Ўзбекистонда шахсни рухсатсиз тасвирга олиш қонунан тақиқланиши белгиланмоқда

Ўзбекистонда шахсни рухсатсиз тасвирга олиш қонунан тақиқланиши белгиланмоқда

Адлия вазирлиги шахсларнинг тасвирга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадида қонунчиликка ўзгартиришлар киритишни таклиф қилмоқда. Ушбу лойиҳа жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилган.

Таклиф этилаётган қонунга кўра, Фуқаролик, Меҳнат ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга қўшимчалар киритилиши кўзда тутилган. Жумладан, Фуқаролик кодексининг 100-1-моддаси билан шахсни тасвирга олиш ва ундан фойдаланиш фақат ўзи ёки вояга етмаганлар ҳолатида ота-онаси розилиги билан амалга оширилиши шарт бўлиши мумкин.

Тасвирдан фойдаланиш деганда, уни ошкор қилиш, тарқатиш, сақлаш, қайта ишлаш ёки чоп этиш тушунилади.

Розиликсиз тасвирга олиш мумкин бўлган ҳолатлар:

 

– тўй ёки бошқа оммавий тадбирларда умумий жараённи тасвирга олишга;

– ноқонуний ҳаракатларни тасвирга олишга;

– хизмат вазифасини бажараётган давлат хизматчиларини тасвирга олишга;

– тасвир шахс томонидан ҳамма фойдалана оладиган қилинган бўлса;

– тасвирдаги шахсга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда қидирув эълон қилишда;

– шахснинг ҳақ эвазига туширилган тасвиридан ушбу тасвирни олишдан кўзланган мақсадда фойдаланилганда;

– хавфсизликни таъминлаш мақсадида видеокузатув тизимлари орқали шахсларни тасвирга олишга (огоҳлантирувчи белгилар ўрнатилиши шарт).

Шахсий дахлсизликни бузиш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин. Агар рухсациз тасвирга олиш махфий техник воситалар орқали амалга оширилса, 3,75 миллион сўмдан 15 миллион сўмгача жарима қўлланиши мумкин.

Қонун лойиҳаси муҳокамаси 28 мартгача давом этади. Шахснинг рухсатисиз расмларидан фойдаланишни тақиқлаш 2020 йилда ҳам таклиф этилган эди, аммо амалиётга жорий этилмаган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: