Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (88-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (88-қисм)

Эртасига у отаси билан бирга шаҳарга борди. Асфальт билан шуғулланадиган корхона раҳбарига учрашди. Арман одам экан. Кўзлари олайган, серсоқол, бурни узун, бўйи пастак одам. Унинг башараси шунақанги совуқ эдики, ҳатто Фазлиддиннинг эти жимирлади. «Алдайди», деган ўй келди хаёлига ва чув тушиб қолмаслик учун кимлигини айтди.

— Эй-й, бўлди, танидим, — деди арман, — чемпион бола. Биз сенинг чемпионлигингни нишонлаганмиз. Мен нақ Арманистондан энг зўр коньяк келтирганман ўшанда. Кейин ўша пайтдаги обкомга, ҳозирги ҳокимга маишат уюштириб берганман тоғда.

— Унда бегона эмас эканмиз. Пулни ўтказиб беришади. Фақат бир илтимос, асфальтни ҳокимият қилдиряпти, дейсиз.

— Бу ёғига иш тутма. Мен бугун кечга ҳамма техникаларни жўнатаман.

— Шартнома беринг.

— Фақат битта «но» бор.

— Нима экан у?

— Пулнинг бир қисмини нақд беришингга тўғри келади. Чунки мен баъзи ходимларнинг қўлларига пул бермасам, ишни кўнгилдагидай қилишмайди.

— Бўлди. Мен эртага эрталаб Тошкентга кетаман. Кечгача Худо хоҳласа, пулни етказаман.

Келишувга эришилди. Гарчи бу келишувда Фармон ака ҳам иштирок этган бўлса-да, у гап-сўзларга аралашмади. Танасидаги оғриқ безовта қилиши тўхтамади. Шу боис у гапирмади. Ўзи билан ўзи овора бўлиб ўтирди.

— Турқи совуқ экан-у, лекин ичи қандайлигини билиб бўлмайди. Алдамас, — деди улар қишлоққа қайтаётганларида.

— Ҳа-а, майли, кўрамиз. Аммо шартноманинг борлигиям яхши бўлди.

Фазлиддин бомдодни ўқиб бўлиши билан йўлга чиқди. Келишилганидай, Алишернинг уйига бориб уни миндириб олди…

Пешин вақти яқинлашганида Тошкентга кириб келишди. У аввал цехга борди. Акаси билан учрашди. Наташага банкдан дивиденд пулини олиб келишни буюрди. Шу кунларда банкдан пул олиш муаммо эмасди. Чунки пул алмашармиш, деган гаплар чиқиб қолганди. СССРнинг пули ишламай қўйганига анча бўлиб қолди. Ҳозир ҳамманинг қўлида сўм-купон. Бировларда миллиардгача сўм-купон бор. У қоғоздай бир гап. Эҳтимолки, баъзи бировлар оддий типографияда қўлболасини чоп этишни бошлаб ҳам юборгандир. Шунингдек, доллар деган матоҳ ҳам пайдо бўлиб қолган. Қадри баланд. Катталар умуман сўм-купонга қарамай қўйган. Нима бўлса, долларга чақишни одат қилиб олишган.

Фазлиддин икки кунини йўлни асфальт қилишга сарфлади. Ҳар қалай, шартнома, пул беришга шунча вақт кетди. Кейин у истаб-истамай Тошкентга қайтди. Чунки отасидан хавотирда эди. Отаси бир неча марта кўзини чирт юмиб-очганини, танасининг қаеридир оғриқ бераётганини сезди. «Юринг, бошқа ҳамма ишларни қўяйлик, сизни Тошкентга олиб борай, таниш дўхтирларим бор, шуларга кўрсатаман», деди. Бироқ отаси унамади. «Қўй, болам, манави қилаётганларинг гарчи сенга билинмаётган бўлса ҳам, аслида, жуда катта иш. Шуни бир ёқли қилайлик, кейин бораман», деди. Фазлиддин отасининг бу гапига кўнмади. «Бошқа бировга илтимос қиламиз, қишлоқда тилига маҳкам, виждонли одамлар кўп. Шулардан бирортасига айтамиз, қараб туради», деди. Бироқ барибир Фармон ака кўнмади. «Сен кетавер, ўзим биламан қачон боришни. Мендан хавотир олма», деб уни жўнатиб юборди.

Шу билан ҳардамхаёл бўлиб Фазлиддин Тошкентга келди. Аммо бир ҳафтани зўрға ўтказди. Игнанинг устида ўтиргандай бўлди. Цехга боради. Акаси Фахриддин ва унга ёрдамчи қилиб қўйган дўсти Алишер билан бир муддат гаплашиб туради. Кейин бухгалтерияни текширган бўлади, сўнгра тўғри қори Муҳаммад Алининг ёнига боради. Ундан ўзи билмаган нарсаларни сўрайди. Эшитганларини хотирасига жамлаб, уйига келиб дафтарга ёзиб қўяди, кейин Қуръон ўқишга тушади. Уч соат тўхтамай тиловат қилади. У ёғи Малоҳат билан ўғлини ўйнатади. Бироқ ҳамиша хаёлида отаси. Эсламайин, десаям, эсига келаверади. Охири Малоҳатга ёрилди. Шунда ҳам Малоҳат унинг ҳардамхаёллигидан хавотир олиб сўрайверганидан сўнг ичидаги дардини айтди.

— Балки, борармиз қишлоққа, — деди Малоҳат.

— Ўзим ҳам шуни мўлжаллаб тургандим. Йўқ, десаям, машинага мажбурлаб ўтқазиб олиб келаман, — дея хўрсинди Фазлиддин.

Хавотири бекорга эмас экан…

У қишлоққа кириб борганида, йўлнинг асфальт бўлганини кўриб қувонди. «Арман алдамабди. Арман сўзининг устидан чиқибди», дея кўнглидан ўтказди. Қишлоқнинг ўртасига етганидан сўнг эса Абдураззоқ ака унинг машинасига «тўхта» ишорасини берди. Абдураззоқ ака Фармон аканинг жўраси. Улар мактабда бирга ўқишган. Лекин у икки ёш катта. Мактабга боришга имкони бўлмаган экан. Оёқ яланг, қорни оч юраркан. Мутлақо етим бўлган экан. Ота-онаси кичкиналигида ўлиб кетишган экан. Кейин яқин қариндошлари бирин-сирин дорилбақога равона бўлишиб, унинг ёлғиз ўзи қолибди. Болалигида уйма-уй юраркан. Шу йўл билан бирор нималар еркан… Кейин ҳаммани бирдай ака, бирдай опа дейишга тушибди. «Қишлоқнинг ҳамма одами менинг қариндошим», деркан. Қўлидан иш кела бошлаганидан кейин эса, ҳар кимнинг юмушини қилиб бериб кетавераркан. Кейинроқ қишлоқнинг одамлари жамланиб, уни уйлантириб қўйишибди. Ҳозир унинг болалари кўп. Ҳаммаси меҳнаткаш одамлар.

Фазлиддин унинг ёнгинасига машинасини тўхтатди-ю, ўзи дарров машинадан тушиб салом берди.

— Менга қара, — деди Абдураззоқ ака унинг саломига алик олганидан кейин қўлини маҳкам тутиб, — ҳокимият трансформаторимизни алмаштирди, дейишди. Шундан бери чироғимиз ўчмайди. Мен шу ишни ҳокимият қилганига сира ишонгим келмаяпти-да. Мабодо, бунда сенинг қўлинг йўқми?

— Йўқ, — дея кулди Фазлиддин, — мана, йўлларингиз ҳам асфальт бўлиб қолибди…

— Ҳа-а, шундай бўлди. Бу ҳокимиятдагилар бирдан шунча нарсани бизга қилиб бергани одамда қандайдир шубҳа уйғотади-да. Шу пайтгача қанча катталар келиб кетди. Лекин бирови қиламан демади. Эшитишимга қараганда, бу гаплардан раисниям хабари йўқ экан. Аммо одамлар сени қилган дейишяпти.

— Мен қандай қиламан? — деди Фазлиддин.

— Билмасам. Лекин одамлар: «Унинг қўлидан ҳар нима келади», дейишяпти-да. Қишлоқдан шунча одамни олиб бориб ишлатяпсан. Яна чемпион бўлганларинг… Агар сен аралашмаганингда, бу гаплар бўлмасди. Чунки қишлоқдан машҳур бўлиб чиққан битта сенсан. Агар сен қилмадим, десанг, ҳокимиятдагиларга ҳақиқатан ҳам инсоф кирибди. Шу билан бирга, бошларига балони сотиб олишибди. Энди бошқа қишлоқдагилар ҳам отларини қамчилашади. Ана кўрасан можарони.

Фазлиддин шу томонини ўйламаганди. Шу боис бирдан хомуш тортди.

— Айтганча, — деди бирдан Фазлиддиннинг юзига тикилган Абдураззоқ ака, — отангнинг сал мазаси қочибди. Кеча кўчада масжидда кўргандим, ранги бироз оқариб турган экан. Бугун эшитсам, кўрпа-ёстиқ қилиб ётиб олибди. Овози хириллаяпти, дўхтирга олиб бормасанг бўлмайди. Укангни уришдим. У: «Менга нима дейсиз? Неча марта айтдим, лекин гапимга қулоқ солмади», дейди. Энди ўзинг олиб бор, сенинг гапингни олади.

— Хўп, — деди мутлақо кайфияти тушган Фазлиддин машина эшигини очаркан.

Эрининг юзидаги ўзгаришни кўриб, Малоҳатнинг юраги орқасига тортиб кетди ва дарров Фазлиддиннинг елкасига қўлини қўйди.

— Унчалик хавотир олманг, оддий касалликдир, дарров ўтиб кетар, — деди.

Фазлиддин унга жавоб бермади.

Фармон ака қийналиб нафас оларди. Унинг бу ҳолини кўрган Фазлиддиннинг кўзидан ёш чиқди.

— Ҳозироқ дўхтирга борамиз, — деди у отасининг қўлини ушлаб.

— Қўй, болам. Дўхтиринг нима қилиб берарди? Ўтиб кетади. Менимча, шамоллаганга ўхшайман, — дея ўғлига қараб қўйди Фармон ака.

— Йўқ. Ҳозир мен бориб машинани яқинроққа олиб келай, — деб Фазлиддин ўрнидан турди.

Фармон ака ўтиролмади. Ўтиришга мадори етмади. Шу боис орқа ўриндиққа ётқизишди уни.

— Болам, — деди улар қишлоқдан чиққанларида, — бекорга овора бўласан-да.

— Ота, сира овора бўлмаймиз. Қайтага, олдинроқ боришингиз керак эди… Кейин ҳеч нимани ўйламанг, яхши бўласиз. Битта-иккита уколдан кейин дарров ўзгариш сезасиз, — дея Фазлиддин отасининг кўнглини кўтарган бўлди.

Фармон акани кўрган навбатчи врач уни дарров жонлантириш бўлимига йўналтирди.

— Шунчалик бўлгунча индамай юравердингларми?! — дея Фазлиддинни койиб ҳам берди.

Фазлиддин шундан билдики, отасининг аҳволи у ўйлаганидан ҳам анча оғир экан. Унинг ичида бир нима чирт этиб узилгандай бўлди. «Аллоҳим, ўзинг шифо бер отамга», дея кўнглидан ўтказди.

— Ака, — деди ташқарида қолган ука Фазлиддиннинг хомуш бўлиб чиққанини кўриши билан, — нима дейишди?

— Айтарли ҳеч нима. Шу ҳолга келгунча юравердингларми, дейишди.

— Мен минг марта отамга айтдим, шу қишлоқ шудгорда қолиб кетсин, дедим. Юринг, дўхтирга борайлик, дедим. Лекин гапларимни бир тийинга олмади. Билганини қилиб юраверди. Асфальтчилар келганида, уларнинг ёнига бориб туриб олибди. Ўзи бир аҳволда. Яна кетдик, десам, кўнмайди. Бундан ташқари, анави трансформаторниям ўрнатаётганларида тепасида турди. Қишлоқдан мингта одам турди. Лекин отам ҳам шу ёқдан қимирламади. Бўлмаса, кўрганлар: «Сиз уйга бориб дамингизни олаверинг», дейишди. Лекин…

— Бўлди, — дея укасининг гапини бўлди Фазлиддин, — яхши бўлиб чиққанидан кейин қолган гапларни ўзига айтасан.

Фазлиддиннинг ичини бир нима кемира бошлади. Унинг хаёлида ҳозир отаси жон талвасасида ўлим билан олишаётгандай эди… Қулт этиб ютинди у.

Фазлиддин бир-бир қадам босганча машина ёнига борди. Ўриндиққа ўтириб, пешонасини рулга қўйди. «Эй, Худо, ўзинг отамнинг дардига шифо бер», дея пичирлади.

— Ака, нима қиламиз? — дея сўради унинг ортидан келган укаси.

Шунда Фазлиддин бошини кўтарди.

— Кутамиз. Ҳозир кутишдан бошқа иложимиз йўқ. Дўхтирлар бир-иккита укол қилишсин, отам сал ўзига келсин, кейин ёнига кирамиз, — деб жавоб қайтарди Фазлиддин укасининг кўнглини кўтариш учун.

— Ўзига келармикан?

— Бу нима деганинг?

— Ўзингиз шу пайтгача юравердингларми, деб айтди дўхтирлар дедингиз-ку.

— Шундай деган бўлсам, отам тузалмайди, деганиммас-ку. Ўзи дўхтирлар касалларни кўрганида шундай дейишади.

— Ҳимм. Мен бориб бирор нима олиб келайми?

— Нима бирор нима?

— Ейишга-да. Янгам: «Акангиз эрталабдан бери ҳеч нима егани йўқ. Борганингиздан кейин ошхонадан егулик олиб келиб беринг», деганди.

— Ҳимм. Йўқ, керакмас. Ҳозир томоқдан ҳеч нима ўтмайди. Кейинроқ, отамнинг аҳволи яхшиланганини кўрайлик, сўнг еймиз.

— Бўпти…

Фазлиддин касалхона томонга қаради. Шунда унинг эшиги очилиб, отасини қабул қилиб олган дўхтир кўринди. Фазлиддиннинг бирдан юраги орқага тортди.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: