Гиёҳвандликка қарши курашиш бўйича миллий стратегия қабул қилинди

Гиёҳвандликка қарши курашиш бўйича миллий стратегия қабул қилинди

Ўзбекистон Республикасининг гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорлари, шунингдек кучли таъсир этувчи дори воситаларининг ноқонуний айланишига қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини самарали амалга ошириш мақсадида “Гиёҳвандлик ва гиёҳвандликка қарши курашиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2024-2028 йилларга мўлжалланган Миллий стратегияси” лойиҳаси ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.
Стратегия Ўзбекистон Республикасининг гиёҳвандликка қарши курашиш соҳасидаги қонунчилигини ва гиёҳвандлик билан боғлиқ вазият мониторинги миллий тизимини такомиллаштириш, миллий ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган.
Стратегия наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ трансчегаравий жиноятчилик таҳдидларига ўз вақтида ва мутаносиб чоралар кўриш бўйича етакчи давлатларнинг ижобий халқаро тажрибасини ўз ичига олиб, қуйидагиларни назарда тутади:
аҳолида “гиёҳвандликка қарши иммунитет”ни шакллантириш;
гиёҳвандлик профилактикаси ва наркожиноятларнинг олдини олишнинг сифат жиҳатидан янги механизмларини белгилаш;
гиёҳвандликка қарши курашда замонавий иш услубларини қўллаш;
аҳолини юқори сифатли дори воситалари билан даволаш тизимини янгича услублар асосида ривожлантириш;
гиёҳвандликка ружуъ қўйган шахсларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш чора-тадбирларини янада такомиллаштириш;
гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг олдини олиш соҳасида илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш.
Гиёҳвандликка қарши курашиш соҳасида эришилган ижобий салоҳиятни сақлаш ва ошириш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлаш мазкур Стратегия доирасида белгилаб берилган ва эътиборга олинган халқаро ҳамкорликнинг устувор вазифаларидандир.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: