Ботир Қодиров катта сумма тўлайди!

Ботир Қодиров катта сумма тўлайди!

Хонанда «Давлатинг борида», «Омонат» ва «Тингла дўстим» номли қўшиқларидан ҳар қандай тарзда фойдаланишни дарҳол тўхтатиш (қатъий тақиқлаш) мажбурияти юклатилди.

Хонанда Ботир Қодиров муаллифлик ҳуқуқини бузганлиги учун шоир Шамсиддин Садоийга жами 132 миллион сўм миқдорида товон пули ва маънавий зарар тўлайди.

Бу ҳақда Адлия вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Маълум қилинишича, шу йилнинг июнь ойида шоир Шамсиддин Тўраев томонидан фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судига муаллифлик ҳуқуқлари бузилишига чек қўйиш, яъни муаллифлик ҳуқуқи бузилиши оқибатида етказилган маънавий зарар ва товон пули (компенсация) ундириш тўғрисидаги даъво аризаси киритилган.

Мазкур даъво аризаси бўйича фуқаролик иши кўриб чиқилиб, суднинг ҳал қилув қарорига асосан жавобгар Ботир Қодировдан даъвогар Тўраев Шамсиддин Хўжаевичнинг фойдасига БҲМнинг 300 баробари яъни 112.500.000 сўм миқдорида товон пули ҳамда 20.000.000 сўм маънавий зарар ундирилиши белгиланди.

Шунингдек, жавобгар Ботир Қодиров зиммасига даъвогар Шамсиддин Тўраевга муаллифлигидаги «Давлатинг борида», «Омонат» ва «Тингла дўстим» номли қўшиқлар ижросини эфирга узатиш, барча ижтимоий тармоқларга жойлаштириш, Ўзбекистон Республикасидаги барча давлат ва нодавлат телерадиоканалларда, ижтимоий тармоқлар ва бошқа платформаларда ҳар қандай тарзда фойдаланишни дарҳол тўхтатиш (қатъий тақиқлаш) мажбурияти юклатилди.

Маълумот учун, қонунчиликка мувофиқ муаллиф ҳуқуқбузардан зарар қопланиши ўрнига базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 1000 бараваригача миқдорда товон тўлашини талаб қилишга ҳақли ҳисобланади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: