Индонезия қирғоқларида зилзила содир бўлди
Индонезиянинг Ява ороли қирғоқларида 6,5 магнитудали зилзила содир бўлди, деб хабар бермоқда мамлакат метеорология, иқлим ва геофизика агентлиги (BMKG).
Ерости силкинишлари одамлар биноларни эвакуация қилишга мажбур бўлган пойтахт Жакартада ва яқин атрофдаги Бандунг шаҳрида ҳам сезилди, деб ёзади AFP.
«Одатда зилзилалар тахминан беш сония давом этади, аммо бу 10-15 давом этади», деди агентликка Бандунглик Иман Кришнаван.
Америка Қўшма Штатлари Геологик хизмати (USGS) маълумотларига кўра, магнитудаси 6,1 ни ташкил қилган. Зилзила манбаи 68 км чуқурликда жойлашган.
Индонезия расмийларига кўра, цунами ҳақида ҳеч қандай огоҳлантириш бўлмаган. Шунингдек, қурбонлар ҳақида маълумот берилмаган.