Махачев ўзбекистонлик Олимпиада чемпиони билан машғулот ўтказмоқда
Эркин кураш бўйича Олимпиада чемпионлари Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Разамбек Жамалов ва россиялик Аҳмед Тажудинов UFC ярим ўрта вазн тоифаси чемпиони Ислом Махачевнинг машғулот лагерида унга ёрдам бермоқда.
“Бу биринчи йиғин. Бу ерда катта жамоа йиғилган. Кураш бўйича Олимпиада чемпионлари Тажудинов ва Жамалов ҳам шу ерда», дея таъкидлаган Махачевнинг жамоадошларидан бири “ТАСС” агентлиги билан суҳбатда.
Маълумот учун, Махачев навбатдаги жангини июль ойида ирландиялик Иан Мачадо Гаррига қарши ўтказиши мумкин.
Ҳозирда 34 ёшда бўлган спортчининг ҳисобида аралаш яккакурашлар (MMA) бўйича 28 та ғалаба ва битта мағлубият мавжуд. Махачев ўзининг сўнгги жангида — UFC 322 турнирида австралиялик Жек Делла Маддаленани ҳакамларнинг якдил қарори билан мағлуб этган эди. Шу тариқа у ярим ўрта вазн камарини қўлга киритиб, иккинчи вазн тоифасида ҳам чемпионликни расмийлаштирди.
Эркин кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Разамбек Жамалов 2024-йилги Париж Олимпиадасида 74 кг вазн тоифасида олтин медални қўлга киритган.
