Нуриддин Исмоилов асари: “Тасқара” (24-қисм)

— Ўчир овозингни! — деди унга онаси. — Ҳозирча деяпман!..
— Ҳозирчаяммас…
— Эй-й, — деб кулди Фарҳод, — маймун билан ўйнаб ётасан!..
— Ана, Ҳусан акамларникига борсин! Фарҳод билан туради.
Нормуроднинг гапидан сўнг бирдан Фарҳод Ҳасанга қаради.
— Бўлди қил ҳамманг! Зиёда, уни меҳмонхонага киргиз! Кейин сўрининг тагига жой қил, акам билан бир отамлашайлик. Бўл тез!..
Иброҳим ўзини бутунлай бошқа дунёга тушиб қолгандай ҳис қила бошлаган эди. Сайфулла эшоннинг уйида биров овозини баландлатиб гапирмайди. Бу ерда эса бақирмаса, ҳеч ким бировнинг гапини тушунмайди…
У бўйнидан биров арқон боғлаб судрагандай оёқларини зўрға кўтариб уйга кирди. Меҳмонхона деганлари — айвонга кирганингда тўғридаги хона экан… Меҳмонхона зах эди. Анчадан бери бу ерга ҳеч ким кирмаганди. Ҳатто чироғи ёқилмаганди. Биринчи бўлиб Иброҳим ёқди. Ҳа, акаси топганини кўчага сарфлайдиганлардан эмас эди… Деворларга гулқоғозларнинг ялтироқлари ёпиштирилган. Уй тўрига сўнгги русумдаги шкаф қўйилган. Шифтда атиргулни эслатадиган қандил осилиб турибди. Оёқ остида чўғдай гилам. Ўртада ўн кишилик стол-стул… Уларнинг барига совуқ назар ташлаган Иброҳим шкафда турган ароқларни кўриб қолди. Кўргани заҳоти уйдан чиқди.
— Ака, ошхонанинг ёнидаги томчада тураман! — деди.
Акалар унга қарашди.
— Мен ҳам сени меҳмонхонада туради, деяётганим йўқ. Кийимларингни алмаштир, дегандим, — дея кулди Ҳасан.
— Ўзи устозимникида шу кийимда юрардим.
— Ў-ў! Зўр-ку! Бўлмаса, бор, ҳов ана ошхона. Шунинг ёнидаги эшиги қийшиқ томчага кир!..
— Хўп, — деди Иброҳим итоаткорлик билан ва югуриб кетди.
Арслон эса бошини сарак-сарак қилди. Сўнг ёнида ўтирган укасининг елкасига қоқди.
— Томчангда ҳеч бўлмаса пол борми? — деб сўради.
— Ака, бор. Энди у ерга нарсалар қўйилади-да: ўроқ-пўроқ…
— Омборхона, — деб ёстиқни олди Арслон.
— Ҳа, омборхона.
— Лекин у нега уйингдан югуриб чиқди?
— Билмайман, ака.
— Қизиқ. Ҳаммамиз битта ота-онадан туғилган болалармиз. Лекин ҳаммамиз ҳар хилмиз. Бўпти, каллам ачиб кетди. Хотинингга айт, тезлаштирсин. Ҳали қиладиган ишларим кўп!
— Хўп, ҳозир, — дея Ҳасан ошхона томонга бўйнини чўзиб қаради-да: — Зиёда! Зиёда! — дея бақирди.
Унинг овози ҳавога сингиб кетишга улгурмай, хотини кўриниш берди.
— Тезлат. Иккита помидорни тўғраб кел!..
— Қиляпман, — деди хотини.
Ҳасаннинг ўзи меҳмонхонага кириб, шкафдаги ичимликлардан бирини олиб ташқарига чиқди ва акасига мақтанди.
— Ака, тозаси! Олдинги сафар Россияга борганимда олиб келганман! Шу пайтгача тегинмай келаётгандим. Акам, сизнинг обрўйингиз бор. Сизни жуда қаттиқ ҳурмат қиламан. Сизга насиб этган экан! — дея мақтанди.
— Менга қара, — деди Арслон укаси келиб ёнига ўтирганидан сўнг, — бунинг фақат биттами?!
— Учта. Мана, яна Россияга кетяпман. Ҳеч бўлмаса, биттасини думалатиб ташлайлик…
Арслон шишанинг ёрлиғидаги ёзувни диққат билан ўқиркан:
— Ҳозир Россияда ҳам қўлболаси кўпайиб кетган, — деди.
— Ҳа, кўпайган. Лекин буниси тоза. Мен ишлаган жойнинг хўжайини шахсан ўзи заводдан олиб келиб берган. Қисталоқнинг ўзи ҳам фақат шунақасидан ичарди.
— Бўпти, қуй, кўрамиз ҳозир!..
Икки акаси кайф қилиш билан овора бўлаётган маҳал Иброҳим омборхонани тозалашга тушиб кетди. Қопларда турган донларни амаллаб бир томонга судраб ўтказди. Кетмон, ўроқ, бел, болға… — шуларга ўхшаган анжомларни бир томонга териб қўйди. Кейин томчадан чиқиб, ошхонага кирди.
— Янга, — деди гўшт қовураётган Зиёдага.
Зиёданинг кўзлари тутундан ачишган эди. Чунки ўчоқ шу ерда. Газ деган нарса умуман йўқ. Ўтин ёқади ўчоқнинг тагига.
— Нима дейсан? — дея кўзларини ишқалади Зиёда.
— Битта супурги билан эски бўлсаям гиламча берсангиз…
— Супурги ҳовлида ётибди. Гиламчани кейин ўзим бераман. Менга қара, сен акаларинг билан маишат қилмайсанми?
— Йўқ, — деди Иброҳим бошини эгиб.
— Акаларинг ёмон зўр-да. Уларга бегонанинг кераги йўқ. Иккитаси бир бўлса, улфатчиликни бошлаб юборишади.
Иброҳим индамади. Ошхонадан чиқди.
Шу куни Зиёда, одатда, остонага тўшаб қўйиладиган, пойабзални ечгандан кейин оёқ артиладиган гиламчани берди. Кейин сахийлиги тутиб, учта кўрпача берди. «Шунда ётиб турасан», деди.
Иброҳимга ортиқ ҳеч нарса керакмас эди. Сайфулла эшоннинг уйида кўп иззат кўрган ва шу иззатларга кўникиб ҳам қолганди. Ҳозир бу ерда ўша иззатларнинг мутлақо тескариси бўлаётган эди. Лекин у шунга рози бўлди. «Агар яхши ишласам, менга ҳам яхши нарсаларни беришади», деб умид қилди…
Иброҳим кечки овқатни шу томчада еди. Зиёданинг сўзларига қараганда, болалари у билан бирга битта дастурхон атрофида ўтиришни исташмабди.
Иброҳим хафа бўлганини билдирмади. Ярим коса маставани ичди… Аммо унга энг яхши томони, чироқ бор. У нима иш қилаётгани билан бировнинг иши йўқ. У маза қилиб Қуръон ўқиди. Шу ўтиришида тўрт пора ўқиди. Чунки ёддан билади. Ўқиш осон. Яна ўқир эди, бироқ эртанги куннинг режасини тузиб қўймаганди. Аниқроғи, эртага нима қилишни у билмасди. Шунинг учун ҳам хуфтон намозини ўқиб бўлганидан кейин тўшакка ётди.
Одати бўйича бомдод намози вақтидан бир соатча аввал уйғонди. Таҳорат қилиб келди. Икки кунлик нафл намозини, сўнг бомдодни ўқиди. Ундан кейин то кун чиққунича зикр қилиб ўтирди. Қуёш бир терак бўйи кўтарилганидан сўнг Қуръон ўқишга тушди. Токи ташқарида акасининг овози эшитилгунча… Сайфулла эшоннинг уйида икки пора ўқимагунча жойидан қимирламасди. Бундай тартибни устози ўргатган эди. Ўша тартибнинг сўнгги қисми Ҳасаннинг овози эшитилиши билан бузилди.
У ташқарига чиқди. Акаси энди уйғонган, ҳозиргина юзини ювган эди. Хотини сочиқ олиб келишини кутиб турарди.
— Янги кошона қалай? — дея тиржайди Иброҳимнинг саломига алик ҳам олмай.
— Яхши, — деди Иброҳим.
— Сенга ёқиб қолганга ўхшайди.
— Фақат эшиги қийшиқ экан. Қишгача тўғрилаб қўйиш керак.
— Энди, укам, у ёғини ўзинг тўғрилаб оласан. Қўлингдан келади-ку, тўғрими? Йигирма кило келадиган яшикни бемалол кўтарадиган болага битта қийшиқ эшикни тўғрилаш нима бўлибди? Менга қара, сенга айтадиган гаплар бор. Тез ювиниб кел.
— Мен ювинганман, ака.
— Йўғ-э, қачон?
— Анча бўлди.
— Ҳа, эшон ўргатиб қўйган-да. Лекин, қара, жиянинг сендан катта бўлсаям, ҳали ухлаб ётибди. Бўпти, юр сўрининг тагига…
Зиёда ака-укалар дастурхонини йиғиштириб олган эди. Бироқ иккита бўшаган шиша қолганди.
Ҳасан шишаларни кўрганидан кейин бирров уларга тикилиб қолди. «Ёмон зўр, тозаси экан. Умуман бошни оғритмади. Кеча роса ҳотамтойлигим тутиб кетди. Акам «битта камлик қилди», деса, шартта иккинчисиниям олиб чиқибман. Шу ишни бекор қилдим. Йўқ, деганимда, кейинроқ ўзим майдалаб юрардим. Аслида, бошида қовун тушириб қўйдим. Оғзим кўпириб, «бундан учта» дебман. Лекин акам ҳам роса мақтади. «Яқин йилларда бунақасини ичмаганман», деди. Лекин битта чатоқ томони: мен Россияга кетганимдан кейин сўраб келади. Зиёданинг кўнгли бўш: бериб юборади. Шуни кетишимдан олдин хотинимга тайинлашим керак. «Укангизнинг битта жўраси келганди, шу билан бирга ичиб қўйибди», десин», дея кўнглидан ўтказди ҳамда ютиниб қўйди-да, кўрпачага ўтириб, шу заҳоти ёнбошлади. Сўнг Иброҳимга қараб:
— Ўтир, — деди.
Иброҳимнинг бу ерга ўтиргиси йўқ эди. Чунки ҳали-ҳамон бу ердан ароқ ҳиди анқирди. Аммо ўтирмасликнинг ҳам иложи йўқ эди.
— Эртага… — дея бошини қашлади Ҳасан, сўнг бўйнини ошхонага томонга чўзиб бақирди, — хотин, сув олиб кел!..
Кейин Иброҳимга:
— Бор, ўзинг олиб кел. Янганг бир соатдаям келмайди, — деди.
Сув жуда узоқда эмас. Тўрт қадам нарида челакда турибди. Ёнида сув оладиган идиш ҳам бор. Уни челакка тиқса, олам гулистон…
Идишга камида икки литр сув кетади. Ҳасан қулқуллатиб унинг ярмини ичди. Сўнг Иброҳимга юзланиб:
— Ёмон ичим куйди. Кечаям кўпайиб кетибди-да, — дея иржайди, кейин гапини мутлақо бошқа мавзуда давом эттирди. — Бугун пешиндан кейин мен Россияга кетаман. Чиптам бор. Самолёт соат саккизда. Сенлар уйда янганг бош бўлиб қоласанлар. Энди сенинг вазифанг — саҳарлабдан молларнинг тагини тозалаб, емишини бериш. Ана ундан кейин янганг нима иш буюрса, қилиш. Нормуроднинг ёши катта бўлгани билан жуссаси сеникидан кичкина. Ундан кейин эринчоқ. Агар унга ишонадиган бўлсам, ҳамма иш янгангга қолиб кетади. Шунинг учун ўзинг ёрдамчилик қиласан. Яна битта гапни қулоғингга қуйиб ол. Кўчага чиқма. Бегоналарнинг кўзига кўринма. Агар кўринсанг, ҳамма устингдан кулади. Фақат сенимас, бизниям устимиздан кулишади. Тушундингми?!
Иброҳим индамади. Бошини эгиб, тишини тишига босди.
(Асардан парча тугади. Унинг давомини «Ҳордиқ плюс» газетаси саҳифаларида ўқишингиз мумкин)
Эслатма: Ушбу асардан парча «Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди.
Айни пайтда «Ҳордиқ плюс» газетасида ёзувчи Нуриддин Исмоиловнинг «Тасқара» номли асари сонма-сон чоп этилмоқда.