Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га 2024 йилнинг 9 ойлигида фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар ва уларни кўриб чиқиш натижаларига бағишланган
2024 йилнинг 9 ойлигида Омбудсманга Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан 14 172 та мурожаат келиб тушди.
Мурожаатларнинг 40 таси белгиланган тартибда аноним деб топилган.
Жами мурожаатларнинг 27,2 % ижтимоий, 24,7 % иқтисодий, 17,2 % шахсий ҳуқуқларга, 13,6 % ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда ушлаб турилган шахслар ҳуқуқларини таъминлашга, 10,5 % фуқаролик ва мурожаат қилиш, 1 % бола ҳуқуқлари ва 1% экологик ҳуқуқларга ва 4,5 % бошқа масалаларга оид.
Мурожаатлар гендер белгиларига кўра таҳлил қилинганда, жами мурожаатларнинг 44,3 % хотин-қизларга, 55,7 % эркакларга тўғри келади.
Омбудсман ва унинг Котибияти ходимлари томонидан республика бўйлаб 75 маротаба сайёр қабуллар ташкил этилди.
Энг кўп мурожаатлар Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридан келиб тушган бўлса, энг кам мурожаатлар Навоий, Сирдарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасига тўғри келади.
Ҳисобот даврида Омбудсман томонидан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан давлат ташкилотлари ёки мансабдор шахсларга 103 та таъсир чоралари шаклидаги ҳужжатлар киритилди.
Омбудсман томонидан фуқароларнинг мурожаатлари асосида ундирилган ҳамда ундириш белгиланган жами маблағлар 2 млрд 414 млн сўмдан ортиқни ташкил этди. Шундан, 1 млрд 61 млн сўми фуқароларнинг иш ҳақи ва меҳнат муносабатларига оид.
Фуқароларнинг қарздорлиги, соғлиғига етказилган зарарлар, моддий ва маънавий зарарлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар оқибатида юзага келган ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ мурожаатлар ўрганилиши натижасида жами 770 млн. 275 минг сўмдан ортиқ маблағлар фуқаролар фойдасига ундирилди.
Омбудсман сўровига асосан, хотин-қизларнинг вояга етмаган фарзандлари таъминоти учун 286 млн 477 минг сўмдан ортиқ алимент тўловлари ундирилиши таъминланди. Алимент тўлашдан бош тортган 8 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган, 5 та ҳолатда эса жиноят иши қўзғатилган.
Шунингдек, 18,4 млн сўм миқдорида коммунал қарздорликнинг сўндирилишида, 51 млн сўмлик турли жарималарнинг бекор қилинишида кўмаклашилди.
5 нафар фуқаро турар жойга нисбатан хусусийлаштириш иштирокчилари деб топилди. 2 нафар мурожаатчининг мулкига ва банк картасига қўйилган тақиқ ечилди.
Бундан ташқари, 1 та ҳолатда суд қарори ижроси таъминлаши оқибатида ер участкаси дастлабки ҳолатига қайтарилиши таъминланди ҳамда Омбудсман сўрови натижасида Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ўзбошимчалик билан қурилган қурилмаларни олдинги ҳолатига қайтарилиши юзасидан судга даъво ариза киритилди.
Шунингдек, фуқаролар мурожаатига асосан 2 та ноқонуний қурилиш ишлари тўхтатилиши таъминланди.
50 нафарга яқин фуқаронинг иш жойи сақланиб қолинди ва ишга тикланди, 5 нафар фуқаро бандлигига кўмаклашилди.
Омбудсман тақдимномасига кўра, Меҳнат қонунчилигини бузганлиги сабабли 7 нафар масъул эгаллаб турган лавозимидан озод этилган, 4 нафари маъмурий жавобгарликка тортилган, 9 нафарига эса “ҳайфсан” берилган. 5 та ҳолатда иш берувчининг ходимга нисбатан ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари бартараф этилди.
Омбудсманнинг сўровига асосан Давлат меҳнат инспекцияси томонидан судларга ишга тиклаш ва иш ҳақини ундириш юзасидан 5 та даъво ариза киритилди.
5 та ҳолатда фуқароларнинг пенсия олиш ҳуқуқи таъминланди, 3 нафар аёлга бола пуллари тайинланди.
5 нафар ногиронлиги бўлган шахсларнинг ногиронликни белгилаш ва ижтимоий ёрдам олиш бўйича мурожаатлари ижобий ҳал қилинди. 13 нафар фуқаро “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилди.
Соғлиқни сақлаш йўналишида – 20 нафар фуқарога тиббий кўрикдан ўтиш ва даволаниш учун йўлланма берилиши, фуқароларнинг даволанишлари учун 70,3 млн сўм миқдорида моддий ёрдам ажратилишида кўмаклашилди.
6 та ҳолатда жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида Ички ишлар бўлимлари терговчилари томонидан қабул қилинган қарорлар прокуратура органлари томонидан бекор қилиниб, қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказиш учун юборилган.
Омбудсман хулосасига кўра, 2 та ҳолатда оилавий (маиший) зўравонлик ҳамда эҳтиётсизлик орқасида баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказиш бўйича жиноят иш қўзғатилди.
Омбудсман сўровига мувофиқ, 5 нафар фуқаро МЖтКнинг 41 ва 52-моддалари ҳамда 1981-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилди.
1 нафар фуқарога нисбатан ЖКнинг 169-моддаси 1-қисми билан қўзғатилган иш тугатилган. Яна бир ҳолатда фуқаронинг ЖКнинг 246-моддаси билан малакаланган ҳаракатларига нисбатан биринчи инстанция суди қабул қилган суд ҳукми, тафтиш инстанцияси судининг ажрими билан жавобгарликдан озод этилган.
Омбудсман томонидан фуқароларнинг мурожаатлари асосида прокуратура органларига қилинган сўровларга кўра, давлат ташкилотларида ишловчи 3 нафар масъулга ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. 28 нафарига интизомий жазо чоралари қўлланилган, шундан 7 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган, 4 нафари маъмурий жавобгарликка тортилган.
Шунингдек, Омбудсман сўровига мувофиқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг 3 нафарига ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди, 10 нафар масъул ўз вазифасини лозим даражада бажармаганлиги учун интизомий жавобгарликка тортилди ва 3 нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Экологик ҳуқуқ бўйича келиб тушган мурожаатларни ўрганиш давомида 2 та ҳолатда ҳуқуқбузарлар МЖтКнинг 109-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий жавобгарликка тортилган.
Кейинги брифингда Омбудсманнинг Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича фаолият натижалари ҳақида маълумот берамиз.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати