«Мен тугатдим. Асбобларни санаб, тикинг»

«Мен тугатдим. Асбобларни санаб, тикинг»

У травматологияда хирург бўлиб ишларди. Тўғрироғи, навбатчиликда учта хирург бўлиши керак, лекин ўша куни биттасини зудлик билан бўлимга чақириб олишган, иккинчиси эса нимадандир заҳарланиб капельница олиш билан банд. Шунақа омадсиз кунларда барча ишга чиқмаган ҳамкасб хирургларни ўрнига одам беришни ваъда қилишганди, лекин… қандайдир тажрибасиз, ёш торакал (кўкрак қафаси) хирургини ёрдамга беришади. Шунгаям шукур қилиб ишни давом эттиради бечора хирургимиз.
Ўша куни аксига олиб бўлимда иш қайнагандан қайнайди: иккита йўл-транспорт ҳодисаси, пичоқбозлик ва баландликдан йиқилиш билан одамларни операция қилишга тўғри келади. Ҳар бири уч соат давом этган тўртта оғир полостной (қорин бўшлиғи) операцияси бўлади. Хирург дам олиш ёки тушлик қилиш уёқда турсин, кийим алмаштириш ва қўл ювиш оралиғида шошиб-пишиб бир финжон кофе ичишга зўрға улгуради.
Ўша куни сменани тугатиб, хирург худди транс ҳолатига яқин аҳволда кўчага чиқади. Биласиз-ку жуда чарчасангиз бунақа холатда— кўз кўрмайди, оёқ юрмайди, бош ишламайди. Фақат уйга бориб ухлаш керак бўлиб қолади. Лекин у аввал бирор кафега кириб, тамадди қилиб олишни режалаштиради.
Шошганидан ликопчадаги овқатни автомат тарзда паққос туширган (нимага буюртма берганди? Ўлдиришса ҳам эслай олмайди!) хирургни кафе хўжайини транс ҳолатидан чиқаради.
— Доктор, кунингиз жуда оғир ўтдими деймана? Операциялар кўп бўлдими? Мана бу юз грамм коньякни ичиб, озгина чарчоқни ёзинг, тушлик муассаса ҳисобидан, таксини ҳам чақириб қўйдим…
Хирург бирдан ўзига келади.
— Ҳа, тўғри, мен хирургман… кун ҳам жуда оғир бўлди… Лекин бу шунчалик сезилиб турибдими?—деб сўрайди
— Ҳа, доктор. Овқатланиб бўлгач, официант қизга: «Мен тугатдим. Асбобларни санаб, тикинг», дедингиз. Травматологиядансиз, тўғрими? Мен ҳам «Тез ёрдам»да олти йил ишлаганман, бунақаларни кўп кўрганман—депти ҳалиги муассаса раҳбари.
Шифокорлар! Кўпинча, меҳнатингизни қадрлашмайди, шифокорлар ҳақида бўлар бўмас гаплар ёзишади… Лекин, бир кун шифокор бўлиб ишлаб кўрган, ёки шу шифокорлар билан елкама елка туриб ҳизмат қилган одамлар бу касб эгаларини жуда яхши тушунадилар.
Зумрад Қундузова
Дўстларингизга ҳам юборинг: