АҚШ Шимолий Кореянинг Украинага қарши урушга киришини тўхтатиш учун Хитой билан музокараларни бошлади
Америка раҳбарияти Шимолий Корея ҳарбийларининг Украинадаги жанговар ҳаракатлардаги иштирокига таъсир ўтказиш мақсадида Хитой билан фаол музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда АҚШ расмийларидаги манбаларга таяниб, New York Times ёзади. Музокаралар фактини АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен тасдиқлади.
29 октябрь, сешанба куни америкалик юқори мартабали амалдорлар Вашингтонда хитойлик дипломатлар билан музокаралар ўтказди, дея хабар берган нашрга манба. Қўшма Штатлар Хитойдан ҳеч бўлмаганда Ким Чен Инга хабар етказишини ва максимал даражада Шимолий Корея қўшинларини фронтга жойлаштиришни чеклаши ёки тўхтата олишини кутмоқда.
АҚШ ҳукуматининг фикрича, Хитой КХДР ва Россия ўртасидаги иттифоқнинг тез мустаҳкамланиб бораётганидан норози, бунинг натижасида у Пхеньян устидан ўз таъсирини йўқотмоқда. Бундан ташқари, Хитой Тайван ва Корея яриморолидаги вазиятга Европанинг ортиқча эътиборини қаратишини истамайди, дейди New York Times газетасига интервью берган таҳлилчилар.
АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан АҚШнинг барча департаментларини хитойлик ҳамкасбларини юзага келиши мумкин бўлган оқибатлар ҳақида огоҳлантиришга чақирди, дейди АҚШ расмийларидан бири New York Times нашрига.
Пентагон маълумотларига кўра, Шимолий Корея Россияга 10 мингга яқин ҳарбий хизматчини жўнатган, улар ҳозир тайёргарликдан ўтмоқда ва “бир неча ҳафта ичида” Украинага қарши урушга жўнатилади. Россиядаги КХДР контингенти Жанубий Кореяга бостириб киришга тайёргарлик кўраётган элита бўрон корпусини ўз ичига олади.
Бир кун аввал Украинанинг БМТдаги доимий вакили Россияда Шимолий Кореянинг 500 га яқин зобити ва уч генерали борлигини айтганди. Улардан бири КХДР бўлинмаларига қўмондонлик қилади, деб хабар беради Жанубий Корея разведкаси.