Ўзбекистон Афғонистоннинг энергетика инфратузилмасини ривожлантиришга 1 млрд доллар инвестиция қилади

Ўзбекистон Афғонистоннинг энергетика инфратузилмасини ривожлантиришга 1 млрд доллар инвестиция қилади

Тошкент ва Кобул ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Ўзбекистон “Толибон” ҳаракати бошчилигидаги Афғонистон ҳукумати билан 1 миллиард доллар миқдорида йирик сармоя киритиш бўйича келишув тузди, деб ёзади “Daryo” нашри.

 

Маблағлар энергетика соҳасини ривожлантиришга, хусусан, Жузжон ва Фарёб вилоятларидаги газ конларини ўзлаштиришга йўналтирилади. Шунингдек, қуввати 100 МВт бўлган иссиқлик электр станциясини қуриш режалаштирилган.

 

Экспертларнинг қайд этишича, мазкур келишув Ўзбекистоннинг минтақадаги таъсирини кучайтириш ва янги иқтисодий имкониятлар яратиш стратегиясининг бир қисмидир. Афғонистонда инфратузилма ва энергетиканинг ривожланиши нафақат мамлакатдаги барқарорликка ҳисса қўшади, балки бизнес ва минтақавий интеграция учун янги истиқболларни очади.

 

Тарих фанлари доктори Анвар Йўлдошев таъкидлаганидек, Тошкент минтақанинг иқтисодий имкониятларидан самарали фойдаланиш мақсадида Афғонистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилмоқда. Унинг таъкидлашича, қўшни Қозоғистон ҳозирданоқ афғон расмийлари билан алоқаларни фаоллаштиряпти, Россия эса Толибонни тан олиш ва уни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқариш масаласини кўриб чиқмоқда.

 

Сиёсатшунос Ойбек Сирожов Афғонистон билан ҳамкорлик Ўзбекистон учун стратегик жиҳатдан тўғри қадам эканини таъкидлади. Афғонистон истиқболли бозор бўлиб, Ўзбекистон орқали ўтадиган темир йўл алоқаси Афғонистоннинг ташқи дунё билан транспорт алоқаларини таъминлашда муҳим роль ўйнайди.

 

Толибон ҳукумати Жамоат ишлари вазирлиги маълумотларига кўра, 2024 йилнинг 22 августидан 21 сентябрига қадар Афғонистон темир йўл тармоғи орқали 317 045 тонна юк ташилган, жумладан:

 

– Ҳайратон (Ўзбекистон билан чегарадош, Балх вилояти) – 250 357 тонна (79%);

– Торғунди (Туркманистон билан чегарадош, Ҳирот вилояти) – 40618 тонна (13%);

– Акина (Туркманистон билан чегарадош, Фарёб вилояти) – 26 070 тонна (8%);

– Рузанак (Эрон билан чегарадош, Ҳирот вилояти) – 0 т.

Шу билан бирга, Сирожовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Афғонистонга фақат “Толибон” ҳаракатини “тинчлантириш” мақсадида сармоя киритиш билан чекланмайди.

 

“Ўзбекистон Толибон ҳаракати устидан зарур таъсир кучига эга, жумладан, Афғонистонга кириб келаётган, Ўзбекистон темир йўли орқали ўтадиган гуманитар ёрдамнинг салмоқли қисмини назорат қилади. Бундан ташқари, Тошкент Кобулни электр энергияси билан ҳам таъминлайди. Бу омиллар Толибонга босим ўтказиш учун имкониятлар яратади”, — дея қўшимча қилди профессор Анвар Йўлдошев.

 

Ўзбекистон делегациясининг Кобулга ташрифи чоғида тоғ-кон саноати соҳасида умумий қиймати 1,15 миллиард доллар бўлган бешта шартнома имзоланди:

 

– Афғонистон ва Тожикистонда жойлашган нефть ва газ ҳавзасини геологик ўрганиш

– Қандаҳор ва Забул вилоятларидаги олтин ва мис конларининг геологик қидирув ишлари

– Кеш ва Бамян вилоятларидаги темир рудаси конларининг геологик қидирув ишлари

– 120 МВт қувватга эга иссиқлик электр станциясини қуриш

– Фарёб вилоятидаги Тути-Майдон углеводород конларининг геофизик ва геологик тадқиқотлари.

Иқтисодий таҳлилчи Шуҳрат Расулнинг фикрича, Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги иқтисодий алоқаларни ўзаро манфаатли келишувлар орқали мустаҳкамлаш ҳар икки давлат учун стратегик аҳамиятга эга. Афғонистонда саноат ривожланмагани ўзбек компаниялари учун катта имкониятлар яратишини таъкидлади. Агар Ўзбекистон бу жойни эгалламаса, бошқа давлатлар эгаллайди. Бундай иқтисодий қарамлик, экспертнинг фикрича, Ўзбекистоннинг ҳам, Афғонистоннинг ҳам узоқ муддатли манфаатларига жавоб беради.

 

9 октябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Афғонистоннинг Тошкентдаги дипломатик миссиясининг янги тайинланган раҳбари, “Толибон” ҳаракати вакили билан учрашди. Томонлар икки томонлама муносабатларни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Дўстларингизга ҳам юборинг: