Ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлаганлар давлатдан субсидия олади

Ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлаганлар давлатдан субсидия олади

 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва ссудалар ажратиш тартибини белгиловчи идоравий ҳужжат давлат рўйхатидан ўтказилди. Ҳужжат 2026-йил 7-май куни 3832-сон билан рўйхатга олинган.

Унга кўра, субсидиялар Жамғарма маблағлари ҳисобидан қуйидаги мақсадлар учун иш берувчиларга ажратилади:

 

🔹 бандлик бўлими йўлланмаси билан ишга қабул қилинган ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш харажатларини қоплаш учун — ҳар бир ходимга 6 ой давомида ҳар ой БҲМнинг 4 баравари миқдорида;

 

🔹 аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини белгиланган энг кам миқдордан ортиқ ишга қабул қилиш учун — ҳар бир ходимга 12 ой давомида ҳар ой БҲМнинг 2 баравари миқдорида;

 

🔹 иш ўринлари ва меҳнат шароитларини ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштириш учун — ҳар бир мослаштирилган иш жойига БҲМнинг 40 бараваригача;

 

🔹 жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга, мазкур шахс 3 ойдан ортиқ меҳнат фаолиятини давом эттирганидан сўнг — бир марталик БҲМнинг 3 баравари миқдорида.

 

➖Шунингдек, 2026-йил 1-июльдан 2028-йил 1-январга қадар қуйидаги субсидиялар ажратилади:

 

ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш таълими усталарига халқаро даражада тан олинган касбий таълим сертификатлари ҳамда миллий сертификатларни олиш учун сарфланган харажатларнинг 50 фоизи, бироқ БҲМнинг 20 бараваригача;

 

🔸 малакани баҳолаш марказларини ташкил этган тадбиркорлик субъектларига харид қилинган баҳолаш воситалари харажатларининг 30 фоизи, бироқ БҲМнинг 200 бараваридан ошмаган миқдорда.

 

➖Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган шахсларга уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида жиҳозлар, асбоб-ускуналар, меҳнат қуроллари ва хомашё харид қилиш, интернет хизматларига уланиш, шунингдек тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ёки кенгайтириш учун 3-йилгача, 6 ойлик имтиёзли давр билан БҲМнинг 75 бараваригача миқдорда фоизсиз ссуда ажратилади.

➖ Талабгорлар субсидия ва ссудаларни олиш учун my.gov.uz, «Ягона миллий меҳнат тизими» ҳамда «Онлайн маҳалла» электрон платформалари орқали мурожаат қилишлари мумкин.

 

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: