Биз аслида мана шунинг учун борганмиз!!!

Биз аслида мана шунинг учун борганмиз!!!

Бугунги дунёда биз яшашни унутдик. Биз фақат «кўрсатишни» ўргандик. Ҳатто энг муқаддас қадамжоларда, Оламлар Роббисининг уйи — Каъбатуллоҳ қаршисида турганимизда ҳам, қўлларимиз дуога эмас, чўнтакдаги телефонга югуради.

Тўхтанг! Шошилманг…

1. Каъба сизнинг «сторисингизга» муҳтож эмас

Сиз дунёнинг нариги чеккасидан Каъбани суратга олиб, инстаграмга юклаш учун келмадингиз. Сизни бу ерга суратлар эмас, соғинч ва гуноҳларнинг оғирлиги етаклаб келди. Каъба сизнинг видеоларингизсиз ҳам улуғ, у сизнинг «лайкларингизга» муҳтож эмас.

Аммо сизнинг чарчаган, дунё ғамларидан сиқилган, гуноҳлар юкидан эзилган руҳингиз ўша лаҳзаларга, ўша сукунатга, ўша илоҳий файзга сув ва ҳаводек муҳтож!

2. Экран ортидаги ибодат

Энг ачинарлиси нима биласизми? Инсон Масжидул Ҳарамга боради, Каъбанинг ёнида туради, лекин унга яна телефон экрани орқали қарайди. Кўзлари билан кўриб турганини линза орқали томоша қилади. Бу худди тирилиб келган отасини суратга олаётган фарзанднинг аҳмоқлигига ўхшайди.

Ҳолбуки, у ер — қалб йиғлайдиган, тил айланиб қолган гуноҳларни тан оладиган, дуолар чин дилдан, ҳеч қандай фильтрларсиз айтиладиган жойдир.

3. Телефонни бир четга қўйинг!

Ўша темир матоҳни чўнтагингизга солинг ёки бир чеккага қўйинг. Каъбатуллоҳга узоқ тикилиб туринг. Қалбингизда йиллар давомида йиғилиб қолган, ҳеч кимга айтолмаган, ҳатто ўзингизга ҳам тан ололмаган гапларингизни Аллоҳга айтинг.

У сизни эшитади. У сизни кўриб турибди. У сизни суратга олувчи камерадан кўра яхшироқ билади.

4. Кўз ёшларингиздан уялманг

Йиғлагингиз келяптими? Тўхтаманг, йиғланг! Бу кўз ёшлар инсонни тозалайди, енгиллатади. Баъзи дуолар борки, улар фақат Каъбатуллоҳ қаршисида, чин юракдан, овозсиз фарёд бўлиб чиқади. Бу лаҳзаларни видеога олиш — уларни ўлдириш билан баробар. Чунки энг самимий онлар фақат сиз ва Холиқингиз ўртасида бўлиши керак.

5. Ҳар бир сония — омонат

Ҳар бир лаҳза видео учун эмас. Шундай лаҳзалар борки, уларни фақат қалб ҳис қилиши керак. Худди ҳавони суратга олиб бўлмаганидек, Каъбадан келаётган файзни ҳам телефон хотирасига жойлаб бўлмайди. Уни фақат қалб хотирасига муҳрлаш мумкин.


Хулоса ўрнида: Эртага маҳшарда Аллоҳнинг ҳузурида турганингизда, У зот сиздан нечта видео олганингизни эмас, неча бор қалбингиз билан Унга юзланганингизни сўрайди.

Эй Аллоҳим, қилган ҳар бир ибодатимизда ниятларимизни холис қилгин. Бизни риёдан, кўз-кўз қилишдан ва «рақамли қулликдан» асра. Ўзингнинг байтинг қаршисида фақат Ўзингни соғиниб туришни насиб эт. Омийн.

Дўстларингизга ҳам юборинг: