Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (89-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (89-қисм)

У машинадан тушди. Бир-бир қадам босганча, дўхтир чиқиб келган эшик томон кета бошлади. Қадамлари оғир эди. Секин юрарди. Ўзига кучи етмаётганди. Бундан дўхтир безовталанди.

— Тезроқ кел! Тезроқ! — деди у овозини баландлатиб.

Шунда Фазлиддин бирдан югуришга тушди.

— Отанг сени сўраяпти. Сен битта ўғилмисан? — деди дўхтир Фазлиддин унинг ёнига бориши билан.

— Йўқ, укам ҳам бор… Отам… отам яхшими? — дея сўради Фазлиддин қўрқа-писа.

— Унчаликмас. Укол қиляпмиз. Инфаркт…

Фазлиддиннинг қулоғи шанғиллашга тушди. У дўхтирнинг кейинги гапларини эшитмади ҳисоб. У билан укасига оқ халат беришди. Тўғрироғи, эшик ёнидан ўтаётганларида ҳамширанинг ўзи ака-уканинг елкаларига ёпиб қўйди.

Ота бир ўзи битта хонада. Шифтга қараб ётибди. Оғир нафас оляпти. Оғзи хиёл очиқ… Манзара Фазлиддиннинг юрагини баттар ўйнатиб юборди. У секин бориб, отасининг каравоти ёнига тиз чўкди.

— Ота, яхшимисиз? — деди паст овозда.

— Тур…

Фармон аканинг овози жудаям ожиз эди.

Фазлиддин титраб-қақшаб ўрнидан туриб, отасининг юзига қаради.

— Болам, менинг куним битганга ўхшайди. Мендан рози бўлинглар…

— Ота, ундай деманг, яхши бўлиб кетасиз ҳали, шунчаки…

— Гапимни бўлма. Иноқ бўлинглар. Мен қўлимдан келган ҳамма нарсани бердим. Бундан ортиғига кучим етмади. Энди… Энди «Ёсин» сурасини ўқи, мен калима қайтариб тураман. Энангни авайланглар…

Фармон ака кўзини юмди. Энди унинг лаблари билинар-билинмас қимирлай бошлади. Фазлиддин тиловат қила бошлади. Шу билан бирга унинг кўзидан узлуксиз ёш оқарди. Орқароқда яна бир йиғи эшитиларди…

Фазлиддин сурани охиригача ўқиб бўлиши билан Фармон ака «уфф»га ўхшаш овоз чиқарди…

— Ота! — деди Фазлиддин отасининг қўлини ушлаб. — Ота!!!

Ака-уканинг бақириб юборганларини эшитган йўлакдаги дўхтир-у ҳамширалар палатага югуриб киришди… Фазлиддин билан укасини эса чиқариб юборишди…

Фазлиддин нима бўлганини тушуниб-тушунмай ташқарига йўл олди. Ортидан укаси эргашди. У узлуксиз овоз чиқариб йиғлар эди. «Наҳотки шунчалик осон бўлса? Бутун бошли одамнинг жони чиқяпти! Бу шунчаки нарса эмас. Аммо унинг чиқишига биргина «уфф» етарли! Ё раббим, қудратингнинг чек-чегараси йўқ! Шу билан ҳам менга жуда катта дарс ўтиб қўйдинг. Минг ўлиб-тирилишлар, югуриб-елишлар, талашиб-тортишишлар ва яна бошқа ҳамма нарса шу битта «уфф»га тенг келолмаскан. Шундоқ экан, бу дунёнинг матоҳлари учун жонни жабборга бериш шартми?!»

— Ака!..

Фазлиддин тўхтаб, ортига бурилди.

— Нима қиламиз энди? — сўради ука кўзидан ёшини оқизиб.

— Сен ҳозироқ уйга жўна. Тўғри бориб Абдуалим акамга учраш. Унга ҳаммасини айт. Бақир-чақир қилмасин, секин уйга бориб… Йўқ, энамга айтишни Малоҳатга тайинла. Малоҳат ётиғи билан тушунтиришни билади. Абдуалим акам эса тайёргарлигини кўрсин. Қариндош-уруғ, таниш-билишларга, қўшниларга хабар берсин. Мен… Мен отамни олиб бораман! — деди унга Фазлиддин.

— Бир ўзингизми?

— Ҳа. Айтганимни қил! Оёғингни қўлингга ол!..

Ука югуриб кетди. Фазлиддин эса арча остидаги ўриндиққа ўтирди. Унинг елкасига биров тегирмон тоши қўйгандай эди. Бироқ шу заҳоти ўрнидан турди. Чунки нега бу ерга ўтирганини ўзи ҳам тушунмади.

Касалхона томон югурди.

Дўхтирлар отасининг устига оппоқ чойшаб ёпиб қўйишибди… Фазлиддин хонада узоқ туролмади. Юраги бардош бермади. Аслида, отасининг юзини очиб, у билан видолашмоқчийди. Эпини қилолмади. Ўпкаси тўлиб кетаверди…

Йўлакда эса у дўхтирга дуч келди.

— Ҳозир отангизни ўликхонага жўнатамиз, — деди дўхтир худди ҳеч қанақанги воқеа содир бўлмагандай.

— Нега? — дея сўради Фазлиддин пешонасини тириштириб.

— Қоида шунақа. У ерда нимадан ўлганлигини таҳлил қилишади.

— Таҳлилнинг нима кераги бор? Шундоқ ҳам айтдингиз-ку нима бўлганлигини.

— Ҳа, шундай. Лекин барибир яна бир марта текшириш керак.

— Шу билан отам тирилиб қоладими?

— Мен сенга қоида шунақа деяпман.

— Қоидани йиғиштириб қўйинг. Бир тийинга қиммат қоида! — деди Фазлиддин жаҳл билан.

— Унда, — деб мўйловини силаб қўйди дўхтир, — бош врач билан ўзинг гаплаш, агар рухсат берса, олиб кетаверасан.

— Қаерда бош врач?

— Қўнғироқ қил. Хонаси бошқа касалхонада.

— Қани телефон?

— Орқамдан юр.

Фазлиддин дўхтирларнинг хонасига кирди. Иккита дўхтир ўтирган экан. Улар Фазлиддинга қараб ҳам қўйишмади.

Фазлиддин қўнғироқ қилди. Рақамларни ундан олдин кирган врач айтиб турди. Гўшакни каттакон кўтарганидан кейин эса ўзини таништирди. Бош врач бирдан уни олқишлашга тушди, сўнг нима гап-сўзлигини сўради. Фазлиддин отаси касалхонада вафот этганлигини, аммо унинг жасадини беришмаётганини, «моргдан оласан», дейишганини айтди.

— Йўқ. Сенга мумкин! Сенга баъзи бир қоидалар ишламайди. Жудаям афсусдаман. Таъзиямни қабул қил. Уйингга бораман. Энди ёнингда ким бўлса, ўшанга гўшакни бер, — деди бош врач.

Даволовчи дўхтир «хўп бўлади»дан бошқа гап айтмади…

Касалхонадагиларнинг ҳаммаси кутилмаганда бирдан қайғуга ботиб қолди. Сўнг ўзлари битта тез ёрдам машинасини беришди. «Шунда олиб бориб беришади. Сен олдинда кетавер», дейишди…

У боргунича уй азахонага айланишга улгурган экан…

Стулча топиб олди. Узум сўрисининг тагига қўйди. Қулоқларини кафтлари орасига олиб, отаси ҳақидаги хотираларга берилди. Токи Малоҳат уни кўриб қолиб, ёнига келиб елкасига қўлини қўймагунча…

Фазлиддиннинг кўзидаги ёш Малоҳатнинг баттар ўпкасини тўлдирди. У чидаб туролмади. Ахир қандай чидасин? У севган, ардоқлаган одамнинг кўзидан ёш оқаяпти, унсиз… Буниси ёмон, овоз билан бўлса, ичдан кўп нарсалар чиқиб кетади…

У кафтлари билан эрининг кўзидаги ёшни артди.

— Бирор нима еб олинг, — дея шивирлади.

— Йўқ, еёлмайман. Томоғимдан ўтмайди…

— Ундай қилманг. Мажбурлаб бўлса ҳам енг. Чарчаб қоласиз. Кўп одамлар келади. Кўп нарсани сиздан сўрашади. Кўп нарсаларда маслаҳатингиз керак бўлади, — деди Малоҳат ютиниб қўйиб.

— Акамга хабар беришдими? — сўради Фазлиддин.

— Ҳа. Улар ҳам йўлга чиқишибди. Юринг ошхонага. Шўрва бор. Ҳеч қурса, шунинг сувига нон ботириб енг…

Фазлиддин бу сафар унинг айтганига кўнди.

Эртасига таъзияга ҳаддан зиёд кўп одам келди. Ҳоким келди. Йўлни асфальт қилган армани келди… Аммо жуда кўпчиликни Фазлиддин танимади. Эҳтимол, уларнинг бари отасининг таниш-билишлари бўлса керак.

— Ҳамма нарсадан хабарим бор. Йўлни тузатишда, трансформаторни алмаштиришда отангнинг шахсан ўзи бош-қош бўлиб турган экан. Аммо раҳматли роҳатини кўролмай кетди… Бошқалар кўрсин. Сабрли бўл, ука! — дея ҳоким Фазлиддинни қучиб, унинг елкасига қоқиб қўйди.

Ҳамма кетди. Отасининг қабри ёнида Фазлиддингина қолди. У қабрдаги сўроқ-савол маййитни кўмганларнинг сўнггиси етти қадам узоқлашганидан сўнг бошланади, деган ривоятни ўқиган эди. Шу боис кетмади. «Ёсин» сурасини ўқиди. Отаси сўнгги нафасларини олаётганида ҳам шу сурани ўқиганди. Энди қабрга кирган илк лаҳзаларда ҳам шу сурани тиловат қилди. «Отам қабрга мослашиб олсин. Сўроқ-саволга тутувчи фаришталар ишларини бошлашларидан олдин қўрқувни енгиб олсин», деди…

Малоҳат эса хавотирда эди. Қайнукаси, қайнакаси қабристондан тўғри ҳовлига келди. Бироқ унинг эри йўқ эди. Нигоҳлари билан ҳов нарида турган одамларнинг орасидан Фазлиддинни қидирди. У ерда ҳам йўқ эди. Дарров қайнисининг ёнига келди.

— Акангиз қани? — дея шивирлаб сўради ундан.

— Қабристонда, отамнинг ёнида қолди, — деб жавоб берди қайниси.

— Нега?

— Билмайман.

Йиғлайвериб кўзлари шишган Малоҳатнинг кўзидан яна ёш оқди. «Кўз ёшларим тугади», деб ўйлаганди у, бироқ ундай эмас экан…

Кўпчилик, айниқса, қишлоқдошлар Фазлиддин келгунича тарқаб кетишмади…

У бир ҳафта қишлоқда қолди. Шу кунлар мобайнида ҳар куни уларникига келиб-кетадиганлар бўлди. Юраги анча сиқилди. Сўнг ўзини қўлга олди. Шунга ўзини ўзи мажбурлади. Сабаби Худодан қўрқди. Ўйлаб қараса, Аллоҳнинг хоҳиш-истагига қарши бораётгандай…

— Эна, — деди у онасининг ёнига бориб, — бўлди, энди қайғуришларни тўхтатамиз. Отамни ҳаммамиз яхши кўрардик. Лекин уни Аллоҳ ёнига чақириб олди. Бундай пайтда ҳеч кимнинг қўлидан ҳеч нима келмайди. Яна тақдиргаям қарши бориб бўлмайди.

— Майли. Сенлар ўйнаб-кулиб юраверинглар. Чунки осмондан тушиб қолгансанлар, — дея онаси кўзидаги ёшини рўмолига арта бошлади.

— Эна, ундай қилманг. Айтаяпман-ку, ҳаммамиз ўзимиздан ҳам кўпроқ яхши кўрардик, деб. Энди Худонинг қаҳрини келтиришга ҳаққимиз йўқ. Таъзия уч кун. Шу уч кундан кейин хаёлимизда, дуоларимизда отамизни эслаб, ишларимизни давом эттираверишимиз керак.

Она индамади.

Фазлиддин кейин Малоҳатга, опасига, сингилларига тушунтирди. «Энамнинг кўнглини кўтаринглар, кўп қайғуравермаслик кераклигини айтинглар», деди.

— Укажон, кўп айтдик. Лекин эшитишни хоҳламаяпти. Эшон қишлоқдан Моҳигул бувини олиб келиш керак. У отинойи. Шу аёл энамга тушунтира олади. Шу аёлнинг гапини олади энам, — деди опаси.

Фазлиддин шу заҳоти опасини машинага ўтқазди. Кейин улар биргалашиб, Эшон қишлоққа кетишди…

Бир ҳафтадан сўнг Фазлиддин Тошкентга қайтишга тараддудлана бошлади. У онасини ҳам олиб кетмоқчи эди, бироқ она унамади. «Ҳеч қурса, бирор ой ўтсин, кейин сен билан бирга бораман», деди.

Кун ўтиши жуда тез эди. Кўз очиб-юмгунча яқингинада кўриниш берган қуёш ботиб қўярди. Фазлиддиннинг назарида, у яна ҳеч нарсага улгурмагандай эди. Гўё ишларининг ҳаммаси жойида. Нимани режалаштирган бўлса, ўша амалга ошяпти. Бироқ барибир нимадир қолиб кетаётгандай туйилади унга. Охири чидаёлмади, тўғри устозининг ёнига борди.

— Мана шунақа, сира ўхшамаяпти, нимадир бажармаяпман. Нимадир қоляпти, — деди у қори Муҳаммад Алига.

— Қуръон ўқияпсизми? — дея сўради домла.

— Ҳа.

— Қанчалик?

— Эрталаб, кечқурун.

— Кун мобайнида ўқишнинг иложи йўқми?

— Билмадим…

— Мен ҳар икки кунда бир хатм қиладиган йигитни биламан.

— Қандай?

— Оддий. Юргандаям, тургандаям, ўтиргандаям, ҳатто автобусдаям ўқиб кетаверади. Ўзи дарс беради.

— Лекин бунинг учун қори бўлиш керак.

— Ҳа, шундай. Сизни ким ёки нима тўсяпти қори бўлишдан? Сизни билганимдан бери қанча дунёвий ишларни бажардингиз, аммо ҳалигача тўлиқ ёд олганингиз йўқ. Ҳаётга мазмун киритишнинг энг тўғри йўли — Қуръон ёдлаш, уни ҳар лаҳзада тилдан, дилдан туширмаслик.

— Тушундим, — дея жилмайди Фазлиддин.

— Яна уйқунинг ибодат эканлигини биласизми?

— Йўқ.

— Оббо, агар сиздай одам билмайман, деса, бошқалардан нима умид? Ухлаш, дам олишдан мурод — куч йиғиш. Куч йиғишдан мурод эса Аллоҳнинг каломини кўп такрорлаш ва дилу тилидагисига амал қилиш. Ана шунда бир кунда йигирма тўрт соат ибодатда бўласиз. Ишлашдан мақсад — болаларни боқиш. Болаларни катта қилишдан мақсад — ибодат қилувчилар сонини ошириш… Бу ёғи қолган амаллар ҳам шу тарзда давом этаверади.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: