Жавоҳир Синдаровнинг онаси: ўғлим агар шу қизни яхши кўраман, деса, олиб берамиз (Видео)
Ўзбекистон шахмат оламида тарихий воқеалар кузатилмоқда. Мамлакатимизнинг энг иқтидорли ва ёш гроссмейстерларидан бири, 20 ёшли Жавоҳир Синдаров нафақат спортдаги улкан ютуқлари, балки ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалар марказида бўлиб турибди.
2026 йил 17 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига биноан, Жавоҳир Синдаров «Меҳнат shuҳрати» ордени билан тақдирланди. Бу юксак мукофот шахматчининг FIDE Номзодлар турниридаги феноменал иштироки учун берилди. Эслатиб ўтамиз, Синдаров мазкур турнирда муддатидан аввал ғалаба қозониб, кетма-кет 6 та ўйинда зафар қучиш орқали рекорд натижа қайд этди.
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Жавоҳир Синдаров ҳамда қозоғистонлик машҳур шахматчи, халқаро гроссмейстер Бибисара Ассаубаеванинг биргаликдаги суратлари кенг тарқалди. Бу ҳолат икки ёш юлдуз ўртасидаги муносабатлар ҳақида турли тахминларга сабаб бўлмоқда.
Жавоҳирнинг ўзи аёллар ўртасидаги Номзодлар турнирида Бибисарани фаол қўллаб-қувватлаётганини яширмаган бўлса-да, унинг яқинлари ва бобоси ҳозирча уларни фақат яқин дўстлик алоқалари боғлаб туришини таъкидлашмоқда.
Жамоатчиликнинг қизиқишини инобатга олган ҳолда, Жавоҳир Синдаровнинг онаси ушбу вазиятга илк бор самимий муносабат билдирди:
«Ўғлим агар шу қизни яхши кўраман, деса, олиб берамиз,» — деди чемпионнинг онаси.
Жавоҳир Синдаров яқинда Кипрда бўлиб ўтган нуфузли турнирда ҳам 10 очко билан мутлақ ғолибликни қўлга киритган эди. У бугунги кунда нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон шахмат рейтингида ҳам энг истиқболли ёш гроссмейстерлардан бири сифатида эътироф этилмоқда.
