«Ҳали ҳеч нарса аниқ эмас». «Ўзатом» директори — АЭС қурилиши бўйича Россия билан музокаралар ҳақида
«Ўзатом» директори Азим Ахмедхаджаев Ўзбекистонда АЭС қурилиши бўйича Россия билан музокаралар ҳақида гапириб, ҳали ҳеч нарса аниқ эмаслигини таъкидлади. «Фақат гаплашяпмиз, умумий гаплар бўляпти. Қайси йўналишда қандай имкониятлар борлигини кўриб чиқяпмиз», — деди у.
Энергетика вазири биринчи ўринбосари, март ойи охирида «Ўзатом»га директор этиб тайинланган Азим Ахмедхаджаев «Газета.uz» мухбирининг Ўзбекистонда АЭС қурилиши бўйича Россия билан ўтказилаётган музокаралар қайси босқичда экани ҳақидаги саволига жавоб берди.
Сўнгги бор бу мавзуда март ойи сўнгида Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси бош директорининг биринчи ўрибосари Кирилл Комаров гапирганди ва АЭС қуриш бўйича шартнома юзасидан музокаралар «анча муваффақиятли» кечаётганини таъкидлаганди.
Корпорация расмийси мутахассислар аллақачон АЭС қурилиши мумкин бўлган майдонни батафсил ўрганиб чиққани ва энг мақбул технологик ечимларни аниқлаганини айтган. Комаров «Росатом» исталган вақтда ушбу лойиҳани амалга оширишга киришишга тайёрлигини қўшимча қилганди.
«Газета.uz» мухбири Россия расмийлари лойиҳага киришишга тайёрлиги ҳақида баёнотлар бераётгани ҳақида эслатди.
«Биз ҳозир фақат гаплашяпмиз, умумий гаплар бўляпти, ҳеч нарсанинг аниғи йўқ. Россия томони ҳам сал умумийроқ айтмоқда, лекин буни қандайдир қўшимча қўшиб, бошқа ҳикояга олиб чиқишяпти. Лекин, умуман олганда, ҳозир ҳеч нарса йўқ. Фақат умумий гап. Улар билан фақат қайси йўналишларда қандай имкониятлар борлигини кўриб чиқяпмиз», — деди Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги раҳбари.
Унинг қўшимча қилишича, томонлар фақат энергетика йўналиши бўйича гаплашмаяпти.
«Чунки атом фақат энергетика эмас. Медицина ҳам бор, қишлоқ хўжалиги ҳам бор, сув тозалаш ҳам бор ва ҳоказо. Ҳозир шу каби бошқа йўналишларни ўрганиб чиқяпмиз. Шундан кейин қайси соҳа бизга яқинроқ экани ва қайси соҳани биринчи бўлиб ривожлантиришимиз кераклигини аниқ тушунамиз», — дея таъкидлади «Ўзатом» директори.
Азим Ахмедхаджаев, шунингдек, атом энергияси бўйича бошқа давлатлар билан музокаралар олиб борилмаётганини айтди.
«Ҳеч қайси давлат билан аниқ музокаралар бўлаётгани йўқ. Бошқа давлатлардан ҳар хил таклифлар келиб тушмоқда. Масалан, Америкадан ёки Кореядан. Ҳар хил таклифлар бор, уларни иш тартибида кўриб чиқамиз», — деди Ахмедхаджаев.
Аввалроқ Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов «Дарё»га берган интервьюсида Ўзбекистонда АЭС қуриш бўйича лойиҳанинг ҳолатига изоҳ берганди.
Унинг сўзларига кўра, Россиянинг «Росатом» агентлиги билан учрашув ва музокаралар давом этмоқда.
«Бизда МАГАТЭнинг талабларига асосан процедуралар амалга ошириляпти. Яъни майдонни лицензиялаш, меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш жараёнлари кетмоқда. Сўнгги пайтларда кичик модулли реакторлар бўйича технологиялар ривожланяпти. Келишувга асосан шуни ҳам параллель равишда таҳлил қиляпмиз. Катта станция қуриш керакми ёки кичик қувватли станциялар қуриш бўйича ҳозир таҳлиллар олиб бориляпти. Нафақат Россия, бошқа хорижий давлатлар тажрибаси, технологияси ўрганиляпти. Шунинг учун бу борада ишни тўхтатганимиз йўқ», — деган вазир.
«Жуда катта стратегик лойиҳа бўлгани учун шошилмасдан, барча нарсани ўлчаб, етти марта эмас, етмиш етти марта ўлчаб, ҳамма нарсасининг ҳисоб-китобини, таҳлилини қилган ҳолда президентимизга ҳисобот кирита оламиз», — деди Мирзамаҳмудов.
«Дарё» интервьюси 2023 йил 23 ноябрь куни эълон қилинганди. Шу билан бирга, Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачев 27−28 ноябрь кунлари бўлиб ўтган «Примаковские чтения» форумида сўзлаган нутқида Ўзбекистонда атом электр станциясини қуриш бўйича келишув ишлари якуний босқичда эканини таъкидлаган.
«Бизнинг тушунишимиз бўйича, 2019 йилда барча асосий қарорларга эришдик. Пандемия кўплаб жараёнларни тўхтатди, бироқ мен ўзбек лойиҳасини тўхтатилган лойиҳа деб атай олмайман. Атом электр станцияси қурилиши юзасидан шартнома бўйича ишлар якуний босқичда», — деганди «Росатом» раҳбари ва у лойиҳани ишлаб чиқиш давом этаётганини қўшимча қилган.
«Биз, жумладан, кам қувват, кадрлар тайёрлаш бўйича қўшимча таклифлар бердик. Шартнома устида ишлаш етарлича интенсив давом этмоқда ва, менимча, умуман олганда, биз шартнома имзолашдан йироқда эмасмиз», — дея Лихачевнинг сўзларидан иқтибос келтиради «ТАСС».
2023 йил май ойида энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистон «Росатом» билан атом электр станцияси қуриш масаласини муҳокама қилишда давом этаётгани, шунингдек, бир вақтнинг ўзида кичик атом реакторлари соҳасидаги ютуқларни ўрганаётганини таъкидлаганди. «Атом электр станциясини қуриш давлат учун жуда жиддий мажбуриятдир… Биз ҳар қандай хавфни бартараф этишимиз керак», — деди у.
2022 йил ёзида Энергетика вазирлиги раҳбарининг собиқ ўринбосари Шерзод Ходжаев Ўзбекистон «Росатом» билан атом электр станциясини қуриш харажатларини камайтириш масаласини муҳокама қилаётгани ҳақида хабар берган эди. «АЭСда ишлаб чиқарилган энергия бизга қанчага тушади? Бошқа манбаларга нисбатан рақобатбардош бўладими? Иқтисодий жиҳатдан самарадор бўлмаса, маъно йўқ», — деганди у.