Илон Маск OpenAIʼга қарши машҳур даъво ишида ютқазди
Илон Маск OpenAIʼга қарши машҳур даъво ишида ютқазди.
Калифорния суди Илон Маскнинг OpenAI ва унинг бош директори Сем Алтманга қарши даъвосини рад этди, деб хабар беради BBC. Ҳакамлар ҳайъати ишни бир овоздан рад этди, чунки Маск даъво муддати тугаганидан кейин иш қўзғатган.
OpenAI иши билан боғлиқ бошқа даъволар (Microsoftʼга қарши) ҳам рад этилди.
Миллиардер компанияни ўзининг асл нотижорат ғоясидан воз кечганликда айблади. Маск сунъий интеллект технологиялари фойда учун эмас, балки «инсоният манфаати учун» ривожланишига умид қилиб, OpenAIʼга 38 миллион доллар сармоя киритганини даъво қилди.
Тадбиркорнинг таъкидлашича, Алтман OpenAIʼни тижорат лойиҳасига айлантириш орқали уни йўлдан оздирган. Бироқ, компаниянинг муваффақиятга эришишига унинг дастлабки молиялаштириши ёрдам берган.
Даъвода Microsoft бош директори Сатя Наделла ҳам тилга олинган (даъвогар уни схемада иштирок этганликда айблаган).
Маск 2018 йилда директорлар кенгашидан кетганидан сўнг, OpenAI Microsoft билан яқиндан ҳамкорлик қила бошлади ва катта инвестицияларни жалб қилди. Кейинчалик у миллиардлаб доллар даромад келтирган ChatGPTʼни чиқарди. Илон Маскнинг ҳисоб-китобларига кўра, OpenAIʼнинг бугунги қиймати 500 миллиард долларга етиши мумкин.
Маск охир-оқибат компаниядан 65 миллиард доллардан 109 миллиард долларгача, Микрософтдан эса 13 миллиард доллардан 25 миллиард долларгача компенсация талаб қилди.
OpenAI операцион моделдаги ўзгариш сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш учун маблағ жалб қилиш учун зарур эканлигини даъво қилди. Маскнинг ўзи ҳам бир вақтлар бу ғояни қўллаб-қувватлаган ва ҳатто келажакда компания устидан назоратни сақлаб қолишни хоҳлаган эди.
Уч ҳафта давомида ҳакамлар ҳайъати ички ёзишмаларни кўриб чиқди ва суд иштирокчиларининг кўрсатмаларини тинглади. Уларнинг қарор чиқариши учун икки соатча вақт кетди.
