VK Видео янги функциялар устида ишламоқда
VK Видео платформаси ўз интерфейсини янгилаш, сунъий интеллектга асосланган қидирув тизимини жорий этиш ва контентни шахсийлаштириш бўйича кенг кўламли янгиланишларга тайёргарлик кўрмоқда. Компания вакилларининг таъкидлашича, хизматнинг ойлик аудиторияси 83 миллион фойдаланувчидан ошиб кетган. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
VK компаниясининг медиа стратегияси бўйича катта вице-президенти Степан Ковалчук жамоа олдига YouTube платформаси ҳам келгусида нусха кўчирадиган оригинал функцияларни яратиш вазифасини қўйганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, VK Видео ғарбий рақобатчиларга нисбатан янги ечимларни тезроқ жорий этиш имкониятига эга.
Янги интерфейс минималистик ва қулайроқ бўлиб, фойдаланувчи диққатини тўлиқ видеога қаратишга хизмат қилади. Асосий янгиликлардан бири — сунъий интеллект ёрдамида ишлайдиган қидирув тизими бўлиб, у мураккаб сўровларни, масалан, кайфият ёки мавҳум тавсифларга кўра контент топишни тушунишга қодир.
Шунингдек, платформа VK экотизими билан интеграцияни кучайтирмоқда. Хусусан, VK Музика билан боғлиқ функция орқали видеолардаги трекларни автоматик аниқлаш ва уларни тўғридан-тўғри плейлистларга қўшиш имконияти яратилади. Ижтимоий функциялар доирасида эса дўстларнинг лайк босган видеоларини кўриш имконияти ҳам пайдо бўлади.
Статистик маълумотларга кўра, 2026-йил март ҳолатига кўра, VK Видео кунлик аудиторияси 41,9 миллион кишини ташкил этган. 2025-йилда платформа томонидан тақдим этилган Оригиналс контенти 41,8 миллиард дақиқадан ортиқ томоша қилинган.
