ХВФ ҳукуматларни сунъий интеллектнинг хавфлилиги ҳақида огоҳлантирди
Халқаро Валюта Фонди (ХВФ) сунъий интеллект туфайли ишсизликнинг ошишидан хавотир билдирди.
Халқаро Валюта Фонди (ХВФ) генератив сунъий интеллектга (СИ) ўтилаётгани сабабли оммавий ишдан бўшатишлардан «чуқур хавотирда» эканлигини маълум қилди ва ҳукуматларни ўз иқтисодиётини ҳимоя қилиш учун кўпроқ ҳаракат қилишга чақирди. Бу ҳақда Financial Times хабар берди.
Хусусан, фонд мамлакатлар ишсизлик суғуртасини яхшилаш каби чоралар кўриши кераклигини таъкидлаб, ўтмишдаги бузувчи технологиялардан фарқли ўлароқ, СИ юқори малакали касбларда иш ўринларини йўқотилишига олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
Шу билан бирга, генератив сунъий интеллект самарадорлик ўсишини рағбатлантириш ва давлат хизматларини кўрсатишни яхшилаш учун улкан салоҳиятга эга бўлса-да, фонд «оммавий ишсизлик ва тенгсизликнинг кучайишидан чуқур хавотирлар» борлигини маълум қилган.
«Биз одамларнинг ушбу технология салоҳиятидан кўпроқ фойдаланишини истаймиз ва биз одамлар учун имкониятлар яратмоқчимиз», деди Эра Дабла-Норрис, ХВФ молиявий масалалар бўйича директори ўринбосари.
Фонд ҳукуматларга сунъий интеллектнинг салбий таъсирини қоплаш учун даромадларни ошириш воситаси сифатида таклиф қилинган сунъий интеллект солиқларидан воз кечишни тавсия қилади ва улар самарадорлик ўсишига тўсқинлик қилиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Бунинг ўрнига, ХВФ ўсиб бораётган даромадлар тенгсизлигини бартараф этиш учун капитал ўсиши ва фойда солиғини, сўнгги ўн йилликларда пасайган йиғимларни, шунингдек, корпоратив даромад солиғини оширишни таклиф қилди.
ХВФ таъкидлашича, сунъий интеллектнинг келажаги бўйича ноаниқликни ҳисобга олиб, ҳукуматлар «жуда ҳалокатли сценарийларга» тайёрланиш учун «мослашувчан» ёндашувни қўллаши керак.