Троя — қадимий мерос ва афсоналар маскани
Туркиянинг Шимолий Эгей минтақасида жойлашган ва ЮНЕСКО Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Троя қадимий шаҳри тарихий ёдгорлик сифатида алоҳида аҳамиятга эга. У нафақат ўтмишдан дарак берувчи маскан, балки адабиёт, санъат, кино ва илмий изланишлар учун муҳим маданий манба сифатида ҳам қадрланади. Бугунги кунда Троя мероси халқаро маданий тадбирлар, кўргазмалар ва илмий лойиҳалар орқали кенг жамоатчиликка тақдим этилмоқда.
Жорий йилнинг 11-июн куни Римдаги Колизейда Троя артефактларига бағишланган йирик кўргазма очилди. Ушбу кўргазма сўнгги йилларда Троя меросини халқаро миқёсда намойиш этаётган энг нуфузли тадбирлардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Кўргазмада Туркиянинг 19 та музейидан танлаб олинган 221 та артефакт намойиш этилмоқда. Улар орасида Чаноққалъадаги Троя музейи экспонатлари ҳам мавжуд. Шунингдек, илгари Италияда намойиш этилмаган 50 та ноёб буюм ҳамда Италия музейлари коллекцияларига мансуб яна 80 та экспонат ҳам томошабинларга тақдим этилмоқда. Мазкур кўргазма Троя археологик меросининг кенг қамровини очиб бериш билан бирга, қадимий шаҳарнинг жаҳон маданий меросидаги ўрнини яна бир бор намоён этади.
Троя меросини халқаро миқёсда танитишга қаратилган маданий ва илмий тадбирлар турли мамлакатларда давом этмоқда. Нью-Йоркдаги Турк уйида ўтказилган конференция ва фотокўргазмадан сўнг қадимий шаҳар мероси Нидерландияда ҳам тақдим этилади. Дастур доирасида 28-июн куни Амстердамдаги Юнус Эмре институтида махсус фотокўргазма очилиши, 29-июн куни эса Лейден университетида Троя қазишмаларининг бош археологи, профессор Рустем Аслан иштирокида конференция ўтказилиши кўзда тутилган.
Шу каби халқаро конференция ва кўргазмалар Троя ҳақидаги тарихий-маданий тасаввурларни кенгайтиришга хизмат қилади. Бироқ бундай тадбирлар қадимий шаҳар мероси ҳақида дастлабки тасаввур беради, холос. Троянинг тарихий қатламлари ва археологик муҳитини тўлиқ англаш учун Чаноққалъа марказидан 30 километр узоқликда жойлашган қадимий шаҳар ҳудуди билан бевосита танишиш муҳим аҳамиятга эга.
Табиат, тарихий мерос ва афсоналар сари
Чаноққалъа Эгей денгизининг шимолий қисмида, Дарданел бўғозига кираверишда жойлашган муҳим ҳудудлардан биридир. Вилоят соҳилбўйи манзаралари, пляжлари, сув спорти турлари, велосипед йўналишлари ва виночилик анъаналари билан ажралиб туради.
Чаноққалъа тарихий аҳамияти билан ҳам алоҳида ўрин тутади. Биринчи жаҳон уруши давридаги Чаноққалъа жанги, Галлиполи ёки Дарданел операцияси билан боғлиқ масканлар бугун тарихий хотира жойлари сифатида зиёрат қилинади. Ҳудуддаги сув ости йўналишларида эса уруш давридан қолган кема қолдиқларини кўриш мумкин.
Минтақа табиати ҳам ранг-баранг. Ида тоғи ям-яшил ёнбағирлари, Ассос мусаффо сувлари, Бозжаада ва Гўкчаада ороллари ўзига хос муҳити билан сайёҳларни жалб қилади.
Троя: цивилизация қатламлари
Троя қадимий тарихнинг турли даврларини ўзида жамлаган ёдгорлик сифатида эътиборга молик. Троя, аввало, Гомернинг “Илиада” достони билан боғлиқ қадимий шаҳар сифатида танилган. Троя уруши ҳақидаги ривоятлар ушбу масканнинг дунё маданий хотирасида мустаҳкам ўрин эгаллашига сабаб бўлган. Бироқ археологик маълумотлар шуни кўрсатадики, Троя афсоналардан анча аввал ҳам турли маданиятлар яшаган муҳим манзил бўлган. ЮНЕСКО Жаҳон мероси рўйхатига киритилган ушбу ёдгорлик Илк бронза давридан Шарқий Рим давригача бўлган қарийб 5 минг йиллик узлуксиз ҳаёт тарихини акс эттиради. Бугунги тадқиқотларда бу ерда ўнта алоҳида маданий қатлам аниқланган.
Трояга кираверишда улкан ёғоч Троя оти ўрнатилган. Ушбу рамзий ёдгорлик қадимий шаҳар ҳақидаги афсонавий тасаввурларни эслатиб туради. Троя Рим империясининг келиб чиқиши билан боғлиқ ривоятларда ҳам муҳим ўрин тутади. Вергилийнинг “Энейида” достонида баён этилишича, шаҳзода Эней Троя қулаганидан сўнг “Янги Троя”ни топиш мақсадида сафарга чиққан. Бугунги кунда “Эней йўли” деб аталадиган ва Европа Кенгаши томонидан Маданий йўналиш сифатида эътироф этилган маршрут айнан шу ривоят билан боғланади. Ривоятга кўра, Эней охир-оқибат Латиум соҳилларига етиб борган ва кейинчалик унинг авлодлари милоддан аввалги 753 йилда Рим шаҳрига асос солган.
Бугунги кунда қадимий шаҳар ҳудудида Бронза даврига оид мудофаа деворларидан тортиб, Рим даврига мансуб Одеон ва Булевтерион қолдиқларигача бўлган кўплаб тарихий изларни кўриш мумкин. Бу ёдгорликлар Троянинг турли даврларга оид маданий қатламларини намоён этади.
Троя билан танишув фақат қадимий шаҳар ҳудуди билан чекланмайди. Ёдгорликка кираверишда жойлашган Троя музейида бу ерда олиб борилган археологик қазишмалар давомида топилган ашёлар намойиш этилади. Музей экспозицияси Троянинг кўп қатламли тарихини замонавий талқин асосида ёритиб, қадимий шаҳар ўтмишини бугунги томошабин билан боғлайдиган муҳим маданий макон вазифасини бажаради.
