“Ишқ куйчиси” Имрон 36 ёшда

“Ишқ куйчиси” Имрон 36 ёшда

5 май куни ўзбек шоу-бизнесида “Ёмон қиз” хити билан танилган, мухлислари томонидан “ишқ куйчиси” дея эътироф этиладиган хонанда Имрон 36 ёшни қаршилади. Унинг ҳаёти, ижоди ва атрофидаги миш-мишлар ҳар доим жамоатчилик эътиборида.

Имрон, асл исми Ойбек Тўхтаев, 1990 йил 5 май куни Бухоро вилоятининг Когон туманида туғилган. У санъатга бўлган қизиқиши онасидан ўтганини таъкидлайди. Ёшлик йиллари осон кечмаган: у 11–12 ёшидаёқ оиласи билан бирга қурилишда ишлаб, турмушнинг оғир томонларини эрта ҳис қилган. Бу қийинчиликлар унинг характерини мустаҳкамлаб, келажакдаги муваффақиятлари учун пойдевор бўлган.

2008–2013 йилларда у Ўзбекистон давлат консерваториясининг эстрада санъати бўлимида таҳсил олди. Имрон санъат арбоби, профессор Дилором Омануллаева шогирди ҳисобланади. У 2008 йилдан бошлаб ижод билан жиддий шуғуллана бошлади ва бугунги кунга келиб ўнлаб қўшиқлар муаллифига айланди. Унинг репертуарида “Ёмон қиз”, “Кўрмасам бўлмас”, “Тўй бўлади”, “Хиёнат қилма” каби тароналар бор. Шунингдек, Юлдуз Усмонова билан ижро этган “Бухородан куёв қилинг” қўшиғи ҳам мухлислар томонидан яхши қабул қилинган.

Имроннинг оммалашувида 2019 йилда чиққан “Ёмон қиз” қўшиғи ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди. Мазкур тарона асли эронлик хонанда томонидан ижро этилган бўлиб, Имрон уни янги талқинда куйлаб, Истанбулда клип суратга олган. Шеър муаллифи Жўрабек Рамазонов бўлган бу қўшиқ айнан Имрон ижросида ҳақиқий хит даражасига етди ва уни кенг оммага танитди.

Хонанданинг ижодида актриса Дурдона Қурбонова билан ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади. Улар бир нечта клипларда бирга иштирок этиб, мухлислар орасида катта қизиқиш уйғотди. Кўпчилик уларни ҳаётда ҳам жуфтлик деб ўйлаган бўлса-да, ҳар иккиси бу муносабат фақат ижодий эканини таъкидлаб келади. Шунга қарамай, уларнинг дуэтлари ва саҳнадаги уйғунлиги мухлислар томонидан доим илиқ кутиб олинади.

Имрон 2021 йилда турмуш қурган. У рафиқаси билан илк бор жанозада танишганини айтган. Қиз ундан 12 ёш кичик бўлиб, хонанда уни икки ярим йил кутганидан сўнг уйланган. Оиласида икки фарзанд бор: 2022 йилда туғилган қизи Софиясултон ва 2025 йилда туғилган ўғли. Унинг сўзларига кўра, рафиқаси унинг ижодини тўлиқ тушунади ва доим қўллаб-қувватлайди.

Имрон тўйларда жонли ижро қилиши билан ҳам ажралиб туради. Унинг хизматлари талаб юқори бўлгани сабабли, бир кунда бир нечта тўйда иштирок этиши мумкин. У ҳамкасбларига бўлган ҳурматини амалда ҳам кўрсатиб, тўйларда иштирок этган санъаткорларга миннатдорчилик сифатида ҳақ тўлашини айтиб ўтган.

Бугунги кунда Имрон нафақат хит қўшиқлари, балки меҳнатсеварлиги ва самимийлиги билан ҳам мухлислар қалбидан жой олган. Унинг ҳаёт йўли қийинчиликлардан бошланиб, катта муваффақиятларга олиб келгани билан кўпчилик учун ибрат бўла олади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: