Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (7-қисм)

Уйга кирдим. Пулни кийим шкафнинг тагига беркитиб қўйдим. Тўғри-да, бировнинг хаёлига келмайди. Ахир озмунча пулми? Назаримда, бирор… Шошма, «Топиб олсанг ҳам санаб ол», деган гап бор.

Каравотга ўтириб, санай бошладим. Очиғини айтсам, анча «тинкам» қуриб қолган экан. Икки марта ярмига борганда адашдим. Учинчисида битта-битта полга ташлаб санадим. Нақ уч минг чиқди. Агар бунча пулни сўмга айлантирса борми, ўхҳў!

Ярмини отамга жўнатаман. «Болам пул топибди», деб бир хурсанд бўлсин. Тўхта, хурсанд бўлиб бўпти! «Қаердан олдинг буни?» дейди. «Ойлигим», десам, «Қаерда шунча ойлик бераркан?», дейди. Чапани одам. Сўкиб бериши ҳам ҳеч гап эмас. Илгари ўзи тўғри одам эди. Масжидга қатнаганидан бери янаям тўғри бўлиб кетди. Хўш, жа ярмини бўлмаса ҳам озроғини бераман. «Шунақа, шунақа ишга ўтдим» дейман. Уфф-ф, одамлар қандоқ қиларкан? Ана шефнинг ўғли, бизнинг хўжайин бунақанги пулларни пул демайди. Лекин отаси уришмаса керак уни. Қайтанга, «Боплабсан, янаям кўпроқ топ», деса керак. Ўғирлаб топадими, бировни уриб топадими, пора оладими, иши йўқ… Аммо шу бир куни бурнидан булоқ бўлиб чиқиб кетмасайди.

Битта юз доллар чўнтакда қолди. Қолгани яширилди.

Эртасига Одил мен билан минг йиллик қадрдонлардай сўрашди. Мен унга пулни эслатиб, «Мабодо мастликда бериб қўймадингми», дея сўрадим. У пинагини ҳам бузмади. «Беш литрни бир ўзим ютганимда ҳам қачон, нима қилганимни аниқ эслайман. Сенга ойлик, деб бердимми, демак, ойлигинг. Бугун пешингача ҳужжатларингни расмийлаштирамиз. Соат учда иш бор», деди у.

Буни қарангки, менинг дипломим тайёр бўлган экан. Агар исташса, иложи йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Ўқишни битирмасанг ҳам диплом беришади. Бир жойга қўл қўймасанг ҳам маошингни қўлингга тутқазишади. Бундан хурсанд бўлишим керакми? Билмадим. Лекин ишларим силлиққина кечяпти. Ишқилиб, охири бахайр бўлсин.

Ҳамма расмиятчиликлар тугаганидан сўнг кеча маош олганим учун имзо чекдим. Қоғозда ойлигим бир миллон экан. Қойил. Бу ёғини ҳам боплаб қўйишибди. Айтганча, мен қандайдир давлат идорасига ўтмабман ишга. Фирмага ўтибман. Исм-фамилиямнинг рўпарасига «посбон» деб ёзиб қўйишибди.

Бироз ёқмадию, лекин, майли. Вақти келиб, ўзгартириб оларман.

Соат учда Одил айтган ишга кетдик. Кўпчилик бўлиб. Учта машинада. Одилнинг айтишича, борадиган жойимизнинг одамлари анча бақувват экан. Агар ўзимизнинг услубда, яъни «Агар вақтида пулни чўзмасанг, текширув босади», дейиш иш бермаскан. Чунки улар ҳам ўзига яраша таниш-билиши бақувватлардан экан, шунинг учун муштумзўрлик билан ундирилмаган қарзни ундириш лозим бўларкан. Албатта, ҳақиқатан ҳам, ўшалар қарз бўлишса… Айтганча, отишма ҳам эҳтимолдан холи эмас экан. Шу боисдан ўқ ўтказмайдиган нимчаларни кўйлагимиз остидан кийиб олдик.

Ўйлагандимки, «Борамиз. Иккита билаги бақувват зўравон чиқади. Кўп кишилашиб, «жойи»ни соламиз, Содиқ ака билан Одил сиёсий ҳужумга ўтади. «Агар айтганимизни қилмайдиган бўлсанг, уруғ-аймоғинг билан йўқ қилиб юборамиз. Керак бўлса, хотинсиз қоласан. Тортиб оламиз. Унинг ўзи сендан талоқ беришингни сўрайди», дея дўқ-пўписа қилишади.»

Йўқ, ўйлаганим но­тўғри бўлиб чиқди. Биз шаҳардан чиққанимиздан сўнг шимолий шарққа қараб ўн беш километрча юрдик. Албатта, гоҳида ўнга бурилдик. Икки-уч километрдан сўнг чапга, кейин тўғрига юриб, чапга қайрилдик ва ўша масофани босиб ўтдик. Ниҳоят, қалин, баланд девор билан ўралган бир жойга етдик. Дарвозаси ҳам улкан экан. Дарвоза ёнида ҳарбийларникига ўхшаб кетадиган, аммо кўкимтир кийимли замонавий қўриқчилар туришган экан. Нақ тўрт киши. Уларнинг иккитаси ит етаклаб олибди. Жониворлар бизнинг ёмон ниятда келаётганимизни олдиндан сезган, шекилли, тинимсиз ҳуриб туришарди.

Машиналардан тушдик. Қўриқчилар сергак тортишди. Бир жойга тўпланишди. Биттаси ёқасидаги рация орқали қаергадир келганимиз ҳақида хабар берди.

Олдинда Содиқ ака билан Одил. Дадил одимлашяпти. Шунинг ўзиёқ уларнинг сира қўрқув билмаганидан, анави бизни кутиб олаётган қўриқчиларни сариқ чақага ҳам олмаётганлигидан далолат бериб турарди.

— Хўжайинга келдик! Яхши одамлармиз! — деди Содиқ ака.

— Хўжайин йўқ. Икки кун аввал чет элга кетган, — жавоб берди қўриқчилардан бири.

— Ўринбосар, бухгалтер деганлари ҳам чет элга кетмагандир?..

— Шу ерда. Хабар бердик.

— Унда йўл бошла!

— Мумкинмас. Рухсат беришмади ҳали.

— Қоч йўлдан! — деб Содиқ ака рўпарасида турган қўриқчининг кийимидан ғижимлаб четга тортди.

Шу заҳоти унинг ёнида ириллаб турган ит Содиқ акага ташланди. Содиқ ака ҳарбийча бақувват этик кийган эди. Ит бечоранинг тумшуғига чунонам тепдики, ит шўрлик «вакваклаб» қолди. Хўжайиннинг «қаҳрамон»лиги, итнинг бечоралигини кўрган бизникилар ҳиринглашди.

Қўриқчилар тарашадай қотишди. Биз уларни туртиб-суртиб ўтиш хонасига кирдик. У ерда ҳам биттаси турибди. Олдимизда айланадиган тўсиқли темир таёқ.

— Матоҳингнинг яшилини ёқ! — амр қилди Содиқ ака.

Қўриқчи итоат этмади. Ана шунда биз билан бирга борган йигитлардан бири қўриқчини тўсиб турган ойнани сакраб шунақанги тепдики, ойна чил-чил синди. Сўнг барзанги қўриқчининг ёнига сакраб ўтдию, шундоқ ҳам довдираб қолган бечорани бетинг-кўзинг, демай савалашга тушди. Қўриқчи ҳам бақувват йигит экан. Лекин шунга қарамасдан, бошида индамай турди. Бироздан кейин калтак жонидан ўтди, шекилли, ўрнидан турди-да, бизнинг барзангини қулочкашлаб жағига битта мушт туширган эди, шеригимизнинг жағи осилиб қолди. Унинг оғзи очилиб, башараси шунақанги хунуклашдики, одамнинг эти жимирлайди. Аммо шундан сўнг бизникилар қутуриб кетишди. Мен, Одил ва Содиқ акадан бошқалар бараварига унинг устига ёпирилишди. Қўриқчи осонгина таслим бўлмади. Аммо кейин, барибир, енгилди, ерга йиқилди ва тепкилар «ёмғири» остида қолди. Токи Содиқ ака «Бас!» демагунича. Бечоранинг бўлари бўлди. Афти-башарасига қараш қўрқинчли, ғужанак бўлиб олиб қимир этмасди. Тишимни тишимга босдим. Қўлим мушт бўлиб тугилди. Кўзимдан ўт сачради. «Шу йигит учун ҳаммангдан қасос оламан», дея қатъий қарор қилдим.

Ичкарига кирдик. Эллик қадамча нарида икки қаватли, атрофи ойна билан ўралган ажойиб, замонавий бино ялтираб турар ва шу тарафдан икки киши ҳаллослаб югуриб келарди. Биттаси сариқ сочли аёл. Хўппа семиз. Айниқса, белидан пасти. Зўрға югурарди шўрлик. Содиқ ака билан Одил бир-бирига қараб, ўзаро кўз уриштириб олишди.

— Ассалому алайкум! — деди биринчи етиб келган эркак. У қотмадан келган, мўйлаб қўйган, тепакал, қоп-қора киши эди. — Қадамларига ҳасанот.

— Сен кимсан? — сўради ундан Содиқ ака менсимайгина.

— Мен хўжайиннинг биринчи ўринбосари Акмал Худоёров бўламан, — деди қотмадан келган киши пешонасидаги терни шоша-пиша артиб.

— Анави семиз-чи?

— Бухгалтер Валентина Сергеевна!

— Ўзим ҳам шундай бўлса керак, деб ўйлагандим. Кеча банкдан пул олгансизлар…

— Худди шундай, — дея Содиқ аканинг гапини бўлиб тасдиқлади Акмал Худоёров, — мол сотиб олиш учун олгандик.

— Сотиб олдингларми?

— Йўқ, ҳали улгурганимиз йўқ.

— Олиб чиқ, тинчгина кетамиз.

— Ҳалиги…

— Нима?!

Акмал Худоёров бирдан зўрға етиб келиб пишиллаганча нафас олаётган Валентина Сергеевнага юзланди:

— Пулни сўрашяпти.

— Нима?! Пул?! Мана!

Менинг кулгим қистади. «Аёл киши бўлса ҳам юраги отникидан экан», дея кўнглимдан ўтказдим.

— Сенлар ким бўлибсанки, биз ҳалол ишлаб топган пулимизни қўшқўллаб бериб юборсак! А?! Кимсанлар?! — давом этди бухгалтер аёл.

Содиқ аканинг юзи гезарди. Одилнинг кўзи олайди.

Шарманда. Мен икки дунё тўқнаш келганида ҳам аёл кишига қўл кўтармаган бўлардим. Аммо Содиқ ака кўтарди. Пасткашларча, эркак зотини ерга уриб кўтарди. Бир марта. Оғзи-бурнига баравар.

Мен кўзимни чирт юмдим. Яна бир марта айтдим, қасд оламан!

Ерга чўзилиб ётиб қолган аёл титрай бошлади.

— Қанд… Қанд касали бор эди, — дея зўрға сўзлади ўринбосар.

— Ҳолини билсин эди…

Одил гапининг охирини сўкиш билан тугатди.

Аёл эса баттар титрай бошлади. Мен бошқа чидаёлмадим. Энгашдиму, унинг бошини кўтардим. Шунда олайиб бораётган кўзни кўрдим. Даҳшатли эди.

— Сув беринглар, сув! — дея қичқириб юборибман.

Ўринбосар сув бериш ўрнига аёлнинг чўнтагига қўлини тиқди. Дори олди ва шу заҳоти аёлнинг оғзига тиқди. Бухгалтер аёлнинг тишлари тақиллаб тобора бир-бирига ёпиша бошлади. Ёпишган ҳолида тақилларди тишлар. Қарасам, аҳвол чатоқ, ўринбосар қалтирагандан-қалтираяпти. Шунинг учун дорини аёлнинг оғзига сололмаяпти.

— Тили томоғига кетиб қоляпти! — қичқирди ўринбосар.

Дарров иккита бармоғимни аёлнинг оғзига тиқиб, тилини тортдим. Шу онда дорини ҳам тилининг тагига қўйдик.

Бир муддатдан сўнг бухгалтернинг ранги ўзгара бошлади. Шундан кейингина унинг тилини босиб турган бармоғимни олдим.

Бизникилар ўша қарийб бир дақиқа томошабин бўлишди. Бировнинг тили томоғига кетиб, қон босими икки юз элликка чиқиб, жон таслим қилиши қизиқ бўлса керак-да!

— Зўрсан-ку! — деди Содиқ ака қаддимни ростлаганимдан кейин. — Мен сени бунақа юмшоқ кўнгил деб ўйламагандим.

— Мақсадга етиш учун кимнидир ўлдириш шарт эмас, — дея жавоб бердим унга.

— Шундай, лекин эркаксан, ғуруринг ҳам бўлиши керак.

Мен индамадим.

— Ақлинг пешланган экан сенинг, — дея Содиқ ака елкамга уриб қўйди.

Биз офисга кирмадик. Пулнинг ҳаммасини ўринбосарнинг ўзи кўтариб келди. Бир қоп. Ҳаммаси йирик пуллар.

— Жомадон қани?! — деди Содиқ ака ўринбосарга нафрат билан.

— Ҳалиги…

— Ҳалигини ҳалиги қил, ифлос! «Пораха» пуллар билан жўнатиб юбормоқчимидинг?! Бор!

Жомадон келтирилди. Тўла. Ҳаммаси «кўки»дан. Юзталик.

Ортга қайтдик. Мен Содиқ аканинг буйруғи билан у ўтирган машинага чиқдим.

Машина энди ортга бурилганди. Ёнимда ўтирган Содиқ ака бирдан бўғзимдан олди.

— Кимга ўзингни кўрсатмоқчи бўлдинг?! Битта сен ақлли, қолганлар аҳмоқми?! Бўғиб ўлдираман ҳозир!

«Шимилдириқ ҳам қилолмайсан», дея кўнглимдан ўтказдим ва бунинг ўрнига:

— Фойдали бўлди-ку! — дедим.

— Нима фойда?! Нима фойда?! — деди Содиқ ака кўзлари чақчайиб.

— Битта одам тирик қолди. Яна пулни ҳам ундирдингиз! Ёлғиз қолганингизда виждонингиз қийналиши аниқ эди.

У мени қўйиб юборди.

— Виждон. Ҳмм. Қийналарди, дейсанми? Қийналардимас, қийналяпти, ярамас! Уларнинг, ўша сен қутқариб қолган бухгалтернинг қанақа тулки эканини биласанми?! Билмайсан. Аждаҳо-ку улар, аждаҳо! Сен билан, укача, — дея ўқрайди, — ҳали ҳисоб-китобимиз бор!

Мен қора терга тушиб кетган эдим. Содиқ аканинг гапларидан зиғирча ҳам қўрққаним йўқ. Бошқа томон мени эзаётган эди. Тақдир. Келиб-келиб шуларнинг орасига тушиб қоламанми? Мана шу замонавий рэкетчиларга қўшилай деб шунча ўқидимми, кечалари мижжа қоқмай тил ўргандимми? Спорт залга қатнаганларим-чи… Энди бу ёқда манави аҳвол.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: