Тожикистон чегарачилари нега етти нафар афғонни отиб ўлдирди?
Тожикистон чегарачилари Таҳор вилоятидан Навобод қишлоғи орқали чегарани ноқонуний кесиб ўтишга уринган етти нафар афғонни отиб ўлдирди. Бу ҳақда «Hasht-e Subh Daily» хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса 9 апрель, сешанбага ўтар кечаси содир бўлган.
“Улар Тожикистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга уринган. Таҳор вилоятидан олинган маълумотларга кўра, бу шахслар наркотик моддалар контрабандаси билан шуғулланган. Ҳалок бўлганлар Таҳор ва Бадахшон вилоятлари аҳолисидир. Қурбонларнинг шахси ҳозирча аниқланмаган”, — дейилади хабарда.
“Толибон” ҳаракатининг Таҳордаги вакиллари ва Тожикистон расмийлари ҳозирча бу воқеага расман изоҳ бермаган. Таҳор вилояти Афғонистон шимоли-шарқида, Тожикистон чегараси яқинида жойлашган.
Тожикистон Ички ишлар вазирлиги «Asia Plus»га бу борада “республика Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига мурожаат қилган маъқулроқ” эканини айтди. Бироқ қўмита билан боғланиб бўлмаган.