Яккасарой туман ҳокимлиги юристи мактаб бассейнида вафот этди

Яккасарой туман ҳокимлиги юристи мактаб бассейнида вафот этди

Тошкент шаҳри Яккасарой тумани ҳокимлиги юрисконсульти Нодир Акбаров мактаб ҳудудидаги бассейнда вафот этди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди.

Манбага кўра, ҳокимлик ходимлари учун 18 апрель куни зиёфат тадбири ўтказилган. Унда спиртли ичимликлар истеъмол қилинган бўлиши мумкин. Тадбир якунлангач, ҳокимнинг икки ўринбосари ҳамда юристи маишатни тумандаги 160-сонли болалар ва ўсмирлар мактаби ҳудудидаги бассейнда давом эттиришган. Бассейнда чўмилиш чоғида ҳокимлик юрисконсультининг соғлиги ёмонлашиб, вафот этган.

Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг Kun.uz сўровига жавобан маълум қилишича, 2024 йил 18 апрель куни соат 15:30 лар атрофида 1970 йилда туғилган эркак, Яккасарой тумани ҳокимлиги ҳуқуқшуноси туманда жойлашган мактабдаги бассейнда чўмилганда аҳволи ёмонлашиб, вафот этган. Марҳумнинг ўлим сабабини аниқлаш мақсадида судга оид тиббиёт экспертизаси тайнланган. Ҳозирда ҳолат юзасидан прокуратура томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

2024 йил 22 апрель куни Яккасарой тумани ҳокими Нилуфар Аллабергенованинг қарорига кўра Нодир Акбаров билан меҳнат шартномаси унинг вафот этгани муносабати билан бекор қилинган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: