Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (97-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (97-қисм)

— Бу жўранг одаммас экан, — деди Фахриддин Алишер келганидан кейин.

— Тинчликми, ака, нима гап? — дея ҳайрон бўлиб сўради Алишер.

Фахриддин жавоб беришдан олдин худди катта амалдорлардай, чексиз-чегарасиз бойлиги бордай, унга бировнинг қўли етмайдигандай ғўдайиб қаҳва ҳўплади. Сўнг бурнини тортиб қўйди-да:

— Менинг бошимга келиб, анави янги олган машинангизни йўқотинг, дейди. Ўзи мендан неча ёш кичкина, ақл ўргатишга бало борми?! — деди Фахриддин ғазаб билан.

— Ака, сизга менинг ҳавасим келганди. Сиз шунақа машина олганингиздан кейин мен ҳам жа сизникидай бўлмасаям, бундайроғидан олсаммикан, дегандим. Лекин Фазлиддин бўлмайди, дебдими, демак, бўлмайди. Чунки у бир нарсани билмаса, гапирмайди. Фақат бу гапларим учун мендан хафа бўлманг.

Фахриддин қўлидаги чашкани тўқ эткизиб стол устига қўйди.

— Бу дейман, охирги пайтларда ҳамманг ақлли бўлиб кетмаяпсанми? — деди сўнгра кўзини олайтириб.

— Билмадим. Лекин мен Фазлиддинни орқа қилиб келганман. Уни ташвишга соладиган ишни қилсам, номардлик бўлади. Тўғриси шу.

— Ҳамма ақлли, биргина мен аҳмоқ эканман, — дея Фахриддин аччиқ жилмайди.

— Мен ундай демоқчимасман.

— Лекин айтиб бўлдинг. Бўпти, майли, боравер. Маслаҳатинг учун раҳмат. Ҳа, менга ўхшаб аҳмоқлик қилиб юрма тағин.

Алишер чиқиши билан Фахриддин чекаётганини кулдонга эзғилади. Ғижиниб тишларини бир-бирига босди. «Бирортаси келса, қўлига тўрт-беш сўм бераман, шу билан олам гулистон. Олганига хурсанд бўлиб кетаверади. Шунчасини шундай қилдим-ку. Оғзи қулоғида кетди-ку. Нима, эндигиларининг нафслари, қоринлари, бола-чақалари йўқми?..» Ўзининг ўйи ўзига нашъа қилди ва ўрнидан туриб, керишиб қўйди-да, эшик томонга юрди.

Мақсади уйига бориш эди. Ҳозирча «ягона суянадиганим ва тўғри маслаҳат оладиганим», деб ҳисоблайдиган хотини билан ғийбатлашиш эди.

Аммо аксига олди. Лобар эрининг гапларини эшитганидан кейин дарров қайниси томонга ўтиб олди.

— Тўғри айтибди. Сизга душманлик қилмабди-ку, дадаси. Кўролмайди дейдиган бўлсангиз, Фазлиддин озмунча пул топадими? Анави куни Малоҳат нолиб қолганди. Шу топганига яраша еб-ичмайди, деб. Хотини унақа қилманг деса: «Худо ҳаммасини кўриб турибди, мен ҳаддимдан ошолмайман. Ошмайман ҳам. Шохим ҳам чиқмайди. Қорним тўқ, устим бут бўлса, шунинг ўзи менга етади», дебди. Кейин нақд юз минг долларни масжиднинг эҳсон қутисига ташлаб келибди. Эшитиб менинг эсим кетиб қолай деди… Яна камига бугун қўшнилар роса гапиришди. «Эрингиз кундан кунга кучайиб кетяпти», дейишди…

— Нима қилай?! — дея бирдан бақириб юборди Фахриддин. — Шу падар лаънати машинани сотиб юборсам, қутуламанми?

— Укангиз «сотинг», деган бўлса, сотинг.

— Бўпти! Бугундан бошлаб бу машинага оёғимни оширмайман. Сенгаям машина йўқ. Сенга берганимни ўзим минаман.

Лобар индамади. Бошини эгиб, бурнини тортиб қўйди.

Аммо бу машинага харидор топишнинг ҳам ўзи бўлмади. Машина нақд уч ҳафта бозорда сарғайди. Кейин битта мижоз чиқди. Мижозки, лўли. Роса ишқибоз экан. Темир-терсак билан шуғулланаркан. Лўлилар маҳаллалардан топиб келиб унга топширишаркан. У эса устига бир-икки сўм қўшиб кўтарасига сотаркан.

— Бе-е-е-р, лўлий баччаларне кўзини ўйнатай! — деди у.

Шу воқеалардан кейин орадан бор-йўғи икки ҳафта ўтди. Текширув келди. Обдан ҳаммаёқни остин-устун қилишди. Игнани туя қилишди. Туянинг ўзини эса топа олишмади. Чунки унинг ўзи йўқ эди-да. Шундан кейин улардан бири Фахриддинга: «Ласетти» миниб юрган одам камбағал бўлмайди», деди. Ана шунда Фахриддиннинг хаёлига лоп этиб укасининг гаплари келди. «Агар булар «Жип»ни кўришганида нима дейишар, нима сўрашарди?» дея кўнглидан ўтказди.

Фахриддин «меҳмонлар»нинг қўлларига улар истагандай «совға- салом»ларни тутқазиб, кузатиб қўйганидан кейин укасига қўнғироқ қилди.

Дарвоқе, «сотка»ларнинг дастлабкилари пайдо бўлган эди. Ўша дастлабкиларни ака-укалар сотиб олишганди. Шунингдек, Наташа, Алишер ва Камол Шонда ҳам шу матоҳдан бор эди…

Фазлиддиннинг телефони ўчик берди. Шунга қарамасдан, Фахриддин бир неча марта унинг рақамини терди. Ҳар сафар ўчирилган… Кейин у Малоҳатга қўнғироқ қилди ва билдики, укаси Лондонга кетибди.

— Лекин, ука, сенга раҳмат, — дея ўзига ўзига гапирди Фахриддин, — агар ўшанда сенинг гапингга кирмаганимда, ҳозир анча шилинган бўларканман…

Фазлиддин мингдан ошиқ талабага дарс берди. Албатта, бир йўла. Унга улкан кинозалда дарс ўтишни таклиф қилишди. Чунки талабалар бирорта ҳам аудиторияга сиғмас эди. «Нега шунақа? Наҳотки университет талабаларининг ҳаммаси кимёга қизиқиб қолишган бўлса? Ғалати ҳолат», дея кўнглидан ўтказди у…

Дарс ўта қизиқарли кечди. Турли миллату элатларнинг вакиллари. Мияларида минг хил ўй-фикр. Фазлиддиннинг эса бир ўзи. Бир ўзи ҳаммасининг кўнглини топиши керак. Йўқ, аслида, ундай эмас, аслида, улар бунинг кўнглини топишлари зарур… У тўхтовсиз тўрт соат дарс берди. Чунки ҳар томондан саволлар ёғилар, Фазлиддин уларнинг барига хотиржамлик билан жавоб беришга ҳаракат қиларди. Шу билан бирга, ўтаётган дарс ҳақида, унинг сир-синоатлари ҳақида ҳам гапиришга, улкан доскага ёзиб-чизишга мажбур эди. Тўртинчи соат ўтиб борар экан, у бошида оғриқ сезди. Гаплари чалкаша бошлади. Шундан сўнг у талабаларга узр айтиб, дарсни тугатди. Ўзи талабаларнинг ҳам бўлари бўлганди. Улар ҳам бир жойда ўтираверганидан, гарчи ўриндиқлар юмшоқ эса-да, ботиб кетишганди. Азбаройи Фазлиддин айтаётган гапларнинг қизиқлигидан чидаб ўтиришарди.

Фазлиддин меҳмонхонага келди-ю, чўмилиб чиқиб, ўзини диванга ташлади.

Эртасига у қандай қилиб мингта талаба йиғилиб қолганини суриштирди. Унга ҳар бир талаба унинг дарсида қатнашаётганлиги учун юз доллардан тўлаётганлигини айтишди. Демак бир кишиники ўн кунга минг доллар, мингта талабанинг пули ойига бир миллион бўлади… Бу гапни эшитиши билан Фазлиддиннинг тепа сочи тикка бўлди. «Нима майнавозчилик бу? Нега мендан бир оғиз ҳам сўралмади? Мен мингта болага озмунча энергия сарфлайманми?» деди. Шартномани бекор қилмоқчи бўлди. Бироқ шу заҳоти тижоратчилар ишга тушишди. Унинг маошини бир баробарга оширишди. Бундан ташқари, бирваракайига икки соатдан кўп дарс ўтишни бекор қилишди.

Барибир, Фазлиддин уларнинг қилаётган ишларидан ич-ичидан норози эди. Аммо шунга қарамай, кўнди. «Ўн кун нима деган гап, кўз очиб-юмгунча ўтиб кетади», деди.

У Тошкентга қайтиб келганидан кейин бўлиб ўтган воқеаларни Малоҳатга гапириб берди.

— Ўзим ҳам нега бунча кўп маош беришаётганларига ҳайрон эдим. Бекорга эмас экан-да, — деди Малоҳат.

— Агар текин бўлганида, рози эдим. Болалар илм олишса, шунинг ўзи етади, дегандим. Аммо… Тўғри, менга озмунча харажат қилишмаяпти. Самолёт пули, меҳмонхона ва яна жуда катта маош… Бироқ улар менга сарфлаётганларини бир неча баробар қилиб чиқариб олаётгани ақлга сиғмайдиган нарса. Аслида, ҳаммаси бошқача бўлиши керак, менимча… Бизнес, тадбиркорлик, бу — нимадир ишлаб чиқариб, сотиб, ундан кейин…

Фазлиддин сўзлашдан тўхтади. Бир нуқтага термилиб қолди. Унинг жим бўлиб қолиши Малоҳатни қўрқитди.

— Нима бўлди? — дея сўради у эридан кўзини узмай.

Фазлиддин эса қўл силтади. «Мен адашганга ўхшайман. Адашганга…» деб ҳовлига чиқиб кетди.

Узумлар ғарқ пишган давр эди. Ҳаммаси кўзни қувонтиради. Уни узиб олиб ейишдан кўра томоша қилиш завқлироқ эди. Фазлиддин ҳаммасини унутиш учун шундай қила бошлади. Аммо Малоҳат хавотирда эди. Чунки эри бекордан-бекорга хаёл суриб қолмайди. Бекордан-бекорга кутилмаганда мутлақо бошқа бир нарсалар билан шуғулланишга ўтиб кетмайди.

— Малоҳат, — деди Фазлиддин хотини ёнига келганидан кейин, — бир бош узиб берайми? Қара, роса зўр бўлибди.

— Ҳа, фақат иккаламиз еймиз.

— Қайси узумдан узайин?

— Сиз хоҳлаганингиздан.

— Йўқ. Биттасини танла.

— Сиз қайсинисини хоҳласангиз, шунисини.

— Бунақаси кетмайди, хоним. Мен кўзимни юмиб тураман, биттасини танлайсиз…

— Иккитасини танлайман.

Фазлиддин кулди. «Розиман», деди. Сўнг улар биргалашиб узум еяётганларида, яна эски гапни айтди.

— Балки улар тўғри қилишаётгандир.

— Ким?

— Лондондагилар. Бўлди, менинг ишим бўлмайди. Аммо бошқа нарсани ўйлаб қолдим… Илгари Муҳаммаднинг мендан ўтиб кетишини истардим. «Мен қандайдир поғонагача бораман, у ёғини Муҳаммад давом эттиради. Унга осонроқ бўлади. Чунки мен бу ёқда туриб, анча нарсани осон ўргатаман. У кам вақт сарфлайди», дердим. Энди бўлса, унинг оддий инсон бўлишини истаяпман. Бошқаларга ўхшаб яшаса. Шошмаса, суринмаса, хотиржам ухласа, хотиржам қандайдир ишга бориб келса…

— Лекин, — дея эрининг гапини бўлди Малоҳат, — ўғлингиз кундан кунга сизга ўхшаб кетяпти. Неча марта китобдан бош кўтармай ўтирганини кўрдим. Хабарингиз бор, бекорчиликдан ҳарфларни ўргатиб қўйгандим. Энди ажабтовур ўқияпти. Анави куни тўхтамасдан олти саҳифа ўқиди. Ҳалиям мен тўхтатиб қўйдим, сенга оғирлик қилади, деб. Бўлмаса, тўхтамасдан ўқийверарди. Энди бўлса ичида ўқишни ўрганиб олибди. Қизиқ томони, дуч келган нарсани ўқиб кетяпти. Тушунмасаям ўқийверади.

— Йў-ўқ, бунақаси кетмайди, хоним. Тезликда бунинг олдини олинг. Бунинг ёшида бола ўйнаши керак. Тўполон қилиши керак. Кўпроқ мультфильм кўриши керак, — деди Фазлиддин.

— Балки, шуниси яхшидир, дадаси.

— Яхшимас. Мен ўзимдан ўтганини ўзим биляпман. Қийин бўлади. Бу дунёда қанча кам билсангиз, шунча осон яшайсиз. Мана, ўзингиздан қиёс, қачон истироҳат боғига бордингиз? Эслолмайсиз, тўғрими? Концерт, театрларга эса умуман тушмаймиз. Чунки мен унақа жойларга боришни истамайман. Бачкана туйилади ҳаммаси. Бекорга вақт сарфланадиган жой, деб ҳисоблайман…

— Бўлди, — дея қўлини силтади Малоҳат, — ҳаммасини тушундим. Лекин сиз билан яшаш менга қизиқроқ. Вақт ўтгани умуман билинмайди. Аммо Лондонга бир ўзингиз кетиб қолаётганингиз салгина қийнаяпти.

— Ўзимгаям ёқмаяпти. Аммо бориш керак-да… Бугун битта жойга борамиз. Оилавий ресторан очилибди. Умуман ҳалигидай ичимликлар йўқ. Бир маза қилиб келайлик. Кейин билсанг, бугун негадир ҳотамтойлигим ошиб кетган.

— Сиз ҳамиша ҳотамтойсиз.

— Стоп. Мақтовга ўтилмасин… Аммо сен зўрсан. Қара, нималарни ўйлаб, бошимни қотириб юргандим. Сен билан озгина гаплашганимдаёқ ҳаммаси тумандай тарқаб кетди.

— Дадаси, битта нарса айтсам майлими?

— Биттамас, ўнта айтинг, хоним.

— Овқатланишга фақат ўзимиз эмас, Алишер ака билан унинг хотинини ҳам таклиф қилсак, нима дейсиз?

— Ақлли гап. Чунки жўрам билан одамдай гаплашмаганимга қанча бўлиб кетди! Ҳозир мен қўнғироқ қиламан. Сиз эса тайёргарлигингизни кўринг.

— Хўп, — деди Малоҳат ва у ёқ-бу ёққа қараган киши бўлди-да, эрининг юзидан ўпиб олди.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: