БМТ раҳбари Доғистондаги террорчилик ҳаракатларини қоралади
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш якшанба куни Россиянинг Доғистон Республикасида содир этилган терактларни “қатъий” қоралади. Бу ҳақда Синьхуа агентлиги ёзган.
“Жаҳон ташкилоти раҳбари “якшанба куни Россия Федерациясининг Доғистон Республикасидаги яҳудий ва насроний диний масканлари ва хавфсизлик кучларига қарши содир этилган террорчилик ҳаракатларини кескин қоралайди”, – деди БМТ Бош котибининг расмий вакили Стефан Дюжаррик.
Унинг сўзларига кўра, А.Гутерриш ҳалок бўлганларнинг яқинлари, Россия халқи ва ҳукуматига ҳамдардлик билдириб, ярадорларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилади.
Доғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, якшанба кунги Россия жанубида жангарилар томонидан содир этилган ҳужумларда камида 20 киши ҳалок бўлган, 46 киши жароҳатланган, улар орасида ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ва тинч аҳоли ҳам бор.