Март ойида кўчмас мулк бозорида сезиларли пасайиш кузатилди

Март ойида кўчмас мулк бозорида сезиларли пасайиш кузатилди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази март ойида Ўзбекистон кўчмас мулк бозори ҳолати бўйича маълумотларни эълон қилди. Кўчмас мулк бозоридаги фаоллик февраль ойида бироз ошганидан сўнг март ойида сезиларли пасайиш қайд этилди.

Ой давомида кўчмас мулкни сотиб олиш ва сотиш бўйича 17,8 мингта шартнома тузилди, бу февраль ойига нисбатан 20 фоизга кам.

2024 йилнинг I чораги якунларига кўра, кўчмас мулк бозори ўтган йилга нисбатан бироз ўсган (0,3 фоиз). 2022 йилнинг I чорагига нисбатан 3 фоизлик ўсиш қайд этилган.

Ҳудудлар кесимида
Ҳудудлар бўйича кўчмас мулк бозоридаги фаолликнинг энг кескин пасайиши Наманган (27 фоиз) ва Фарғона (28 фоиз) вилоятлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида (26 фоиз) қайд этилди.

Кўчмас мулк бозорининг қарийб 28 фоизи улуши Тошкент шаҳри ҳиссасисига тўғри келди, март ойида пойтахтда кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича тузилган шартномалар сони 5,34 мингтани ташкил этди, бу февраль ойига нисбатан 20,7 фоизга кам.

Тошкентдаги уй-жой ижара бозори
Март ойида пойтахтнинг уй-жой ижара бозорида харидорларнинг фаоллиги 2,2 фоизга камайди ва 1 квадрат метр учун ижара нархи ўртача 8,6 долларни ташкил этди. Шайхонтоҳур, Яккасарой ва Миробод туманларида ижара нархи юқорилигича қолмоқда, бу ҳудудларда ижара нархи бир квадрат метр учун 10,6 долларни ташкил этади. Учтепа, Сергели ва Бектемир туманларида уй-жой ижараси учун нисбатан арзон нархлар сақланиб қолмоқда, бу ҳудудларда ўртача ижара нархи бир квадрат метр учун 6,7 долларни ташкил қилади.

Шу билан бирга, 2023 йилнинг март ойига нисбатан Тошкент шаҳрида ижара бозори 5,2 фоизга қисқарган. Нархларнинг энг тез пасайиши қайд этилган туманлар эса Яшнобод (10,3 фоиз), Миробод (10,9 фоиз) ва Яккасарой (13,3 фоиз) бўлди.

Иккиламчи уй-жой бозори
Март ойида иккиламчи уй-жой бозори 0,5 фоизга ўсди (февралда 0,8 фоизга ўсганди). Йиллик шартларда иккиламчи бозор нархлари 14,1 фоизга ошди. Тошкент шаҳри (24,8 фоиз), Бухоро (25,1 фоиз) ва Хоразм вилоятларида (20,1 фоиз) сезиларли ўсиш қайд этилди. Пойтахтда иккиламчи уй-жой нархларининг ўсиши ҳам секинлашди. Агар март ойида Тошкент шаҳрида иккиламчи уй-жойларнинг ўртача нархи 0,2 фоизга ошган бўлса, февраль ойида ўсиш 1,6 фоиз бўлганди. Нарх ўсишининг энг юқори суръатлари Бектемир (3,3 фоиз), Олмазор (1,8 фоиз) ва Сергели (1,8 фоиз) туманларида қайд этилди.

Умуман олганда, йил давомида пойтахтдаги иккиламчи уй-жой бозори 14,3 фоизга ўсди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: