Бухорода АРК қўрғони деворига тирмашиб чиқмоқчи бўлган шахс жаримага тортилди

Бухорода АРК қўрғони деворига тирмашиб чиқмоқчи бўлган шахс жаримага тортилди

29 ёшли йигит хорижлик ва маҳаллий сайёҳлар кўз олдида АРК қўрғони деворига тирмашиб чиқишга уринган. У бу қилмиши учун БҲМнинг 5 баравари – 1,7 млн сўм миқдорида жаримага тортилган.

Ижтимоий тармоқларда бир йигит Бухоро шаҳрининг тарихий маркази қисмида жойлашган АРК қўрғонига тирмашиб чиқишга урингани ҳақидаги хабар тарқалди. Kun.uz ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида суд ҳужжати билан танишди.

Маълум бўлишича, ҳолат 2024 йилнинг март ойида бўлган. Самарқанд шаҳрида яшовчи, 1995 йилда туғилган А.А. хорижлик ва маҳаллий сайёҳлар кўз олдида АРК қўрғони деворига тирмашиб чиқишга уринган.

Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг 2024 йил 27 мартдаги қарори билан йигит Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 64-1-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилганликда айбли деб топилган. Унга БҲМнинг 5 баравари (1,7 млн сўм) миқдорида жарима қўлланган.

Эслатиб ўтамиз, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 64-1-моддасида моддий маданий мерос объектларига нисбатан ҳурматсизлик билан муносабатда бўлиш ҳуқуқбузарлиги назарда тутилган. Унга кўра, моддий маданий мерос объектларига нисбатан ҳурматсизлик билан муносабатда бўлиш, яъни ёзувлар ёзиш, расмлар чизиш йўли билан уларни таҳқирлаш ёки уларга шикаст етказиш, моддий маданий мерос объектларини, шу жумладан уларнинг тарихий, илмий, бадиий ёхуд ўзгача маданий қимматига доғ туширувчи ёки уларни масхара қилувчи ҳаракатларни содир этиш, худди шунингдек, моддий маданий мерос объектларига нисбатан жамоат тартибини бузувчи ҳаракатларни содир этиш БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: