тўрттаси бажарилмай қолиб кетган. Уларга шунчаки вақт етмаган бўларди.

Сўнгги пайтда унинг атрофида талабалар жуда кўп тўпланишаётган эди. Айнан улар Фазлиддиннинг энг кўп вақтини олиб қўйишаётганди. Сабаби, саволлари кўп эди. Саволларнинг ҳар бирига жавоб бериш энг ози билан беш дақиқани оларди. Айримларини ёзиб-чизиб бергунича Фазлиддиннинг бир соатга яқин вақти ўтиб кетар эди. У йўқ деёлмайди. Бировнинг кўнглини қолдиришни истамайди. Шунинг учун ҳам ҳорғин юрарди-да. Аммо унинг атрофида талабаларнинг тўпланиши домлаларга ҳам, ректоратга ҳам ёқмаётганди. Ахир у ҳали энди учинчи курсда ўқиётган студент, ким бўлибдики, ўқитувчиларни ортда қолдириб кетса? Бирорта студент домлага Фазлиддинга ёпишгандек ёпишмайди. Агар эртароқ бунақанги «иттифоқ»нинг олдини олишмаса, эрта бир кун бошқа нарсалар ҳам чиқиб кетиши мумкин.

Ана шундай кунларнинг бирида Барнонинг эри йиғилиш чақирди.

— Ўртоқлар, нима аҳвол бу? Менга жуда ёмон гаплар келяпти. Студент студент бўлиши керак. Унга ҳамма нарсани ўргатиб, кўрсатиб бўлмайди. Химия жуда нозик ва айни пайтда хавфли фан. Мабодо уни ёмон йўлда қўлласанг, исталганча хунрезликлар чиқиб кетиши мумкин. Шундай экан, дарров, бугундан қолдирмасдан, анави бола қилаётган ишларни тўхтатиш керак. Биринчидан, лаборатория ўша Фазлиддин исмли студент учун ёпиқ. Иккинчидан, дарслар мобайнида ва ундан кейин ҳам унинг атрофида иккитадан ортиқ студентнинг тўпланиши мумкин эмас. Ўзи шундоқ ҳам ҳозир мамлакатнинг ҳар томонида норозилик намойишларини ўтказаётганлар, тўполон қилаётганлар кўпайиб кетди. Ошкоралик бир баҳона бўляпти. Бундан жуда кўп бетайин одамлар усталик билан фойдаланишяпти. Ана шуларни ҳисобга олиб, ҳали айтган ишларимни амалга оширасизлар. Бунинг учун химия факультети декани шахсан жавобгар бўлади… Билишимча, у йигит ўзига кооператив очиб олган. Зўр даромад кўраётган эмиш. Мен, масалан, ҳалигача тузукроқ бирорта улов сотиб олганим йўқ. Ҳолбуки, профессорман. Оладиган маошим катта… Бироқ қаранг уни… Яна бир томони, марҳамат, у ўзининг ана шу корхонасини қилиб юраверсин. Бу ерда студентларни тўплаб, уларга бир нималарни ўргатишни бас қилсин. Керак бўлса, студентлар нималарни билиши керак бўлса, ўша нарсаларни домлаларимизнинг ўзлари ўргатиб қўяверишади…

Ректор маълумотларни Барнодан олганди. Барнонинг Малоҳатга пича ғайирлиги келганди. У ҳатто: «Шу чиройим, шу овозим билан Фазлиддинни ўзимники қилиб олсам бўларкан. Домланинг амалига учдим-да. Энди мана, нима бўляпти? Тўғри, ейиш-ичишимда, яшашимда муаммо йўқ. Ҳатто неча марталаб эрим билан дам олишларгаям бориб келдим. Бироқ, барибир, иккинчи хотин деган номим бор. Билмаганлар ҳавас қилишади. Билганлар эса қўлларини бигиз қилиб мени кўрсатишади. Қолаверса, ўзим ҳам бахтимнинг яримталигидан қийналаман. Ана шундай бир пайтда Малоҳатнинг юришини қаранг. Шодлигининг чегараси йўқ. Кунда янги бир нарса кияди. Бундан менинг ичим эзилади. Эзилганлигини у сезмайди ва баттар шодлигини кўрсатаверади», дея кўнглидан ўтказди. Кейин эрига ёрилди. Ўзини гўлликка солиб ёрилди. «Шу студент бошқа студентларни ўқитиши мумкинми?» деди. Эри ҳайрон бўлди. «Бу нима деганинг?» деди. Шундан кейин Барно Фазлиддин ҳақида завқ-шавқ билан, эрининг рашкини келтириб гапириб берди… Мана энди Фазлиддиннинг қаршисида катта тўсиқ пайдо бўлди.

Уни факультет декани чақирди. У профессор. Шундай шогирди борлигидан терисига сиғмай юрадиган одам.

— Болам, зўр илмнинг елкасида доим оғир юки бўлади. Уни кўтариб юриш осон эмас. Мен сендан жуда хурсандман. Агар менга қолса, бугуноқ сенга диплом берардим. Керак бўлса, сен билган нарсаларнинг анча-мунчасини кўп ўқитувчилар билишмайди. Аммо сенга ёқмайдиган бир нохуш гап айтмоқчиман. Айтмасдим. Бироқ менинг зиммамга юклаб қўйишди-да. Хуллас, бундан бу ёғига атрофингга студентларни йиғма. Улар тўпланмоқчи бўлишса ҳам, сен кўнма. Иккинчидан, ҳозирча лабораторияга кирмай тур. Аммо барибир кирасан. Лекин қачонлигини мен ўзим айтаман, — деди профессор хафа бўлиб.

— Нега, домла? — дея сўради Фазлиддин ҳайрон бўлиб.

— Айтдим-ку негалигини, болам. Мениям қийнама. Шу гапларни сенга айтиш қанчалик қийинлигини билсанг эди. Аммо барибир мен улар билан яна гаплашаман. Бу масалани шунчаки ташлаб қўймайман. Сенинг кўнглинг хотиржам бўлсин. Аммо ҳозирча айтганимни қилиб тур.

Фазлиддин бошқа ҳеч нарса сўрамади. Индамай «хўп», деди-ю, деканнинг хонасидан чиқиб кетди.

У кечгача ўзига келолмай юрди. Олдинига цехга борди, балки, бироз ёзиларман, деб ўйлади. Йўқ, ёзилмади. Кейин ўша янги қурилган ҳовлига келди. У ерда юқорида айтилганидай, тўртта кўрпача ва иккита ёстиқдан бошқа ҳеч нима йўқ эди. Уларни тўшаб ётмоқчи бўлди. Бироқ кўнглига сиғмади. Шундан кейин у боғни айланиб юриб, арчалар ёнига борди. Ниҳоятда тоза ҳаводан мириқиб симирди. Қандайдир енгил тортгандай бўлди. «Менга нима, — деди ўзига ўзи, — ўша лабораторияга киритишмаса киритишмасин! Ўзим бир нима қилиб лаборатория қилиб оламан. Керак бўлса, шу ерда. Курсдошларим, пастки курсдагилар, керак бўлса, ўзлари ўрганиб олишсин. Ана, китоблар қалашиб ётибди. Мен ҳатто уларнинг ҳаммасини тўлалигича ўқиб чиққаним йўқ!»

Сўзлари ўзига завқ берди ва у югуриб бориб, уйга кирди-да, кўрпачалардан бирини кўтариб келди. Арчанинг ёнгинасига, тўғридан-тўғри ерга ёзиб, ётиб олди. Осмонга тикилиб анча ётди. Кейин кўзини юмиб ухлаб қолди.

Агар дарвоза тақиллаб қолмаганида, у ухлашда давом этарди. Тургиси келмади. Бошини бирров кўтариб, дарвозахона томонга тикилди. Тақиллаш яна эшитилди. «Мен уйда йўқман. Мен бошқа жойларда юрибман. Ухлаяпман, туш кўраяпман, демак, бошқа жойда юрибман. Мени безовта қилманглар, дарвозани тақиллатманглар. Ўз ҳолимга қўйинглар», дея пичирлади Фазлиддин ётган жойида. Аммо келганлар яна дарвозани тақиллатишди. Илло, ташқарида унинг машинаси турарди. Машина турибдими, демак, уйда одам бор, деб ўйлашарди келганлар.

Фазлиддин ўрнидан туриб, дарвозани очишга борди. Кейин у бирдан сергак тортди. Чунки уникига Малоҳат билан янгаси келибди.

Фазлиддин кўзларини ишқалади.

— Менимча, туш кўраётган бўлсам керак, — деди жилмайиб.

— Ҳа, тушингизга сал-пал ўнгингиз ҳам аралашиб қолган, қайним. Нега бунча очишингиз қийин бўлди? — деди Лобар.

— Ҳа, озгина кўзим кетиб қолибди, — дея баҳона қилди Фазлиддин.

— Озгина эмас, яхшигина, денг. Қани, ичкарига бошланг, мен Малоҳатни бекордан бекорга олиб келганим йўқ.

— Хўўп, — деб Фазлиддин уларга йўл бўшатди.

— Малоҳат, — деди Лобар чаққон юраркан, — уйларнинг ҳаммасининг ўлчамини олиб чиқинг…

— Шартмас, — дея бирдан Малоҳатнинг ўрнига жавоб берди Фазлиддин, — мен ўзим айтиб бераман. Чизмадаги ўлчамларга қарайвериб, усталар билан ўлчайвериб, ёд олганман.

Лобар юришдан тўхтаб, ортига ўгирилди.

— Унда уйга кириб нима қиламиз? Ўлчамлари бўлса, шартта бозорга бориб, мос келадиган гиламлардан сотиб олайлик, — деди у.

— Янга, мен обдан ҳаммаёқнинг тити-питини чиқариб келдим. Ҳеч қаердан мебель ҳам, гилам ҳам тополмадим…

— Қайним, ҳали гапирмасимдан оғзимга уриб ташлайверманг. Малоҳат бўм-бўш уйга келмайди-ку. Нимадир қилиш керак. Қанча пул керак бўлса, ортиғи билан бор. Қолаверса, сиздай ҳамма нарсага чора топган одам шу битта мебель билан гиламга қолганда, бўшашиб ўтирадими? Бунинг устига, тўйга бор-йўғи ўн беш кун қолган бўлса.

Бу сафар Лобар кескин гапирди.

— Агар, — дея кулди Фазлиддин, — сизга ўхшаган яна битта янгам бўлганида, мени обдан қувалаб ураркансизлар.

— Яна битта бўлиши шарт эмас. Айтганимни қилмасангиз, ўзим ҳам уравераман. Керак бўлса, Малоҳатни икки марта тезлайман, кейин у ҳам менга қўшилиб сизни уришга тушиб кетади!

Фазлиддин шу заҳоти иккала қўлини ҳам кўтарди.

— Бўлди, янга, тавба қилдим. Бунинг устига, қаранг, каллам ҳам ишлаб кетди. Қўйлиқда битта магазин бор эди. Мебель магазин. Шуни бориб кўрмаганим эсимга тушди.

— Малоҳат, кўрдингизми, нима қилса, Фазлиддиннинг калласи ишлаб кетади!

Малоҳат жилмайди. Аммо унинг ғаши келиб турганди. Илло, Фазлиддинга ишлатилган ҳар қандай қўполликни у қачонлардан бери ўзига сингдиролмасди. Ҳозир эса лом-мим демади. Деёлмади. Ичидаги борини битта табассум билан изҳор қилди.

— Кетдик. Машинага ўтиринглар. Қўйлиққа борамиз, — деб Фазлиддин чўнтагига қўлини тиқди.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: