Рамзан Қодировнинг 19 ёшли қизи қайси хизматлари учун медаль билан тақдирланди?
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг 19 ёшли қизи Табарик Қодирова “Чеченистон Республикаси олдидаги хизматлари учун” медали билан тақдирланди. Бу ҳақда Грозний мэрияси сайтида хабар берилди.
— “Irs Group” компанияси асосчиси сифатида Табарик Рамзановна ўзига ишониб топширилган соҳада юқори натижаларга интилиб, ташаббускор ва самарали раҳбар эканлигини исботлади, — дейилади хабарда.
Ҳокимиятнинг қўшимча қилишича, Табарик Қодирова раҳбарлигида Чеченистонда тадбиркорликни ривожлантириш ва минтақанинг сармоявий жозибадорлигини ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Февраль ойида Чеченистон раҳбарининг қизи Хадижат Қодирова маъмурият раҳбарининг ижтимоий блок билан ҳамкорлик бўйича биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган эди. Қодировнинг тўнғич ўғли Ахмат “Қодиров” ордени билан тақдирланган.