Ана холос! Зангиота туманида 50 ёшли эркак қайнукасининг хотинига шилқимлик қилди…

Ана холос! Зангиота туманида 50 ёшли эркак қайнукасининг хотинига шилқимлик қилди…

Тошкент шаҳар суди матбуот хизматининг маълум қилишича, Зангиота туманида яшовчи 50 ёшли фуқаро С.Х. 2 май куни соат 14:00 ларда маст ҳолда қайнукасининг турмуш ўртоғи Л.Ш.га тегиниб шаҳвоний шилқимлик қилган.

Ҳолат юзасидан етиб келган Тошкент вилоят Зангиота туман ИИБ ходимлари ҳуқуқбузарликни тўхтатиш ва шахсини аниқлаш мақсадида ҳуқуқбузарни ИИБ биносига боришга уринишларига қарамай, фуқаро С.Х. қонуний талабларни бажармасдан, уларга қаршилик кўрсатган.

Суд мажлисида ҳуқуқбузар С.Х. қилмишига тўлиқ иқрор бўлиб, мастлиги сабаб қилган ишидан пушаймонлигини, бу ҳол бошқа такрорланмаслигини билдириб, суддан енгиллик беришни сўраган.

Жабрланувчи Л.Ш.нинг берган кўрсатмасига кўра, ҳуқуқбузар С.Х. аввал ҳам бир неча бор маст ҳолда ҳар хил ножўя ҳаракатлар қилган.

Суд ишида ҳуқуқбузар С.Х. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддасида (шаҳвоний шилқимлик қилиш, яъни шахсга нисбатан унинг учун номақбул бўлган ҳамда унинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлайдиган, шахснинг ташқи қиёфасини ёки қадди-қоматини тавсифлашда, имо-ишора қилишда, тегинишда, чақиришда ифодаланган, шаҳвоний хусусиятга эга бўлган ҳаракатларни бир марта қўпол равишда ёки бир неча марта содир этиш) ва 194-1-моддасида (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилган.

Унга нисбатан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари — 340 минг сўм жарима жазоси тайинланган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: