Кореяда робот ўзини ўзи ўлдирди
Жанубий Кореяда фуқаролик хизмати соҳасига жалб қилинган робот “ўз жонига қасд қилди”. Бу ҳақда Жанубий Корея маҳаллий нашрларига таяниб, Daily Mail хабар берди.
Манбада айтилишича, давлат фуқаролик хизмати тизимига жалб қилинган робот автоном тарзда ўзини баландликдан ташлаб юборган. Ушбу ҳодисадан олдин роботда ҳеч қандай ишдан чиқиш ва тизим носозлиги каби ҳолатлар бўлмаган.
Мамлакатдаги қатор расмийлар юз берган ҳодисани робот ўз жонига қасд қилиши билан боғлиқ мамлакатдаги биринчи ҳолат дея баҳолаган.
“Роботдан кундалик ҳужжатларни етказиб бериш, тарғибот ҳамда ва маҳаллий аҳолига маълумот етказишда фойдаланилар эди. Ҳозирда унинг шикастланган қисмларини йиғдик ва таҳлилга топширдик”, дейилади расмийлар хабарида.
Роботдаги сўнгги топшириқлар тарихини текширган мутахассислар қизиқ ҳолатга дуч келган. Фуқаролик хизмати роботига кунлик белгиланган дастурий меъёрдан бир неча баробар кўп вазифалар топширилган. Робот қисқа муддатда кўп ва тезкор операциялар бажаришига тўғри келган. Оқибатда унинг тизимида айрим функция бузилишлари кузатилган.
Робот одатий меҳнат низоми бўйича эрталаб соат 9 дан кечки 18:00 гача ишлаган. У, шунингдек, ўзининг давлат хизмати ходими картасига ҳам эга бўлган.