“Тилда, фикрда, ишда бирлик! Турк дунёси адабиёти мукофоти” тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ўзбек шоири Миразиз Аъзам ушбу мукофот билан тақдирланди

Жорий йилнинг 26 сентябрь куни Туркиянинг Анқара шаҳрида “Тилда, фикрда, ишда бирлик! Турк дунёси адабиёти мукофоти” тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Табир ТДТ ва Турк тили жамияти ҳамкорлигида Отатурк номидаги Маданият, тил ва тарих олий муассасасининг Билкент кампусида ўтказилди ва унда Туркия Маданият ва туризм вазири ўринбосари Нодир Алпаслан, Отатурк номидаги Маданият, тил ва тарих олий муассасаси раҳбари, профессор Деря Ўрс ва Турк тили жамияти раиси, профессор Усмон Мерт иштирок этди. Ушбу тадбир турк дунёсини адабиёт орқали яқинлаштириш мақсадида тўрт йилдан бери ўтказиб келинади. Бу йилги совринлар болалар адабиёти йўналишида ижод қилаётган ижодкорларга тақдим этилди. Мукофот соҳиблари орасида ўзбекистонлик шоир Миразиз Аъзам ҳам ўрин олган.
Туркия Маданият ва туризм вазири ўринбосари Нодир Алпаслан ўз нутқида тил байрамининг 93 йиллиги нишонланаётганини эслатиб, тил энг буюк мерос ва қадрият эканлиги, турк дунёсининг ҳар бир аъзоси тил байрамларини улкан шодиёна ва тантана билан нишонлаши лозимлигини таъкидлайди.
“Туркий дунёнинг тарихий ва бадиий меросини мукофотларга айлантириб, турли қирраларини ёритиш — ТДТ ва Турк тили жамиятининг турк дунёсига беқиёс туҳфасидир”, деди Маданият ва туризм вазири ўринбосари Нодир Алпаслан.
Отатурк номидаги Маданият, тил ва тарих олий муассаси раҳбари, профессор Деря Ўрс ҳам тилнинг аҳамиятига тўхталди:
“Тил миллатимизнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ифодалайди. Тил миллатни миллат қиладиган энг муҳим унсурлардан биридир. Тил кечаги кунини бугунги кунга боғловчи улкан кўприкдир. Тилимизни, маданий бойлигимизни энг гўзал, энг соф, энг бой ҳолда фарзандларимизга етказиш бизнинг энг муҳим бурчимиз ҳисобланади”.
Турк тили жамияти раиси, профессор Усмон Мерт бу мукофот 2022 йилдан буён бериб келинаётгани ва у муштарак ўтмиш ҳамда келажакни мустаҳкамлашга қаратилган анъананинг бир бўлаги эканини таъкидлади:
“Турк дунёси адабиёти мукофоти тилларимизнинг жонли ва ранг-баранг бирлигини ифодалайди. Ишончим комилки, биз бу бирдамликни мустаҳкамлаганимиз сари турк дунёсининг овози жаҳон адабиётида янада баландроқ янграйди. Болалик йиллари тилнинг энг соф ва кучли илдиз отган даври эканлигини унутмайлик. Бола қанчалик ўз она тилида эртак ва масаллар ўқиб улғайса, эртага шунчалик ўзлиги ва ўз маданиятига содиқ авлод бўлиб етишади”.
Тадбирда Ўзбекистондан Миразиз Аъзам, Озарбойжондан профессор Заҳид Ҳалил, Қозоғистондан Сауле Досжан, Қирғизистондан профессор Сулейман Рисбаев, Шимолий Кипр турк республикасидан Ширин Зафарюлдузи Заимоға ўғли мукофот билан тақдирланди.