Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (96-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (96-қисм)

Кейинги кунлари Малоҳатни гуноҳга ботириб қўйишни истамаган Фазлиддин роса уйқуси келгунича, бошқа хонада тиловат билан машғул бўлди. Шу тариқа ҳаш-паш дегунча бир ҳафта вақт ўтди.

Хадича опа таъзияга боролмаганди. Эри бориб келди. Аммо у имконини тополмади. Малоҳат қайтиб келса, ёнига ўтаман, деганди. Лекин Малоҳатнинг Тошкентга келганини ҳам кеч эшитди. Чунки имомликдан тушган ва эндиликда асосий вақтини уйида ўтказадиган, масжидга фақат намоз пайтларигина бориб келадиган, азбаройи бир қанча муддат аввал Фазлиддин муассис қилиб қўйган фирмадан келадиган даромаддан кун кўрадиган қори Муҳаммад Али Қорақалпоғистонга кетганди. Шу ёқдаги бир дўсти тўй қилибди. Қори борганидан кейин нақ бир ҳафта ушлаб қолибди. Домла келганидан кейин Фазлиддин билан масжидда кўришди. Шу ерда Малоҳатнинг келганини эшитди ва уйига бориб хотинига айтди.

Малоҳат эса Хадича опага ёрилди. Фазлиддиннинг устидан шикоят қилди. Ғам-андуҳда бир ўзини ташлаб кетганлигини айтди.

— Фазлиддин унақа йигит эмас. Фақат биз ўзимиз унинг елкасига керагидан ортиқ юкни қўямиз. Биламан, у ҳам сиз учун ҳар нарсага тайёр. Буни тўйларинг бўлгунича исботлаб бўлган. У ҳеч қачон амал, пул ва ҳаттоки илм билан ғўдайиб кетадиган одам эмас. Мен уни биринчи сафар кўрганимда қандай бўлган бўлса, ҳозир ҳам ўзгармаган. Бу сизнинг бахтингиз. Ҳаммамиз ҳам яқинларимизни йўқотганимизда қийналамиз. Кимдандир қандайдир нажот кутамиз. Бу нарса мутлақо нотўғри. Шуни сизга Фазлиддин кўрсатган. Аммо сиз билмагансиз… Дунёда аёллар, умуман, инсон зоти билмайдиган, тушунмайдиган, ақли етмайдиган нарсалар бор. Бекор қилибсиз ундан хафа бўлиб, — деди Хадича опа.

Малоҳат ундан бундай сўзларни кутмаганди. Шу боис қотиб қолди. Бекор айтдим, дея кўнглидан ўтказди.

— Агар Фазлиддинни хафа қилган бўлсангиз, бугуноқ ундан кечирим сўранг, — дея гапини давом эттирди Хадича опа. — Кейин худди ҳеч нарса бўлмагандай, олдин қандай яшаган бўлсанглар, шундай яшашда давом этинглар. Сизларга ҳамманинг, ҳатто менинг ҳам ҳавасим келарди.

— Йў-ўқ, биз унақа аразлашиб қолганимиз йўқ. Шунчаки, мен бироз гина қилиб юргандим.

Хадича опа кулди. Сўнг:

— Аслида, аёлларнинг ҳаммасида бор бунақа нарсалар. Ҳатто мен ҳам домладан бир неча марта аразлаганман. Кейин билсам, ҳаммаси бекор экан, — дея шивирлади.

Ана шундан сўнг Малоҳат ўзгарди. Яна аввалгидек эрининг оёқларини уқалади. Сўнг хафагарчиликларнинг баридан фориғ бўлди.

Шу кунларда вазият оғирлашиб бораётган эди. Илгари кўчани ўғри-каззоблар, йўлтўсарлар босиб кетган бўлса, энди уларнинг ўрнига мутлақо бошқалари чиқди. Вилоятлардан келганлар, агар ёнларида ўзларининг ким эканликларини билдирадиган қоғозлари бўлмаса, шаҳарга келишлари билан «овчи»ларнинг қўлларига тушар ва у ердан қутулиб чиққунларича бир-икки йилга қаришарди. Бундан ташқари, тадбиркорларга ҳам қирғин деган бир офат бостириб келди. Кимнинг машинаси зўр бўлса, ким бошқачароқ уй ёки ишхона учун иморат қуриб қўйса, дарров кўзга тушар ва вақти-соати келганидан кейин бирин-сирин ўша фирмалар, ўша одамлар инқироз кўчасининг энг тўрига ўтиб кетишарди… Буни қарангки, ҳатто чет элликлар ҳам ўзларининг «улушлари»ни ола бошладилар. Фазлиддин Каримбой аканинг чет элга қочиб кетганлиги ҳақида эшитди. Бунгача унга тегишли бўлган бир қанча заводлар, АЁҚШлар ёпилганди. У билан ишлаётганларнинг айримлари қамалганди. Кейин бирдан бу хабар чиқди. Бундан сал олдин эса Каримбой ака спортнинг энг катта ва зўр ҳомийси деган унвонга сазовор бўлганди. Буям ҳеч қаерда очиқ кўрсатилмади. Бироқ қулоқма-қулоқ одамлар орасида тарқаб кетди.

— Мен сенга айтган давр келганга ўхшайди, — деди Камол Шон Фазлиддинга, — яхшики, фирмани бир неча бўлакларга бўлиб ташлаганмиз, акс ҳолда, бизни ҳам босишаркан. Энди иложи бўлса, янада майдалашиш керак. Даромад жуда оз кўрсатилиши керак. Иложи бўлса, умуман нақд пул билан ишламайлик. Шартнома тузган фирмаларнинг бари пул ўтказиш йўли билан мол олишсин. Агар ҳозир тўртта фирманинг ёнига яна тўрттасини қўшсак, нақд пулларнинг бари йўқолади. Шунда озроқ даромад қиламиз, лекин тинч бўламиз… Аммо бундан ҳам афзали — биров билан, айниқса, анави ёқдагилар билан қасдлашиб қолмаслик керак.

— Майли, — деди анча ҳафсаласи пир бўлиб қолган Фазлиддин, — сиз нимани тўғри деб ҳисобласангиз шуни қилинг. Ҳозирги кунларда менга пулнинг ҳам унчалик зарурати йўқ.

— Биламан. Чет элдан ҳам оляпсан. Аммо ўша пулларни бу ёққа киргизма. Лондонга навбатдаги боришингда, шу ёқдаги бирорта банкдан ҳисоб-рақам оч. Оладиган маошларингни шу банкка йўналтир. Бундан ташқари, Фахриддинга айт, анави иномаркани сотиб юборсин ёки қишлоққа олиб бориб ташласин. Мен неча марта айтдим, лекин сира гапларимга кирмаяпти.

— Тушунмадим. Акам яна қанақа машина олди? — дея пешонасини тириштириб сўради Фазлиддин.

— «Жип», «Тойота»…

— Нима? Қачон?

— Хабаринг йўқми, бир ҳафтадан бери ҳайдаб юрибди-ку.

Фазлиддиннинг бошига биров гурзи билан ургандай бўлди. Ахир унинг ўзи «Ласетти»да юрибди. Шундаям, кўчада бунақанги машиналар кўпайиб кетганидан сўнг, акасининг, Алишернинг қистовидан кейин зўрға сотиб олганди. «Қиммат машина олиб борган жойга арзони ҳам олиб боради, менга бировлар «ўҳў!» дейдиган машинанинг умуман кераги йўқ», деганди. Аммо энг яқин дўсти ва қадрдон акаси ўжарлик қилиб туриб олди. «Сендай одамнинг «Нексия»да юриши уят. Агар олмасанг, ўзимиз бозордан олиб, уйингга олиб бориб ташлаймиз», дейишди. Шундан сўнггина Фазлиддин кўнди.

Энди билса, улар бекордан-бекорга шундай дейишмаган экан. Мақсадлари ўзларининг йўлларини очиш экан…

— Раҳмат, ака, яхши айтдингиз. Энди эътиборлироқ бўламан, — деди Фазлиддин.

У цехда эди. Ишларнинг кетишини кўргани борганди. Цех ёнида «Тойота-Жип»ни кўрганди. Бирорта бақувватроқ мижозники бўлса керак, деб ўйлаганди. Энди билса, ўша бақувватроқ одам ўзининг акаси экан.

Акасининг ишхонаси цехнинг чап қанотида, олти ой олдин алоҳида бир дид билан қурилган. Гарчи ташқаридан кўринмаса-да, ичкарига кирганингиздан кейин унинг ҳашамдорлигига гувоҳ бўласиз. Фазлиддин бунга ҳам норози бўлганди. «Шартмас бундай қилиш», деганди. Бироқ Фахриддин унга: «Клиентлар анча нозиклашиб қолишди. Илгари қўлларига текканини хурсанд бўлиб олишарди, энди танлашяпти. Келганларида жиддий ташкилотлигимизни билишса, бошқачароқ муомала қилишади», деган эди.

— Ака, — деди Фазлиддин биродарининг хонасига кириб…

— Эй-й, ука, бормисан? Бир ойдан бери кўринмайсан! — дея қучоғини очди Фахриддин.

— Менга қаранг, — деди Фазлиддин у билан кўришмасдан, — ташқаридаги «Жип» кимники?

— Ҳа, энди, ука, билиб-билмай олиб қўйдим-да. Сенга сюрприз қилмоқчи бўлгандим.

— Ҳозироқ йўқ қилинг.

— Нега?

— Чунки унинг орқасидан бошқача сюрприз келади.

— Нималар деяпсан?

— Эшитмадингизми? Ҳозир бир нималарни кўз-кўз қиладиган замон эмас, ака. Нима, атрофингизда бўлаётган воқеаларни кўрмаяпсизми? Менман деганларнинг оёқлари осмондан бўлиб кетяпти. Айни мана шундай бир нималарини бир жойларда мақтаб қўйганликлари учун.

— Лекин…

— Лекин-пекини йўқ, ака!..

— Бунча қўрқасан?!

— Гап менинг қўрқиш-қўрқмаслигимда эмас.

— Тоза ишлайдиган бўлсак.

— Ака, бу гапингизни менга айтасиз. Лекин кирингизни топаман деган одам бир кунда топади. Сизни текширгани келган одамнинг нияти битта бўлади. Нима қилиб бўлса ҳам камчилик топиш. Топганда ҳам каттароғини топиш. Кейин… Неча марта текширув келди ишлаганингиздан бери?..

— Ҳа, энди бирор тўрт-беш марта.

— Шулардан биттаси сенинг ҳамма амалинг тўғри экан, деб кетдими? Йўқ. Менга билдирмасдан, айтмасдан пора бердингиз, оғзини ёпдингиз. Тўғрими?

— Хўп, нима дейсан?

— Бунақаси кетмайди. Ўзини авайлаганни Худо ҳам авайлайди. Бунинг устига, эндиги келадиганлари умуман бошқа ниятда келишлари мумкин. Агар буюртма билан келса, ҳеч нима қутқариб қололмайди.

— Шундай қуёнюрак бўлиб юраверамизми?

— Агар мени, отамни, онамни ҳурмат қилсангиз, машинани шу бугундан йўқотасиз. Сотасиз.

— Қиммат туради. Ким олади?

— Бўлмаса, қишлоққа олиб бориб қўйинг, оғил-поғилга тиқиб қўйинг, укамнинг номига ўтказиб қўйинг, ўзингиз анави «Ласетти»ни миниб юраверасиз. Хонаниям тўғриланг. Оддий бўлсин. Ортиқча лаш-лушларнинг ҳаммасини чиқариб ташланг. Керак бўлса, бировларга бериб юборинг. Ҳар хил картиналар, аквариумлардаги балиқлар, бўйи икки одам бўйидан баланд гуллар, Италия стол-стуллари, алламбало қандиллар нимага керак, ака? Нима, шу нарсалар бўлмаса, ишлаёлмай қоласизми?.. Ишни ҳозирдан бошланг… Ундан кейин «Ибн Сино»да қураётган уйингизниям тўхтатиб туринг. Адашмасам, уям икки қават…

— Лекин унинг ёнида меникидан зўр уйлар бор. Кўрсанг, эсинг кетадиган уйлар бор. Меники уларникининг олдида кичкинагина…

— Ака, қўйинг, керакмас. Шу уй умрингизга умр қўшадими? Шу уй ризқингизни кўпайтириб қўядими?

— Унда ҳеч нарса қилмаслигим керак экан-да. Балки, «лаш-лушингизни йиғиштириб, қишлоққа жўнанг» ҳам дерсан…

— Агар зарур бўлиб қолса, шундай ҳам қиласиз. Менга тинчлигингиз, омонлигингиз керак.

Фазлиддин бошқа гапирмади. Жаҳл билан хонадан чиқиб кетди. Фахриддин эса столни муштлади. Сўнг қиммат сигаретасидан бир донасини лаблари орасига қистириб, уни тутатди.

«Бу бола муштдай боши билан менга ақл ўргатади. Нима, мен бир умр елкамни қисиб яшашим керакми?! Худо бераётган экан, одамдай яшай-да. Унга ўхшаб ойига бир марта Лондонга бориб келаётган бўлмасам. Чет элларга дам олишга бормасам. Узоғи оёғим етган жой Чорвоқ. Агар шу ерга борганимни эшитиб қолса, яна бир бало дейди. Уфф! Жонимга тегиб кетди! Шу ишларнинг ҳаммасини йиғиштириб, умуман бошқа бизнесни бошлаб юборсаммикан?.. Ана шундай қилганим маъқулга ўхшайди. Пулим бор. Шаҳарнинг хоҳлаган жойидан исталган нарсани сотиб ололаман. Таниш-билишларим ҳам етарли. Ҳадеб, Фазлиддин ҳам ишларимга бошини суқавермайди. Одамга ўхшаб яшайман», — деди у оғзидан паға-паға тутун чиқариб. Сўнг столининг тагидаги тугмачани босди.

Бир муддатдан кейин котиба кириб келди. Калта юбка кийган, киприкларига киприк улаган, сочини сариққа бўяган котиба. Фахриддин, барибир, уни ёқтирмайди. Агент дейди. Лоланинг агенти дейди. Бекордан-бекорга уни Лола топмаган дейди. Шунинг учун юмшоқ ҳам гапирмайди.

— Менга Алишерни чақир. Ундан кейин қаҳва олиб кел, — деди унга Фахриддин.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: