ТДИУда «Aёл, бизнес ва инновация” форуми ўтказилди

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида 11 февраль – Илм-фан соҳасидаги аёллар ва қизлар халқаро куни муносабати билан “Aёл, бизнес ва инновация” номли халқаро форум бўлиб ўтди. Унда Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, ТДИУ ректори Тўлқин  Тешабоев, БМТ Aёллар дастурининг Ўзбекистондаги менежери Серен Гювен Гюрес, олима аёллар, илм йўлида изланаётган талаба-қизлар, тадбиркор аёллар иштирок этди.

Тадбир иқтидорли талаба-қизларнинг илмий-инновацион лойиҳалари кўргазмаси билан бошланди.

Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Маҳкамова “Ўзбекистонда хотин-қизлар учун имконият, имтиёз ва ташаббуслар” мавзусида маъруза қилди.

   

Унда таъкидланганидек, сўнгги етти йилда 5 минг 247 нафар аёлларимиз фан доктори ва ўз соҳалари бўйича фалсафа доктори илмий даражасини олган. Ҳозирги кунда илм-фан соҳасида жами 5 минг нафарга яқин олима аёлларимиз фаолият кўрсатмоқда. Олийгоҳларда эса 14 минг нафардан зиёд опа-сингилларимиз илмий педагогик фаолиятини олиб бормоқда.

Ҳар йили базавий докторантурага қабул қилинадиган қизлар учун қўшимча 300 ўрин ажратилади.

Олиб борилаётган изчил чора-тадбирлар натижасида олимларимиз умумий сонининг 48 фоизини аёллар ташкил этади. Бироқ, уларнинг илмий лойиҳалар раҳбари сифатидаги иштирокини фаоллаштириш ва кучайтириш бугун долзарб аҳамият касб этмоқда.

Маъруза сўнгида Ўзбекистонда изчил амалга ошириб келинаётган ёшларга оид давлат сиёсати доирасида қизларнинг жамиятдаги ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ёшлар ўртасида ҳамкорлик ва ташаббускорлик муҳитини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларни тарғиб этиш, янада кучайтириш зарурлигига жиддий эътибор қаратилди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: