Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Эболанинг хавфли штамми бўйича фавқулодда ҳолат эълон қилди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Эболанинг хавфли штамми бўйича фавқулодда ҳолат эълон қилди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Африкада Эбола вируси тарқалиши муносабати билан фавқулодда ҳолат эълон қилди. Маълум қилинишича, бу аҳоли саломатлигига таҳдид даражаси бўйича иккинчи энг юқори босқич ҳисобланади.

DW нашрига кўра, вазият ҳозирча пандемия даражасига етмаган. Бироқ ташкилот вирус тарқалиши жиддий хавф туғдираётганини таъкидламоқда.

Эболанинг Бундибугё штамми Конго Демократик Республикаси ва Угандада тарқалган. Ҳозиргача ушбу вирус сабаб 88 киши вафот этган, 330 дан ортиқ касалланиш ҳолати қайд этилган.

ЖССТ ҳақиқий касалланганлар сони расмий рақамлардан кўпроқ бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Айниқса, ҳарбий можаролар кузатиладиган Итури вилоятида вазият мураккаблиги айтилмоқда.

КДР соғлиқни сақлаш вазири Самуэл Рожер Камбанинг билдиришича, бу штаммга қарши вакцина ёки махсус даволаш усули ҳозирча мавжуд эмас. Унинг айтишича, касалликда ўлим даражаси 50 фоизгача етиши мумкин.

Бу Конгода Эбола эпидемиясининг 17-тўлқини сифатида қайд этилмоқда. Аввалги авж олиш 2025 йил август ойида кузатилган ва ўшанда 34 киши вафот этган эди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: