Навоийда 8 ёшли ўқувчи инглиз тилидан B2 даражадаги миллий сертификатни қўлга киритди
Навоий шаҳрида 8 ёшли ўқувчи Муҳаммадали Юсупов инглиз тилидан B2 даражадаги миллий сертификатни қўлга киритди. Бу ҳақда Навоий вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси хабар берди.
Бу ёш жиҳатдан миллий сертификатни қўлга киритиш бўйича Ўзбекистондаги энг яхши натижалардан бири бўлди. 2025 йилнинг июнида республикада илк бор 2-синф ўқувчиси, 8 ёшли Козимбек Бахтиёров инглиз тилидан B2 даражали сертификатни қўлга киритганди. Ўша йилнинг ноябрида Андижонда 8 ёшли бола Муҳаммадюсуф Иброҳимжонов инглиз тилидан B2 даражали сертификатни олганди.
Инглиз тилидан B2 даражали сертификатни қўлга киритган кичик синф ўқувчилари
2026 йилда Навоий шаҳридаги 22-умумтаълим мактабининг 5-синф ўқувчиси Исломбек Мансуров, нодавлат мактабнинг 5-синф ўқувчиси Эргашева Ясмина, Учқудуқ туманидаги 7-мактабнинг 6-синф ўқувчиси Султонбек Остонакулов, Навбаҳор тумани ихтисослаштирилган мактабининг 6-синфида таҳсил олаётган уч нафар ўқувчи — Хондамир Хамидуллаев, Шоҳруҳ Ширалиев ва Улуғбек Асатиллоев инглиз тилидан B2 даражадаги миллий сертификатни қўлга киритди.
Қашқадарё вилоятида Чироқчи туманидаги 2-мактабнинг 5-синф ўқувчиси Мунаввар Нуралиева, Қамаши туманидаги 89-мактабнинг 7-синф ўқувчиси Умиджон Рўзимуродов, Қарши шаҳридаги 1-мактабнинг 7-синф ўқувчиси Руҳсора Ҳамзаева, Нишон туманидаги 3-умумтаълим мактабининг 6-синф ўқувчиси Маманазаров Камолиддин ҳам инглиз тилидан B2 даражага эга бўлди.
