Украина Россиянинг нефт-газ объектларига зарбалар сони бўйича рекорд ўрнатди — Bloomberg 

Украина Россиянинг нефт-газ объектларига зарбалар сони бўйича рекорд ўрнатди — Bloomberg 

Нашрнинг ёзишича Украина шу йилнинг декабр ойида 2022 йилда кенг миқёсли уруш бошланганидан бери Россия энергетика инфратузилмасига энг кўп зарба берди.

Ҳисоб-китобларга кўра, бир ой ичида Россиянинг нефт-газ объектларига камида 24 та ҳужум амалга оширилган. Бу ойлик энг юқори кўрсаткич бўлиб, ноябр ойида қайд этилган 23 та ҳужумдан ошиб кетган. Декабр ойида 10 та нефтни қайта ишлаш заводи, 11 та денгиз инфратузилмаси объекти, иккита танкер ва йирик қувур тизимига зарбалар берилган.

Bloomberg’га кўра, бундай ҳужумлар халқаро санкциялар сабаб қийинчиликларга дуч келаётган Россиянинг нефт-газ экспортига босимни янада кучайтирмоқда. Россия ҳануз ташқи бозорга сезиларли ҳажмда нефт етказиб бераётган бўлса-да, урушни молиялаштиришнинг асосий манбаи ҳисобланган нефт-газ экспортидан даромадлари қисқариб бормоқда. Ҳукумат баҳосига кўра, жорий йилда бюджетдаги нефт-газ тушумлари улуши 23 фоизгача камайиши мумкин. Бу кузатувлар тарихидаги энг паст кўрсаткич ҳисобланади.

Декабр ойида Украина алоҳида эътиборни Россиянинг денгиздаги энергия инфратузилмасига қаратган. Декабр ойи давомида Каспий денгизидаги “Лукойл”нинг нефт-газ конларига, шунингдек, Таман ва Ростов портларига бир неча бор ҳужумлар уюштирилган. Украина Россиянинг “соя флоти”га қарши зарбаларни ҳам давом эттирган. Бундан ташқари, илк бор ҳаводан учириладиган Storm Shadow қанотли ракеталарини қўллаб, Новошахтинскдаги нефтни қайта ишлаш заводига зарба берган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: