Қурилиш компаниялари жаримага тортилди
Ўзбекистонда бир қатор қурилиш компаниялари реклама қонунчилигини бузгани учун жаримага тортилди. Рақобат қўмитаси маълумотига кўра, текширувлар давомида электрон рўйхатга киритилмаган ҳолда уй-жой мажмуалари реклама қилингани аниқланган.
Хусусан, «Humo Avenue», «Story Dom Siyob», «Aziya Makon City», «Aziza Credo Max», «Shoxsaroy Enter Group» ва «Qorasuv Avenue» компаниялари томонидан ушбу қоидабузарликларга йўл қўйилган.
Қўмитага кўра, мазкур компаниялар қурилиш объектларини ижтимоий тармоқларда фаол тарғиб қилган, аммо уларнинг лойиҳалари махсус электрон рўйхатга киритилмаган.
Амалдаги тартибга кўра, улуш киритиш асосида қурилиш учун маблағ жалб қилувчи қурувчилар махсус электрон рўйхатга киритилиши шарт. Бу талаб ПҚ-4732-сонли қарори билан тасдиқланган низомда белгиланган бўлиб, унга амал қилмаган ҳолда реклама бериш тақиқланади.
Шунингдек, «Реклама тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, тегишли рухсатномалар ва ҳужжатларсиз маҳсулот ёки хизматларни реклама қилишга йўл қўйилмайди.
Ўрганиш натижаларига кўра, қўмита махсус комиссияси томонидан ушбу компаниялар қонунбузар деб топилди. Уларга нисбатан белгиланган тартибда молиявий жарималар қўллаш бўйича қарор қабул қилинган.
