Ўзбекистон инвесторларни халқаро лойиҳаларга қўшилишга чақирмоқда

Ўзбекистон инвесторларни халқаро лойиҳаларга қўшилишга чақирмоқда

Ўзбекистон президенти хорижий инвесторларни қўшни Қирғизистон ва Тожикистонда гидроэлектр станциялари, шунингдек, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон ва Ўзбекистон-Афғонистон-Покистон темирйўлларини ҳамкорликда қуриш лойиҳаларига қўшилишга чақирди.

 

Ўзбекистон инвесторларни халқаро лойиҳаларга қўшилишга чақирмоқда

 

Шавкат Мирзиёев III Тошкент халқаро инвестиция форумининг очилишидаги нутқида хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни кенгайтиришнинг устувор йўналишларини санаб ўтди. Аввал хабар қилинганидек, булар қаторига «яшил» энергетика ва банк-молия соҳаси, шунингдек, фойдали қазилмалар, жумладан, нодир металларни қазиб олиш ва қайта ишлаш киради.

 

Шавкат Мирзиёев форум доирасида қўшни Қирғизистон ва Тожикистондаги гидроэлектростанцияларни биргаликда қуриш лойиҳалари инвесторларга тақдим этилишини таъкидлади. У барча давлатлар етакчи компанияларини очиқ мулоқот ва амалий ҳамкорликка таклиф қилди.

 

Эслатиб ўтамиз, апрель ойи ўрталарида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон Норин дарёсида Қамбарота ГЭСни қуриш бўйича қўшма компания тузиши ҳақида хабар берилганди. Қиймати 5−6 млрд долларга баҳоланган лойиҳа амалга оширилгач, станциянинг акциялари ва активлари Қирғизистон мулкига ўтади. 2022 йил июнь ойида Тожикистонда Зарафшон дарёсида 140 МВт қувватга эга Ёвон ГЭСи қурилиши бошланган.

 

Ҳамкорлик соҳалари қаторига мамлакатнинг рақамли трансформацияси ҳам киради. Президент йил давомида Ўзбекистоннинг IT хизматлари ва дастурий маҳсулотлар экспорти икки баравар ошганини, келгусида бу кўрсаткични 5 млрд долларга етказиш режалаштирилганини таъкидлади.

 

«IT парк резидентлари сони ўн баробар кўпаяди, келгусида 100 минг янги ишчи ўрни яратилади. Бундан ташқари, унинг базасида хорижий компаниялар учун Рақамли технологиялар халқаро маркази яратилмоқда», — деди давлат раҳбари.

 

Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонининг Data Volt компанияси билан биргаликда «яшил» энергия асосида ишлайдиган «Маълумотлар маркази» яратилишини ҳам маълум қилди.

 

«Бу мамлакатимизни рақамли иқтисодиётга ўтказиш ва сунъий интеллект асосида технологияларни жорий этишга улкан туртки бағишлайди, деб ҳисоблаймиз», — деди у.

 

Ўзбекистоннинг яна бир устувор йўналиши — транспорт инфратузилмасини ривожлантириш.

 

Шавкат Мирзиёев потенциал хорижий инвесторлар билан биргаликда Тошкент, Бухоро ва Урганч халқаро аэропортларини ривожлантириш, янгиларини қуриш бўйича лойиҳалар тайёрланаётганини эслатди.

 

Давлат раҳбари сармоядорлар ва халқаро ташкилотларни Ўзбекистон ва хорижий ҳамкорларни Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон ва Ўзбекистон-Афғонистон-Покистон темирйўллари қурилишида иштирок этишга таклиф қилди.

 

«Ушбу стратегик лойиҳалар минтақадаги геоиқтисодий вазиятни бутунлай ўзгартириб, Марказий Осиёни Шимол ва Жануб, Шарқ ва Ғарб билан боғлайдиган глобал транзит марказига айлантиради», — деди у.

 

Шавкат Мирзиёев ўз нутқи якунида «Янги Ўзбекистон — беқиёс имкониятларга эга, адолатли ва жадал ривожланаётган дунёвий мамлакатдир», — дея алоҳида таъкидлади.

 

У инвесторларни «ҳар бир ташаббус, ҳар бир лойиҳа бўйича Ўзбекистон, ҳукумат аъзолари инвесторларга елкадош бўлиши, уларни тўлиқ амалга оширишда яқиндан ёрдам беришига» ишонтирди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: