Бен-Гвирга туғилган кунида “дорга осилган” торт совға қилинди
Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир 50 ёшга тўлиши муносабати билан рамзий маънодаги — “дорга осилган” шаклдаги тортлар қабул қилди. Бу ҳақда The Times of Israel хабар берди.
Нашрга кўра, тортлардан бири вазирга унинг рафиқаси томонидан тақдим этилган. Яна бир тортда эса Ғазо сектори ва Ғарбий Соҳил тасвирланган харита ҳамда унга қаратилган икки тўппонча акс эттирилган. Бу безаклар вазирнинг қурол қонунчилигини юмшатиш сиёсатига ишора сифатида баҳоланмоқда.
Хабарда айтилишича, мазкур совға жорий йил март ойида қабул қилинган террорчилар учун ўлим жазосини жорий этиш ҳақидаги баҳсли қонунга ҳам ишора қилади.
Тадбирда юқори лавозимли полиция амалдорлари иштирок этган. Бу ҳолат мухолифат томонидан танқид қилиниб, Бен-Гвир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ноқонуний таъсир кўрсатаётгани ҳақида иддаолар янграган.
Эслатиб ўтамиз, 30 март куни Кнессет терроризмда айбланган шахсларга нисбатан ўлим жазосини жорий этувчи қонунни қабул қилган. Қонунга кўра, ҳарбий судлар томонидан айбдор деб топилганлар 90 кун ичида қатл этилиши мумкин.
Мазкур ташаббус Бен-Гвир раҳбарлик қилаётган Яҳудий кучи томонидан илгари сурилган бўлиб, парламент аъзоларининг кўпчилиги томонидан қўллаб-қувватланган. Шу билан бирга, қонун мухолифат, қатор Европа Иттифоқи давлатлари ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Волькер Тюрк томонидан танқид қилинган.
