Эртага Тошкентда ҳарбий парад бўлиб ўтади
«Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабага ҳисса қўшган барча уруш ва фронт орти меҳнат фахрийларига юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, юрт ҳимоячиларининг Ватанга садоқатини намойиш этиш ҳамда аҳоли, айниқса, ёшларда фахр ва ифтихор туйғуларини ошириш мақсадида Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан 8 май куни Тошкент шаҳрининг асосий кўчаларида Мудофаа вазирлиги қўшинлари ҳарбий бўлинмаларининг намойишкорона пиёда юришлари ташкил этилади», – дейилади Мудофаа вазирлиги хабарида.
Ҳарбий бўлинмаларнинг тантанали равишдаги пиёда юришлари 8 май куни соат 14:00 да “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасидан бошланиб Фурқат кўчасида тугайди.
Тўхташ нуқтасида Фахрий қоровул жамоаси ва қўл жанги усталарининг чиқишлари ва ҳарбий оркестр ижролари бўлиб ўтади, дейилади хабарда.