Ана холос! 86 ёшли эркак 60 йил аввалги илк муҳаббатига уйланди (видео)

Ана холос! 86 ёшли эркак 60 йил аввалги илк муҳаббатига уйланди (видео)

Хитойда 86 ёшли Чжоу Гуйлинь ўзининг биринчи муҳаббати — 81 ёшли Ян Сюгуй билан турмуш қурди. Бу ҳақда “Правила жизни” ёзмоқда. Хитойда мазкур воқеа кўплаб инсонларнинг, жумладан, оммавий ахборот воситаларининг эътиборини тортди.

Улар Пекин давлат университети ҳуқуқшунослик факультетида бирга таҳсил олган. Талабалик даврида Чжоу ва Ян ўртасида илиқ муносабатлар пайдо бўлган, аммо университетни тугатгач, икки ёш номаълум сабабларга кўра ажралишади.

Уларнинг бир-бирига бўлган чуқур меҳрига қарамай, ёшларнинг ҳар бири ўз оиласини қурди ва ҳаёт йўлида алоҳида давом этди, — деб ёзди South China Morning Post.

Гуйлинь бакалаврни тамомлагач, ўз туғилиб ўсган шаҳрида мактаб ташкил этди ва унинг биринчи директорига айланди. Орадан 60 йил ўтгач, Чжоу ва Ян турмуш ўртоқлари вафотидан кейин яна учрашишди. Сўнг улар оила қуришга ва умрининг қолган қисмини бирга яшаб ўтишга қарор қилди.

Тўйдан келтирилган лавҳалар интернетда тарқала бошлади. Қайд этилишича, байрам ихчам тарзда ўтган ва зиёфатга фақат яқин дўстлар ва қариндошлар ташриф буюрган. Келин байрамда рақсга тушди ва қўшиқ айтди, куёв эса тангу барабанида унга жўр бўлди.

Нашрда ёзилишича, байрам зиёфати ўтказилган хонадон шеърлар ва дил изҳорлари битилган табрикномалар билан тўлдирилган.

«60 йил давомида бирорта китоб қалбимизда туйган ҳижронни таърифлаб бера олмас эди», — дейилади мактубларнинг бирида.

Интернет фойдаланувчиларнинг аксарияти уларнинг қувончига шерик бўлди ва ўз фикрларини ёзиб қолдирди:

«Мана буни ҳақиқий севги деб аташ мумкин. Кекса ёшга етганда ҳам у келин учун чиройли байрам ташкил қилди. Ҳозирги кунда турмуш қураётганларнинг кўпчилиги суюклиси учун бундай саъй-ҳаракатларни бажаришни билмайди», — дейди интернет фойдаланувчиларидан бири.

Дўстларингизга ҳам юборинг: